Қофия нима?

0
3314
марта кўрилган.

Газета-журналларда ишлаб юрган пайтларим энг ёқимсиз машғулотлардан бири ғарибу ғурабо “шеър”ларни кўриб чиқиш эди. Баъзи муаллифлар тушунтирсангиз камчилигини англайди, тузатишга уринади, баъзилари эса адабиёт ҳақида етарли тасаввури йўқлиги сабабли тушунишга ҳам ожизлик қилади.

Шеърсифат нарсалар ёзиб юрган ёки ижодга энди қадам қўйган ёшларнинг битикларида энг кўзга ташаланадиган, оддий ўқувчи ҳам осон сезадиган камчилик – қофиядаги айблардир. Ижод билан шуғулланмоқчи бўлган киши қофия, вазн, туроқ каби шеърнинг шаклий қонун-қоидаларини билиб олиши керак. Қофиядаги камчиликлар шеърнинг мазмуни, сифати ва таъсир кучига путур етказиши мумкин. Умуман, бу борада билим-тасаввурга эга бўлиш ўқимишли киши учун фойдадан холи эмас.

Эски ўзбек тилининг энг улуғ тарғиботчиси, миллий адабиётимизнинг пири комили Алишер Навоийнинг туғилган куни арафасида адабиёт ҳақида билганларимни ёш ижодкорлар ва қизиққанлар учун соддароқ тилда тушунтиришни ният қилдим.

Айтганча, мен адабиёт деганда ҳазрат Навоийдан қолган, адаб доирасидаги асарларни тушунаман. Ахлоқсизлик аралашган асарларни адабиёт ҳисобламайман. Гарчи бундай битикларни валломат адабиётчилар улуғлаган, шарҳлаган бўлса ҳам. Адабиёт ҳақида гапирганда ҳам шу нуқтаи назардан фикр айтишим мумкин. Бу – шахсий танлов.

Демак, бошладик.

Замонавий тилшунослик ва адабиётшунослик асосчиларидан бири Абдурауф Фитрат қофиянинг шеърий мисралар безаги экани, мажбурий шарти эмаслигини айтади. Энг муҳими, шеър инсонни тўлқинлантириши, унда фикр ва таъсирланиш уйғота олиши керак, деб ҳисоблайди олим. Худди шундай. Агар шу талабга жавоб берса, қофиясиз ҳам у яхши шеър саналаверади. Бироқ бундай шеърлар жуда кам, уни чинакам шеър санъаткорларигина ёза олади. Биз биладиган шеърлар эса асосан қофияли, қофиясиз ёзилгани билан таъсирлантирувчи бўлиб қолмайди. Баъзида қофиянинг ўзи ҳам эстетик завқ, туйғу уйғотиши мумкин. Оддий сўзлашув тилида, мақолларда, рекламаларда ҳам кўпинча қофияли жумлалар ишлатилади. Чунки қофияли гап тез эсда қолади, оҳангдорлиги билан эътиборни тортади.

Мумтоз адабиётга қофияга алоҳида эътибор қаратилган, ҳатто бу мавзуга бағишланган “Илми қофия” соҳаси шаклланган. Бу бўйича китоблар ёзилган, асарлардан алоҳида боблар ажратилган.

Шеърдаги қофия мисралар охирида сўз, қўшимча, баъзан эса сўз бирикмаларининг оҳангдош бўлиб келишидир. Бунда товуш ёки бир неча товушларнинг  оҳангдошлиги қофияни ҳосил қилади. Масалан, кезди-сезди, сузук-узук, юрак-тилак каби.

Насрий асарлар ва мақолларда оҳангдош сўзларни кетма-кет қўллаш саж деб аталади.

Қофияни ундош товушлар ва чўзиқ унлилар (о, у) ясайди. Масалан, бироқ ва фироқ қофиядош, лекин замин ва шамол қофиядош эмас. Чунки биринчи жуфтлик бир хил ундошга (қ) тугаяпти, иккинчи жуфтликда эса сўнгги ундошлар (н, л) турлича. Сабо ва даво қофиядош, тилла ва коса қофиядош эмас. Биринчи жуфтликда чўзиқ унлилар (о) оҳангдошлик пайдо қила олган, иккинчи жуфтликда эса охирги товушлар (а) қисқа унли бўлгани сабабли оҳангдошлик юзага келмаган.

Охирги ундош ва унлилар тўла мос келса ва оҳангдошлик кучли бўлса, бу тўқ қофия бўлади. Бироқ ва фироқ тўқ қофия ҳосил қилади.

