“Адабиёт” атамаси тарихи

0
5795
марта кўрилган.

Изоҳли луғатга кўра, “адабиёт” сўзи ўзбек тилида уч хил маънода ишлатилади:

1 Бир халқнинг, даврнинг бадиий, илмий, фалсафий ва бош­қа асарлари мажмуи.

ХХ аср ўзбек бадиий адабиёти. Жаҳон адабиёти.

2 Санъатнинг сўз, тил воситасида бадиий образлар яратувчи тури; бадиий адабиёт.

Адабиёт назариясиАдабиёт ҳамиша ҳақиқат ва адолат байроғини баланд тутиб яшамоғи лозим.

Газетадан.

3 Муайян бир фан ёки соҳага, масалага оид асарлар, китоблар.

Сиёсий адабиёт. Техника адабиёти. Мавзу юзасидан тавсия этилган адабиёт рўйхати.

Бу сўзнинг юқорида кўрсатилган 2-маъноси тор, махсус маъносидир. У бадиий адабиётни англатади ва жонли тилда кўпинча шу маънода қўлланади.

Хўш, бу сўз айни шу мазмунни қачондан бери фаол ифодалай бошлаган? Таниқли олим ва адиб Иззат Султон “Адабиёт назарияси” китобида ёзишича, Ўрта Осиё ва Шарқ халқлари илм-фанида “адабиёт” сўзи ⅩⅩ бошларигача бадиий адабиёт ҳақидаги таълимот маъносида ишлатилган, бадиий сўз асарлари йиғиндиси “адабиёт” деб аталмаган.

“Муҳаммад Ғиёсиддин бинни Жалолиддин Ромпурий 1827 йилда Ҳиндистондп ёзиб тамомланган ва кейин Ўрта Осиёда ҳам кенг шуҳрат қозонган “Ғиёсул луғат” китобида “адабиёт деб бадиий сўз маҳорати ҳақидаги таълимотни тушунади ва унга шеър ёзиш қоидаларидан бошлаб араб тилининг сарфи (морфологияси) ҳамда наҳви (синтаксиси) гача бўлган кўп илмларни киргизади”, деб ёзади олим.

Хўш, адабиёт сўзига бугунги тушунчани ким юклади? У бадиий адабиёт маъносида кенг истеъмолга киришига ким сабабчи?

Бу атама тарихи жадидлар фаолияти билан боғлиқ. Улар ўша давр илғор илм-фанини ўзбек жамиятига олиб киришга ҳаракат қилдилар. Мана шу саъй-ҳаракатлар сабаб жуда кўп замонавий фанлар билан шуғулланиш бошланди, кўпдан-кўп атамалар ўзбекчалашди, тилимизда йўқ тушунчаларга янги номлар қўйилди. “Адабиёт” атамаси ҳам ана шу қатордан жой олди.

ⅩⅩ асрда кўп соҳаларда бизга кўприк вазифасини бажарган рус тилида ҳам “адабиёт” атамаси бу пайтлари амалда эмас эди. Олимнинг қайд этишича, “Россияда ⅩⅠⅩ асрда ҳам тор ва махсус маънодаги “литература” термини ўрнида “поэзия” термини ишлатилар, яъни фақат шеър билан ёзилган асарларгина эмас, балки умуман, бадиий сўз намуналари (шу жумладан, романлар ҳам) “поэзия” деб аталар эди”.

Жадидлар адабий асарларни жамлаб, битта сўз билан ифодалаш эҳтиёжини сездилар ва бунинг учун “адабиёт” сўзини танладилар. Биласиз, адабиёт арабча “адаб” – одоб сўзидан. Кишиларга яхши хулқ, ҳаётни англаш ва мулоҳаза қилишдан сабоқ берувчи асарларга айни шу ном муносиб кўрилди.

“ⅩⅩ аср бошларида баъзи ўзбек ёзувчилари (Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода ва бошқалар) бадиий сўз асарлари (шеърлар, масаллар, ҳикоялар) тўпламини “адабиёт” деб аташ зарурлигини сезганлар. Абдулла Авлонийнинг “Адабиёт. Миллий шеърлардан биринчи жуз” тўплами (1909 йилда Тошкентда босилиб чиққан) бу сўзнинг махсус, тор луғавий маъносини тайинлашда дастлабки интилишлардан бири бўлди”, деб ёзади Иззат Султон домла. Кейинчалик Мирмулла Шермуҳамедов, Абдураҳмон Саъдий, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний ва бошқаларнинг илмий ишлари, мақолалари сабаб “адабиёт” атамаси барқарорлашди.

Демак, бугун ижодкорлар, зиёлилар энг кўп ишлатиладиган “адабиёт” атамаси юз йил нари-берисидаги тарихга эга, холос. Бироқ бу ўзбек адабиётининг эмас, шунчаки атаманинг тарихи. Бунгача адабий тўпламларнинг “баёз”, “девон” каби ўз номлари бўлган. Аммо бу алоҳида бир тадқиқотча мавзуси.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.