Пушти камар: пушт нима?

0
203
марта кўрилган.

Тилимизда пушт сўзи қатнашган бир неча иборалар бор: пушти камар, пушти паноҳ, етти пушт, пушти куйиш, пушти кўтармаслик. Хўш, бу сўз аслида қандай маънога эга ва у қатнашган иборалар нима мазмунда қўлланади?

Пушт сўзи форс тилидан ўтган, аслиятда орқа, елка; бел, сперма жойи; таянч, ҳимоя; ҳомий маъноларига эга. Ўзбек тилида эса қуйидаги маъноларда қўлланади:

 

  1. Одам ёки жониворнинг уруғ ёки тухумида бўладиган, маълум шароитда ривожланиб, болага айланадиган, ўз ривожланишининг бошланғич босқичидаги аъзо; эмбрион:

 

Одамнинг пушти. Ҳайвоннинг пушти.

 

  1. Кимса ёки оиланинг аждоди ё авлоди, авлод-аждод; насл.

 

Менинг эрим… тўплаган мол-дунёси икки пуштга етади, – деди Кумуш. Т. Жалолов, Олтин қафас.

 

Пушти камар ибораси икки хил маънога эга: 1) оталик уруғи, сперма; 2) кишининг ўз фарзанди.

 

Менинг пушти камарим бу, суюкли ўғлим,

Нурийдийдам васли учун Тангрига шукур.

А. Орипов, Йиллар армони.

 

Пушти паноҳ иборасининг тўғри варианти аслида пушту паноҳ. Лекин пушти паноҳ шаклида қўллаш тўғри, чунки ғалати машҳурга айланган:

 

Суянган тоғлари, пушти паноҳлари эшони Судурни бошлаб келишди.

Ш. Холмирзаев, Қил кўприк.

 

Етти пушт ибораси етти авлод ёки аждодни англатади. Матндаги мазмунга кўра, ўтган аждодлар ёки келажак авлодлар маъносини ташиши мумкин:

 

Етти пуштим ўтмаган отда,

Бу аслида эмас катта ғам.

“Шарқ юлдузи”.

 

Мирбадалбек, ҳушёр бўлинг, менинг қоним етти пуштингизга сачрайди!

П. Қодиров, Юлдузли тунлар.

 

Пушти куйиш ибораси бирор касаллик на­ти­жасида бола кўрмайдиган бўлиб қолишни англатади.

 

Пушти кўтармаслик эса ёқтирмас­лик, тоқат қилол­маслик маъноларига эга:

 

Ойиси этагидан тут­ган бола­дек юрадиганларни пуштим кўтармай­ди.

О. Мух­тор, Аёллар мамлакати ва салтанати.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.