Атаб қўйилган номлар қўштирноққа олинади

0
113
марта кўрилган.

Муассаса, ташкилот, иншоот кабиларнинг номини қўштирноққа олиш-олмаслик масаласида иккиланишлар, чалкашликлар кўп учрайди. Бир ўринда “Мир Араб” мадрасаси деб ёзилса, бошқа бир жойда Мир Араб мадрасаси деб ёзиб кетилаверади. Аслида қай бири тўғри?

Пунктуация қоидаларига кўра, корхона, ташкилот, муассаса, идораларнинг атаб қўйилган номлари, яъни шартли номлари қўштирноққа олинади. Масалан: “Кўксарой” қароргоҳи, “Ёшлар” телеканали, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Оила” илмий-амалий маркази.

Шартли номи йўқ бўлган ташкилотлар номи қўштирноқсиз ёзилади: Маданият вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Республика телерадиомаркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси, Қишлоқ хўжалигини стандартлаштириш маркази.

❗️ Бироқ ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатиладиган бўлса, шартли номи бўлмаган ташкилотларнинг номи ҳам қўштирноққа олинади:

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси” давлат унитар корхонаси, “Республика телерадиомаркази” давлат унитар корхонаси, “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси” даволаш-профилактика муассасаси, “Қишлоқ хўжалигини стандартлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси.

 

📌  Демак:

 

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси” давлат унитар корхонаси ✅

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси”, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси давлат унитар корхонаси ❌

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.