Лекин мажнун ва осмон оч қофияга эга. Гарчи улар бир хил ундош билан тугаган бўлса-да, ундошлардан олдинги унлилар ҳар хил, шу сабабли оҳангдошлик камайган. Дарс ва баҳс сўзлари ҳам шунга ўхшаш. Иккала сўз ҳам бир хил ундош билан тугаган, лекин улардан олдинги ундошлар турлича бўлгани сабабли оҳангдошлик пасайган.

Сўз охиридаги товуш ёки қўшимчалар фарқланадиган, лекин умумий оҳандошлик пайдо бўлган ўринларда ҳам оч қофия бор деб саналади. Масалан, яраладими-сараларини, дарчадан-барчага, ҳеч ким-кессин сўзлари ҳам қофиядошдир.

Шу ўринда бир нозик жиҳат бор. Қўшимчалар ҳам қофия ясашга хизмат қилади. Лекин уларнинг ёлғиз ўзи қофия ясай олмайди. Китоблар ва дафтарлар сўзи қофиядош эмас. Гарчи улар бир хил товуш билан тугаётган бўлса-да, қўшимчасиз қисми, яъни китоб ва дафтар сўзлари сўнгидаги ундошлар (б, р) фарқли. Шу боис бу ерда қофия йўқ.

Айни бир хил сўзлар ҳам қофиядош ҳисобланмайди. Масалан, учун-нечун, сўроқ-бесўроқ сўзлари қофиядош эмас. Чунки қўшимча қўшилган, ўзгариш киритилган бўлса-да, улар айнан битта сўздир: сўроқ – бе-сўроқ; учун – не учун.

Қофияга жуда қаттиқ ёпишиб олмаслик керак. Қофиядаги баъзи қусурлар, “айбгина”ларга кўз юмса бўлади. Муҳими, шеърнинг таъсирчанлиги ва тўкис мазмуни. Қофияси тўқ, лекин мағзи пуч шеърнинг қиммати йўқ. Қофияси йўғ-у, мағзи бор, таъсирчанлиги кучли шеър чинакам асар саналаверади. Юқорида таъкидланганидек, бундай шеър ёзиш анча мушкул. Муҳими, бу борада “қофия келганда маъно йўл беради” йўлидан кетилмаса бўлди 🙃.

Шеърнинг қофияси ҳам, мазмуни ҳам зўр бўлса-чи? Унда бу нур устига нур, чинакам санъаткорликдир. Баъзида уста шоирлар ҳам бир неча қаватли қофиялар, сўз ўйинларини қўлламоқчи бўлиб, шеърни сунъийлаштириб қўяди. Қофия безак эканини ҳеч қачон унутмаслик керак. Йўқса, қош қўяман деб кўз чиқариш ёки сўз ўйнатувчи ҳуққабоздай ҳаракат қилиб қўйиш мумкин.

Осон йўлдан бориб, доим такрорланадиган қофияларни қўллаш шеърнинг сифатини туширади. Осмон деган сўзга дарров ҳар он деган сўзни қофия қилиб келтиравермаслик керак. Кўп китоб ўқиш сўз бойлигини оширади, сўз бойлиги ошиши эса фикрни аниқ, тушунарли, равон ва ортиқча такрорларсиз ифодалаш имконини беради. Демак, яхши қофия топиш учун кўп ўқиш ва янгиликка интилиш ҳисси кўмак беради.

Аруз вазни араб тилига хос хусусиятларга эга, шу сабабли у арабча ва форсча сўзларни кўп қўллашни талаб этади. Лекин мумтоз адибларимиз шу ҳолатда ҳам янгича қофияларни топа олган. Атоий, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур каби мумтоз адибларимизнинг шеърларини шу нуқтаи назардан ўрганиб кўринг. Ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз.

Менинг назаримда, кейинги давр туркий шеъриятида Махтумқули қофияларни янгилашга энг кўп муваффақ бўлган шоирлардан. XX аср ўзбек шеъриятида эса Шавкат Раҳмон бу борада туб бурилиш ясай олган дейиш мумкин.

Халқ оғзаки ижодида, жумладан, достонларда ҳам фавқулодда ва гўзал қофияларга дуч келасиз.

Албатта, бошқа шоирлар ижодида ҳам қофия янгиланишлари бор. Умуман, қофия танлаш шеъриятнинг даражасини кўрсатадиган жиҳат ҳам эмас. Лекин эътибор қаратишга, ўрганишга арзийдиган мавзу.

 

Ориф Толиб  

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.