“Таҳаккум” нима дегани?

0
457
марта кўрилган.

Таҳаккум бугунги тилимизда ишлатилмайди. Лекин Навоий ва Бобур асарларида ишлатилган.

“Навоий асарлари луғати” таҳаккум сўзини икки маънода шарҳлаган:

  1. Ҳукм юритиш, зўрлик билан ҳукмронлик қилиш; устун чиқиш;
  2. Бировнинг ҳукмини, амрини истар-истамас қабул этиш.

 

“Бобурнома” луғати эса ҳукм қилиш йўли, устун чиқиш йўли деб изоҳлабди.

“… Эл қочиб ул вилоятқа борди, таҳаккум тариқи била тамаъ қиладур, агар бурунроқ бу сўз арода бўлса эди, филжумла важҳи бор эди, аларнинг таҳаккумини ким тортор бўлғай?”

Шу парча “Бобурнома” табдилида бундай берилибди:

“Яна бири буки, эл қочиб у вилоятларга борган шундай бир пайтда буйруқ йўсинида бу талаб қўйилди. Агар бу таклиф бурунроқ орага тушса, балки ўринли бўлар эди. Уларнинг ҳукмига ким ҳам рози бўларди?!”

Юқоридаги жумлаларда таҳаккум бир ўринда буйруқ, ҳукм юритиш, кейингисида ҳукм қилиш маъносида келяпти.

Арабча синиқ кўплик қоидаси ҳақида олдин айтган эдим. Таҳаккумнинг ўзаги – ҳукм. У ҳозирги тилимиздаги ҳукмдор, ҳоким, маҳкум, ҳакам сўзлари таҳаккум билан ўзакдош.

 

Араб тилининг балоғат илми қоидаларига кўра, бир сўзни ўзининг антоними ўрнида қўллаш таҳаккум дейилар экан. Ўзбек тилида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бор. Масалан, одамлар оғзи шалоқ кишига нисбатан қантовуз (қанд + оғиз = ширинсўз) ёки эзма одамга нисбатан камгап иборасини ишлатиши мумкин. Бундай ўринларда сўз ўзининг зидди маъносини ташийди.

Жумладаги таҳаккумга мисол. Ишга сабабсиз уч кун келмаган ходимга шериги: “Бошлиққа учраш, сени ажойиб мукофотлар кутиб турибди”, дейиши мумкин. Бу ерда гап мукофот ҳақида эмас, албатта. Жазо ҳақида. Мукофот сўзи ўзининг антонимига синоним бўлиб келяпти.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.