“Нафси ҳакалак отди”: ҳакалак нима?

0
1109
марта кўрилган.

Бу ибора тилда кўп қўлланади. Ибора таркибидаги ҳакалак сўзининг туб маъносига кўп ҳам эътибор бермаймиз. Бу сўз ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:

 

1️⃣ Бир оёғи йўқ.

 

Чап оёғингизни кесишармиш. Икки оёқ билан сиздан кўрганим шу бўлса, энди ҳакалак бўлганда нима қилардингиз…

С. Кароматов, Бир томчи қон.

 

2️⃣ Болалар ўйини. Ерга чизилган катаклар бўйлаб бир оёқлаб сакраб ўйналадиган болалар ўйини.

 

Ҳакалак ўйнамоқ.

 

❗️ Мана шу ўйин номини эсда сақлаб қолинг. Кўпчилик уни русчалаб классики деб қўя қолади. Аслида ўзбекчада бу ўйиннинг бир нечта номлари бор.

 

Ўзбекча-русча луғат ҳакалак сўзини русча жёлудь, яъни чўчқаёнғоқ маъносида ҳам изоҳлаган.

 

Ҳакалак отмоқ ибораси бир оёқлаб ирғиб-ирғиб юришни билдиради:

 

Севар бир оёқда ҳакалак отди, лайлак бўлиб учди.

С. Абдуқаҳҳор, Кўзлар.

 

Нафси ҳакалак отмоқ ибораси эса икки хил маънога эга:

 

1️⃣ Иштаҳаси жуда очилиб, ейиш, ичишдан ўзини тўхтатолмаслик.

 

Нафси ҳакалак отиб кетганда подадаги икки-учта сигирни ушлаб, навбати билан соғиб ичарди.

Н. Қобил, Унутилган соҳиллар

 

2️⃣ Ўзиники қилиш, ўзлаштиришда иштаҳаси карнай бўлмоқ.

 

Нафси ҳакалак отган Ҳамро Сафоев бирдан давлат ҳисобидан жарақ-жарақ пул ундириш пайига тушиб кетди.

“Муштум”.

 

Ушбу иборанинг нафси ҳайкалак отмоқ, нафси ҳаккалак отмоқ вариантлари ҳам бор:

 

Шундан кейин нафси баттар ҳайкалак отиб, қўл остидаги ишчиларнинг маошига ҳам арра сола бошлади.

“Муштум”.

 

Аммо бу билан унинг кўнгли тўлмади, нафси яна ҳаккалак отаверди.

“Муштум”.

 

Лекин бир нарсани эътиборга олиш керак. Матн тузаётганда вариантдош сўзларнинг жонли тилда энг кўп ишлатиладигани, ҳамма биладиганини қўллайвериш керак. Ёзишдан мақсад – билимдонликни кўрсатиш эмас, фикрни ўқувчига етказиб бериш. Китобхонга ётроқ сўзни қўллаш матнни ҳам, мазмунни ҳам ўқувчи онги ва қалбидан бир қадар узоқлаштиради. Албатта, махсус илмий-тадқиқий, хос матнлар бундан мустасно.

 

📌 Демак:

Нафси ҳакалак отмоқ, нафси ҳайкалак отмоқ, нафси ҳаккалак отмоқ ✅

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.