Бир ўзакдан икки маъно: миннат ва миннатдор

0
293
марта кўрилган.

Битта сўз қарама-қарши маънони ҳам англатиши мумкин. Бу кўп тилларга хос. Масалан, басир сўзи араб тилида кўзи ўткир ва кўзи ожиз маъноларида ишлатилади. Ўзбек тилига ҳам худди шу маъноларда ўтган: 1. Кўрувчи, кўзи ўткир, ўта сезгир; 2. Кўриш қобилияти йўқ; кўр, сўқир; 3. кўчма Нарса, воқеанинг моҳиятини тушуна олмайдиган; онгсиз; билимсиз; жо­ҳил.

Миннат ва миннатдор сўзида ҳам худди шу қоида амалда. “Миннат” сўзи арабчадан ўтган, аслиятда ҳиммат, мурувват, хайр-саховат; ташаккур, раҳмат айтиш маъноларини беради. Олдин ўзбек тилида ҳам айни шу маъноларда қўлланган. Изоҳли луғат бунга шундай мисол берган:

 

[Юсуфбек ҳожи:] Агар бу хизматни ўз зиммангизга олур экансиз, устимга катта миннат қўйган бўласиз.

А. Қодирий, Ўтган кунлар.

 

Юсуфбек ҳожи агар шу ишни бажаришга рози бўлсангиз, сиздан қарздор бўлиб қоламан, раҳмат ва ташаккур айтишга бурчлиман, деяпти.

Бу маъно миннатдор сўзида сақланган. Миннатдор киши кўрган яхшилиги сабаб бошқа бир киши олдида маънан қарздор, раҳмат айтишга бурчли бўлиб қолади. Раҳмат айтмаса ҳам, ичида унга нисбатан ҳурмат-эътибори ошади.

Лекин яхшилик қилган киши бундан баҳраманд бўлган одамдан ана шу миннатдорликни истаса ёки талаб қилса, бу энди миннатга айланади.

Қилинган яхшиликни юзга солиш ёки бошқаларга гапириб юриш миннатдир:

 

Текиннинг миннати кўп, меҳнатнинг зийнати кўп.

Мақол. 

 

Эҳсон қилган кишининг миннати эҳсонни йўққа чиқаради.

Газетадан.

 

Бу зиёфатнинг ҳали миннати чиқиб қолмаса, деб турибман.

К. Яшин, Ҳамза.

 

Меҳнат қилдим – хўп қилдим, миннат қилдим – йўқ қилдим.

Мақол.  

 

Хасис бир бор меҳнат қилса, юз бор миннат қилар.

Газетадан.

 

Бундай терс маънолилик соф ўзбекча сўзларда ҳам бор. Мақола бошида басир сўзини мисол қилгандик. Ўзбекча кўр сўзи ҳам аслида кўрмоқдан, яъни кўрувчи маъносида. Вақт ўтиб акс маънода ишлатила бошлаган.

Одамлар баъзида белги-хусусиятни унинг акси билан атайди. Тўғри, дастлаб киноя, мазах ёки бошқа мақсадни кўзлашади. Лекин маълум муддатдан кейин кўзланган маъно йўқолиб, шаклий маъно бирламчига айланаши мумкин.

Дейлик, оғзи шалоқлиги, кўп сўкиниши билан танилган кишига “қантовуз” (қанд + оғиз = ширинсўз) деб от қўясиз. Кейинчалик бу одам унутилади ва қантовуз сифати тили сассиқ маъносида кенг ишлатила бошлайди.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.