Бўлим ва бошқармалар номи бош ҳарф билан ёзиладими ёки кичик?

0
649
марта кўрилган.

Имло қоидаларига кўра, давлатларнинг, давлат олий ташкилотлари ва халқаро ташкилотларнинг номидаги ҳар бир сўз бош ҳарф билан бошланади, олий даражада бўлмаган ташкилотлар номи таркибидаги биринчи сўзгина бош ҳарф билан ёзилади:

1️⃣ Ўзбекистон Республикаси, Россия Федерацияси, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон Тинчлик Кенгаши.

2️⃣ Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги.

Ташкилотлар ичидаги бўлимлар қандай ёзилиши керак? Бу масалада аниқ қоида йўқ ва шу сабабли хилмахилликлар, чалкашликлар кўп учрайди. Бўлимлар номи бир жойда бош ҳарф, бошқа жойда кичик, яна бир жойда қўштирноқда берилади. Аслида қандай ёзган тўғри? Бунга бор қоидалар ва мантиқ асосида жавоб топамиз.

 

Бўлимлар номи кичик ҳарфларда ёзилиши керак. Нега?

1️⃣ Бўлим номи ташкилот номи эмас ва атоқли от ҳисобланмайди.

2️⃣ Имло қоидаларида бўлимлар номи бош ҳарфда ёзилиши кўрсатилмаган.

 

Ташкилотларнинг алоҳида номга эга бўлмаган ва шу ташкилотга бўйсунувчи бўлимлари номи кичик ҳарфларда ёзилиши керак: шаҳар халқ таълими бўлими, туман марказий поликлиникаси, кадрлар бўлими, маркетинг бўлими, ахборот хизмати каби.

Бошқармалар, муассасалар, кенгашлар, марказлар номи-чи? Агар уларнинг алоҳида номи бўлмаса, кичик ҳарф билан, алоҳида номи бўлса, бош ҳарф билан ёзилиши керак. Ўз номи бор бошқарма ёки муассаса номига нисбатан имло қоидаларидаги бош ҳарф билан ёзиш тўғрисидаги тартиб амал қилади. Чунки улар ҳам алоҳида номли ташкилот саналади:

👉 вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят ички ишлар бош бошқармаси, шаҳар мактабгача таълим бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман халқ депутатлари кенгаши, университет илмий кенгаши, ТТИ қошидаги академик лицей.

👉 ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази.

 

❗️ Эътибор беринг: вазирлик ва қўмиталарнинг номи билан бир хил аталувчи бошқармалар номи кичик ҳарфларда ёзилади. Юқори турувчи ташкилотдан фарқли, алоҳида номга эга бўйсунувчи ташкилотлар номи эса бош ҳарфларда берилиши керак.

 

👉 Идора ва ташкилотлар номини ёзишдаги хатолар

👉 Атаб қўйилган номлар қўштирноққа олинади

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.