Официантнинг ўзбекчаси нима?

0
211
марта кўрилган.

Баъзан чет тилидаги сўз ноқобил сўз билан маҳаллийлаштирилади. Натижада шу сўз тилга сингмайди. Гоҳида эса, яхши вариант топсангиз ҳам, халқ қабул қилмайди. Тил шунақа қайсарроқ, лекин уни тарбия қилиш мумкин. Муносиб сўз топилса, жуда кўплаб атамалар ўзбекчалашиб, жонли тилга қўшилиб кетади.

Бир таксичи амакининг гурунги эсимда. Биласиз, таксичилар исталган масалада маъруза қила олади. Таксичи амаки: “Официантнинг ўзбекчаси нима бўлади?” деган саволига кутилганидек “Йўқ”, жавобини олгач, мағрурона жавоб берди: “Официантнинг ўзбекчаси гиргиттон бўлади, билиб ол”. Бунақа пайт баҳслашиш ортиқча. Бошқаларни билмадим-у, менда ортиқча асаб йўқ. Бош силкиб қўя қолиш керак.

Лекин официантнинг ўзбекчаси гиргиттон эмас. Изоҳли луғатга кўра, гиргиттон эркалаш ёки ҳурмат билдирувчи мурожаат шакли; маъно ва вазифаси жиҳатидан “айланай”, “ўргилай” сўзларига тўғри келади.

Мисол:

Хожархон, гиргиттон, эккан дарахтларингни Обиджон акангизга кўрсатинг.

А. Қаҳҳор, Тобутдан товуш.

 

Гиргиттон бўлай – айланай, ўргилай.

Мени қийнама, жон қизим, онанг гиргиттон бўлсин! – деди кампир Адолатхонга.

У. Назаров, Одамлар.

 

Гиргиттон бўлмоқ – одам атрофида меҳрибонлик билан парвона бўлмоқ.

Хола Турсунойнинг атрофида гиргиттон бўлиб, гир айланар, дам бошини ушлаб кўрар, дам юзини силар эди.

С. Анорбоев, Оқсой.

 

Яна бир жиҳатга эътибор бериш керак. Бу сўз биринчи шахс тилидан айтилганда, гапирувчи одатда аёл киши бўлади. “Гиргиттон” кўпроқ ёши улуғ онахонлар луғатига тегишли.

Демак, гиргиттон официантга муқобил бўла олмайди.

Менимча, бу вазифага дастёр сўзи мосроқ.

Тилга аллақачон кириб, ўрнашиб бўлган, биз фаол фойдаланадиган сўзларга ёвқараш қилиш ҳам тўғри эмас. Улар ўзимизникига айланиб улгурган. Ишлатавериш керак.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.