Эски жўва: жўва нима дегани?

0
691
марта кўрилган.

Носиржон Охуновнинг “Жой номлари таъбири” китобида Эски жўвага шундай таъриф берилади:

“Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирининг номи.

Тарих фанлари доктори А. Муҳаммаджоновнинг ёзишича, жўва аслида жуъба, яъни бозор сўзидан олинган. Эски жўва қадимда шу жойда бозор бўлганидан далолат беради.

Дарқақиқат, Эски жўва бозори Тошкент шаҳрида энг гавжум, энг катта бозор ҳисобланган. 1800 йилги Эски жўва бозори ҳақида маълумот ёзиб қолдирган рус тадқиқотчиси А. Добромислов бу ерда 3000 та дўкон бўлганини, расталар молнинг хилига қараб ёнма-ён жойлашгани ва тўсиқлар билан ажратиб қўйилганини, бозор атрофида 16 та карвонсарой мавжудлигини қайд этган”.

Бироқ “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” асарида жўва сўзи бошқа маънода изоҳланган:

“Эски жўва эса хон аркининг чеккасида бўлиб, эскирган ҳарбий аслаҳалар омбори – жўвахона эди”. Эскирган совут, қалқон, қилич, найза кабилар жўба, талаффузда жўва деб юритилган. Мана шу вариант ҳақиқатга яқин. Чунки бу маълумотни миллий энциклопедияда жевачи сўзига берилган изоҳ ҳам тасдиқлайди. Жевачи, жибачи совутдор; совутли аскар; темир қурол эгаси; қурол-аслаҳа сақланадиган махсус омбор – жевахона бошқарувчиси; ҳарбий юриш вақтида подшоҳ ва хоннинг совут ва оғир қурол-аслаҳаларини олиб юрадиган кичик мансабдор – жибачигири каби маъноларни англатади. Тошкентдаги қадимги жевахона ўрни Эскижўва деб аталади. Жўва жева сўзининг бузиб талаффуз этилишидир.

Миллий энциклопедияда ёзилишича, шаҳардаги ўзаро тўқнашувларга аҳоли ҳам жалб этилган. Фақат Эски жўва бозори бетараф жой ҳисобланиб, нотинчлик вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этган.

“Ўзбек тили топонимларининг ўқув изоҳли луғати”га кўра эса Эски жўва Эски Жўйбор номининг ўзгарган шаклидир.

Айтганча, хамир ёядиган, ўрта қисми йўғон ошхона жиҳози ҳам жўва дейилади. Лекин унинг Эски жўва топонимига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида маълумот тополмадим. Бозор яқинида ҳозир ҳам ҳунармандчилик растаси бор ва у ерда кўплаб уй-рўзғор буюмлари қатори жўва ҳам сотилади.

 

@oriftolib

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.