Воҳа ва водий: фарқи нимада?

0
315
марта кўрилган.

Воҳа араб тилидан кирган, аслиятда саҳро ўртасидаги сувли, кўкаламзор жой маъносида. Ўзбек тилида чўл ва чалачўлларда обод қилинган ерни англатади:

 

Зарафшон воҳаси. Хоразм воҳаси.

 

Воҳанинг узунлиги нари борса уч-тўрт фарсанг, кенглиги кўп бўлса бир фарсанг келар.

О. Ёқубов, Кўҳна дунё.

 

Тупроғи серунум, иқлими мўътадил, аммо суви камчил Қашқа воҳасини боғ-роғларга айлантириш қадимий орзу эди.

“Ўзбекистон қўриқлари”.

 

Водий сўзи ҳам араб тилидан кирган, аслиятда водий; қуриб қолган ўзан; жарлик маъноларини англатади. Ўзбек тилида эса қуйидаги маъноларда ишлатилади:

 

Дарё бўйлаб чўзилган ёки тоғлар орасидаги кенг текислик.

 

Дарё водийси. Тоғ водийси.

 

Катта-кичик водийларни қоплаб ётган туман худди кўлга ўхшаб кўринар эди.

А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз.

 

Умуман экин экиладиган, обод ер.

 

Амударёни жиловласак, Ўзбекистонда бутун-бутун янги пахта водийлари яратилади.

Ойбек, Олтин водийдан шабадалар.

 

Умуман, мамлакат, юртнинг бир бўлаги; диёр.

 

Чўлқуварлар бир мақсад – Сурхон, Шерободни боғ-роғли водийга айлантириш орзуси билан яшамоқдалар.

“Ўзбекистон қўриқлари”.

 

Кўчма маънода: бирор нарса учун хос бўлган жой, макон.

 

Мен ўлим водийсида хизмат қилганман, – деди ошпаз.

Ойбек, Қуёш қораймас.

 

📌  Ҳудуд номлари билан ишлатганда воҳа ва водийнинг битта аниқ, кескин фарқи бор: воҳа – чўл ва чалачўл ҳудудда обод қилинган жой, водий эса дарё ёқаси бўйлаб жойлашган ёки тоғлар орасидаги текислик жой:

 

Зарафшон воҳаси. Хоразм воҳаси. Тошкент воҳаси. Бухоро воҳаси.

 

Фарғона водийси. Сурхон-Шеробод водийси. Қашқадарё водийси (вилоятдаги водий, Зарафшон тизмасининг жануби-ғарбий тармоқлари оралиғида.). Ҳисор водийси.

 

Воҳа ва водий тушунчаси вилоят тушунчасидан фарқланади. Воҳа ва водий бир вилоят ҳудудидан катта бўлиши ёки бир вилоят ичида бир неча воҳа ё водий жойлашиши ҳам мумкин. Миллий энциклопедияга кўра, Фарғона водийсида бир нечта катта воҳалар бор.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.