Бош ҳарф билан ёзилмайди

2
1449
марта кўрилган.

Расмий ҳужжатларда, ёзишмаларда энг кўп кўзга ташланадиган хатолардан бири қонун, қарор, фармон, фармойиш, буйруқ каби сўзларни бош ҳарф билан ёзиш. Ҳатто “Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда ҳам қонун сўзи гап ичида катта ҳарф билан ёзилган. Умуман, lex.uz даги расмий ҳужжатларга назар ташласангиз, юқоридаги сўзлар бир ўринда бош ҳарф, бошқа бир ўринда кичик ҳарф ёзилганига гувоҳ бўласиз.

 

Хўш, нега кичик ҳарф билан ёзилиши керак?

  1. Имло қоидаларига кўра, бу сўзлар бош ҳарф билан ёзилиши белгиланмаган.
  2. Тўғри, қарор ёки фармонларни Президент ёки давлатнинг олий ташкилотлари раҳбарлари тасдиқлайди. Бироқ ҳужжатнинг ўзи олий ташкилот ёки мансабни англатмайди.

 

Унда нега бош ҳарф билан ёзиш урфга кирган?

Менимча:

  1. Рус тили таъсирида. Чунки қонун, қарор, фармон, фармойиш, буйруқ каби сўзлар рус тилида ҳужжат номининг бошида келади ва, табиийки, биринчи сўз бош ҳарф билан ёзилади. Масалан: “Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан” – “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори”. Номлар русчадан таржима қилинганда бу сўзлар бош ҳарфда ёзиб юборилган бўлиши мумкин. Мақола тайёрлаш жараёнида русча қонун ва қарорлар билан ҳам танишдим. Рус тилида юқоридаги сўзлар сарлавҳа таркибида матн ичида ҳам бош ҳарф билан ёзилар экан.
  2. Баъзилар буни ҳужжатга ҳурмат сифатида талқин қилади. Бу асос ҳам бўш. Агар биз ҳурмат-иззат қиладиган тушунчаларни бош ҳарф билан ёзадиган бўлсак, катта ҳарф билан ёзиладиган сўзлар жуда кўпайиб кетади. Ота, она, устоз, дўст, адолат, ҳақиқат, ҳалоллик, тўғрилик каби сўзларни уларни ҳурматламаганимиз сабабли эмас, имло қоидаларига амал қилиб кичик ҳарфда ёзамиз. Бадиий матнлардаги ўзига хосликлар бундан мустасно, албатта.

 

Қачон бош ҳарф билан ёзиш мумкин?

  1. Саналган сўзларни жумла ичида бош ҳарф билан ёзишни бир ҳолатдагина мантиқий асосласа бўлади. Қарор мисолида кўриб чиқайлик. Ўша қарорнинг ичидагина, олдидаги сарлавҳа-изоҳни ташлаб, айни шу қарорни назарда тутганда бош ҳарф билан ёзиш мантиқли. Масалан:

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

… … … … … … … тўғрисида

… … … … … … …

… … … … … … …

… … … … … … …

Ушбу Қарорда назарда тутилган… … … … … … … …

Ишлаб чиқариш, савдо ва саноат соҳаларида Қарордан келиб чиқиб…

 

каби.

 

  1. Конституция давлатнинг асосий қонуни бўлгани учун, гарчи имло қоидаларида алоҳида тартиб кўрсатилмаган бўлса-да, бош ҳарф билан ёзилиши керак. Олий бош қонун назарда тутилмаган ҳолатларда эса конституция сўзи кичик ҳарф билан ёзилади.

 

🔎 Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Адлия вазирлиги бу масалага эътибор қаратиб, узил-кесил хулоса берса, яхши бўларди. Тил ва имло бўйича ишлайдиган университет ва институтлар, мутахассисларнинг ҳам фикри жуда муҳим.

Қонунчилик базасидаги имлони ҳам бирхиллаштириш керак. Балки, имло қоидаларининг янги таҳририга аниқ бир қоида ҳам киритилар.

 

📌 Демак,

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

Юридик ва ҳақиқий (фактик) конституция тушунчалари бор. ✅

Ўзбекистон Республикасининг … даги 1-I-сон қонуни

Президентнинг “… тўғрисида”ги фармони 

Вазирлар Маҳкамасининг “… тўғрисида”ги қарори

Халқ таълими вазирининг “… тўғрисида”ги буйруғи

Шаҳар ҳокимининг “… тўғрисида”ги фармойиши 

 

Ориф Толиб

2 Мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.