Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” туркуми 21-жузи

0
3458
марта кўрилган.

Тошкент, “Hilol-nashr” нашриёти, 2016 йил. 432 бет. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосаси асосида чоп этилган. Китобни 2017 йил 28 декабр куни сотиб олган эканман. 2020 йил 10-17 апрел кунлари ўқиб чиқдим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб “Ҳадис ва Ҳаёт” туркумининг 21-жузи “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо” деб номланган.

“Ҳадис ва Ҳаёт” туркуми турли мавзулардаги ҳадислар шарҳидан иборат. Ушбу жилдда мусулмон оламининг икки буюк шахси тўғрисида сўз юритилади. Улар ҳақидаги ҳадислар шарҳланади, тарихий факт ва маълумотлар берилади. Китоб ишончли манбалар, ривоятларга асосланган.

Одатда бирор бадиий асарни ўқисангиз, муаллифнинг тасвир маҳорати, ифодага усталиги, туйғуларни ёрқин рангларда акс эттира олиши сизда ҳис-ҳаяжон уйғотади, қалбингизни жунбушга келтиради. “Ҳадис ва ҳаёт” туркуми эса илмий тилда ёзилган. Аммо ушбу жузда баён қилинган нодир воқеалар, ривоятлар, маълумотларни ўқиб, кўнглингиз ўз-ўзидан ҳароратга тўлади, кўзларингизга ёш қуйилади.

Абу Бакр Сиддиқ ва Умари Одил розияллоҳу анҳумонинг ҳаёт йўли ибратларга, ўрнакларга тўла. Бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сабоқ олган, Ислом таълимотларини ҳаётига тўкис татбиқ этган улуғларимиз ясама қаҳрамонлар, хаёлий идеаллар эмас, реал шахслардир.

Китобни ўқир экансиз, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримизга муҳаббатлари, фидойиликлари, тадбиркорлиги, қўли очиқлиги, юксак ақлига гувоҳ бўлиб борасиз. Шубҳали луқма еганини билгач, уни қайт қилиб ташлаган улуғ саҳобийнинг парҳезкорлигини кўриб, ҳайрат ва ҳавасга бериласиз.

Ҳазрати Умарнинг ҳаёт йўли эса адолат, тенглик, мардликнинг беқиёс намунасидир. Душманларга, аҳдини бузган, ўзига нисбатан номардлик қилган кишиларга ҳам адолат ва бағрикенглик кўрсатиш, уларни кечириш ва тўғри йўлга солиш учун Умар розияллоҳу анҳу бўлиш керак. Мутолаа жараёнида воқеалар шундоқ кўз ўнгингизда содир бўлади гўё. Бир оиланинг муҳтожлигини билгач, елкасида ун орқалаб ўша манзилга кетаётган, ҳақдорга ҳаққини етказиш учун кечалари ухлолмай чиқаётган, шиддат-салобатли, лекин қалби ўта таъсирчанлигидан кўп кўзёш тўкаётган бу улуғ сиймо билан бир ҳаводан нафас олгандай бўласиз.

Яхши асар шунчаки завқ ва ҳаяжон бериш билан чекланмайди, у сизни таъсирлантиради, ибратлантиради, тарбиялайди. Ушбу жузни ўқиб тугатган кишида ҳам улуғларнинг юксак фазилатларига эргашиш, адолат, тўғрисўзлик, камтарлик ва хокисорликка интилиш ҳисси жонланади, иншааллоҳ.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.