Абулҳасан Мовардий. “Дунё ва дин одоби”

0
3706
марта кўрилган.
Абулҳасан Мовардий. “Дунё ва дин одоби”

Тошкент, “Hilol-nashr” нашриёти, 2017 йил. 456 бет. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосаси билан чоп этилган. Таржимон ва сўзбоши муаллифи Абдуллоҳ Исмоил Махдум. Сўнгсўз муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Китобни 2018 йил 3 март куни сотиб олган эканман. 2019 йил декабрида ўқишни бошлаб, орада танаффуслар билан 2020 йил 3 март куни тугатдим.

 

Абулҳасан Мовардий (ҳижрий 364-450, милодий 974-1058 йиллар) ўз даврининг йирик қомусий олимларидан бўлган. У дин, адабиёт, шеърият, тилшунослик, фалсафа ва ижтимоий фанларга оид асарлар ёзиб қолдирган. Олимнинг “Адаб уд-дунё ваддин” (Дунё ва дин одоби) асари мусулмон оламида машҳур. Таржимон берган маълумотга кўра, бу асар XX аср бошига қарадар Самарқанд, Тошкент ва Бухоро мадрасаларида дарслик сифатида ўқитиб келинган. “Дунё ва дин одоби” Европада бир неча марта нашр этилган, Берлин, Лондон, Искандария, Фас (Марокаш), Мосул (Ироқ) ва Рампур (Ҳиндистон) кутубхоналарида қўлёзма нусхалари сақланади.

Тарихдан маълум, IX–XI асрларда яшаб ижод қилган аксар олимлар фаннинг барча соҳаларида фундаментал билимга эга бўлган, турли соҳаларда изланиш ва тадқиқотлар олиб борган, кашфиётлар қилган. Абулҳасан Мовардий ҳам худди шундай олимлардан бўлган.

“Дунё ва дин одоби”да тилга олинган мавзулар баъзи ўринларда ўқувчига мураккаброқ туюлиши мумкин. Ушбу асарни ўзбек тилига таржима қилиш осон бўлмаганини таржимоннинг ўзи ҳам эътироф этади. Бироқ асар турли соҳа вакилларига фойда бера олишига бир китобхон сифатида амин бўлдим. Мен учун айниқса дастлабки боблар айнан сўз аҳли учун, ижодкорлар учун ёзилгандек туюлди. Фикрни равон ифодалаш, сўзни ўрнида ишлатиш, ортиқча такаллуфларсиз, аниқ ва лўнда ёзиш ёки гапириш иши сўз билан боғланган ҳар қандай одамга фойдали. Киши ҳатто кундалик турмушда, ўзаро муомалада ҳам сўз ва уни ифодалаш одобига риоя қилиши керак.

Қуйида китобда ўзим учун белгилаб қўйган баъзи ҳикматларни, диққат қаратиш зарур деб билганим фикрлардан айримларини эътиборингизга ҳавола этаман:

 

***

 

Жоҳилни фақат ҳаёт тарбиялайди.

 

Араблар: “Ёшлар билан маслаҳатлаш. Чунки улар вақт ўтиши туфайли ҳали оҳори кетмаган ва қарилик нуқси урмаган тиниқ фикрларни ҳадя этади”, дейди.

 

Дейдиларки, ҳаддан зиёда ақл ўз соҳибини ҳийла ва макрга йўлиқтиради.

 

Ҳаддидан ошган фазилат камчилик белгисидир. Зотан, ҳаддидан ошиб кетган нарса фазилат саналмайди.

 

Қадимда Форс подшоҳлари ақлли кишини жазоламоқчи бўлса, аҳмоқ билан бирга қамаб қўяр экан.

 

Ҳазрати Али деди: “Инсонлар яхши бажарган ишлари билан таниладилар”.

 

Албатта, бир ишни қилишдан қўрқсанг, қўрқоқликдан умидсизлик юзага чиқади.

 

Омад ожизлик ва зерикиш орасида йўқолади.

 

Мунтазам дарс қилмаган ва нафсини қийнамаган киши ҳеч қачон илмга эришмайди.

 

Илмлар зеҳнлар тушовидан қочувчидир, уларга китобларни қўриқхона ва қаламларни чўпон қилиб қўйинглар.

 

Донишмандлардан бири деди: “Қалбларнинг ёввойи ҳайвон қочгандек қочиши бор. Бас, қалблар итоатли ва фаол бўлиши учун таълимда мўътадил йўл тутинглар, дарсни меъёридан оширманглар”.

 

Ҳуснихат қўлнинг тили ва қалбнинг гўзаллигидир.

 

Донишмандлардан бири: “Ким илм олиш хорлигига озгина сабр қилмаса, жоҳиллик хорлигида абадий қолади”, деди.

 

Бир донишманддан: “Энг хорланган инсон ким?” деб сўралди. У: “Жоҳил ўз ҳукмини ўтказа олган олим”, деди.

 

Яхши эгалланган илмларни ўргатишни қизғанмаслик ва етказишдан юз ўгирмаслик олимларнинг одобларидир.

 

Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: “Ким кўзи билан кўрмаганни фикрлаб кўра олмаса, яхшилик билан яшай олмайди”.

 

Араблар шундай дейишади: “Мақсад ва давомли бўлиш сени доим олдинга чорлайди”.

 

Адиблардан бири деди: “Ким ўз оиласи билан иноқ бўлмаса, сен билан ҳам яхши эмас ва ким оиласини ҳимоя қилмаса, сени ҳам ҳимоя қилувчи эмас”.

 

Ёмонлар билан дўстлашиш яхшиларнинг бадгумон бўлишига сабаб бўлади.

 

Кимки қулай имконни ўз вақтидан орқага сурса, қўлидан кетишига ишонаверсин.

 

Ғазаб азизлигидан узоқ бўл. Чунки у узр сўраш хорлигига олиб боради.

 

***

 

Китобда юқоридаги сингари яна кўп фикрларни ўқишингиз мумкин.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.