Сени топгунга қадар…

0
1159
марта кўрилган.

Бахтиёр ўқишга кириб ўз номига мос бахтиёр йигитга айланди. Бунинг биринчи сабаби ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган талабалик бахтига эришгани бўлса, иккинчиси кўнглини нурли-нурли орзуларга тўлдирган муҳаббатга рўбарў келгани бўлди. Курсдоши Муҳайё қувноқ, шу билан бирга кўнгилчан қиз экан. У билан кутубхонада гаплашиб қолишди. Юлдузлари юлдузларига тўғри келди шекилли, сўзлари сўзларига тўғри келди. Кейин телефонлашадиган, хат ёзишадиган бўлишди. Бу қиз нимаси биландир одамни ўзига тортиб туради. Шўх-шандон, кўнгли очиқ, киришимли. Ҳар ким билан тезда эл бўлиб кетавериши Бахтиёрга ёқмайди-ю, бироқ буни ҳозирча сездирмайди. Ҳали муносабатлари мустаҳкамланмай туриб рашк қилса, қайтага оралари бузилиши мумкин.

Хуллас, Бахтиёр шу қизга кўнгил қўйди. Муҳайё ҳам унга майл билдирди, сал очиқроқ изҳорларига ҳам деярли эътироз қилмади. “Бу гапларга ҳали эрта, ҳозир бизнинг асосий мақсадимиз – ўқиш” деган ақллигина гапни айтди, холос. Мана, икки ойдан ошди, улар кунда-кунора бир-бирлари билан хат ёзишиб туради. СМСлар кўпинча севги, соғинч ёки дўстлик ҳақидаги шеър, тўртлик ё бирорта ҳикматли сўз бўлади. Филология факултетида ўқишгани, бунинг устига ҳар иккови ҳам адабиётга ихлосманд бўлгани учун шу усулни маъқул кўришади. Бахтиёр тунов куни бир китобдан ажойиб учлик топиб олди. Шу заҳоти телефонида териб, Муҳайёга жўнатди:

Сени топгунга қадар

Қандоқ яшадим?

Наҳотки яшадим?

Жавобини интиқиб кута бошлади. Беш дақиқалардан сўнг телефон ерга тушган танганинг жаранги каби товуш чиқарди. Хат келди! Унда “Раҳмат. Чиройли шеър экан” деган сўзлар битилганди. Бахтиёр бир неча кун шу шеърнинг таъсирида юрди. Мисралар онгида қайта-қайта такрорланади, айланиб-ўргилиб хаёлига яна келаверади. Бахтиёр ора-сира, ҳақиқатан ҳам, Муҳайёни учратгунча қандай яшаган эканман, деб ўйлаб қўяди.

Соч калталатиш ёки уст-бош олишда урф, услуб деган нарсаларга умуман эътибор қаратмайдиган Бахтиёр энди бу нарсаларга алоҳида аҳамият берадиган бўлди. Бугун уйдан келган пул ва стипендиясини жамлаб бозорга бормоқчи. Ким билан борса экан? Бир калладан икки калла яхши-да барибир. Ҳа, Хуршид билан боргани маъқул! У ҳам ётоқхонада туради. Кийимига жуда эътибор берадиган бола. Йўқ демас.

Бахтиёр дарсдан сўнг Хуршидга илтимосини айтди.

– Жўра, жон деб бораман. Фақат бугун эмас. Бугун учрашувим бор, – деб жавоб берди Хуршид.

– Ие, жуда пишиқ экансиз-ку, ошна! Бирпасда бировни илинтирибсиз-да, – деди Бахтиёр. Шундай деди-ю, ичида ўзи уялиб кетди. “Илинтирибсиз” деган сўз ўзига ҳам тегишлидай туюлди.

– Манмас, қиз мани севади. Муҳайёни биласиз-ку, ўша. Севишиб қолдик. Бугун учрашувга чиқмоқчимиз. Ажойиб қиз-да ўзиям, зўр-зўр шеърларни топиб манга жўнатади. Мана, бир ўқиб кўринг.

У шундай деб қўл телефонини узатди. Бахтиёр очиб қўйилган СМС-хатни ўқий бошлади:

Сени топгунга қадар

Қандоқ яшадим?

Наҳотки яшадим?

Бахтиёрнинг кўз олди қоронғилашиб, қулоғи зинғиллаб кетди. Ҳар бир сўз чўғ бўлиб турган сим каби онгига жаз-жаз ботар, қонини қайнатиб, ичини алангалатар эди.

– Энди, хафа бўлмайсиз-да, жўра. Бир кун нари-бериси. Эртага бозорлашамиз. Шимниям, кўйлакниям зўрини оламиз. Қизлар атрофингиздан кетолмай қолади. Бўпти, ман қуённи расмини чиздим.

Хуршид шошилганча чиқиб кетди. Бахтиёр чувалашиб кетган фикрларининг бош-кетини тополмас, ўйлаб ўйига етолмасди. Хаёлида биргина “Наҳотки?!” деган сўз айланар, лекин унга жавоб топишга мажоли йўқ эди. У хонада узоқ туриб қолди. Охири Муҳайёнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Бироқ жавоб бўлмади. У эса ихтиёрсиз қайта-қайта рақам тераверди. Олтинчи-еттинчи уринишда гўшак кўтарилди:

– Ҳа, Бахтиёр, намунча, тинчликми? Ман банд эдим, телефонингизни ололмадим.

– Тинчлик, кўришсак дегандим, сизга айтадиган зарур гапим бор.

– Қанақа гап? Айтаверинг.

– Йўқ, кўришганда айтаман. Ҳозир қаердасиз? Ёнингизга бораман.

– Йўқ-йўқ, ҳозир келманг. Ман холамларникига боришим керак. Икки-уч соатларда бўшайман. Катта кутубхона олдида кўришамиз. Бўладими?

– Бўлади.

– Унда хайр.

Телефондан узуқ-узуқ товуш эшитила бошлади. Бахтиёрнинг аъзои бадани дағ-дағ қалтирар, бу нарса боя овозида ҳам сезилган эди. У ғазабини босолмас, уйи ёнғин ичида қолган одамдай нима қилишини, қаерга чопишини билмас эди. Энди хаёлини “Шундай қиз-а?!” деган ўй эгаллаб олган, жавоби қўрқинчли бу савол йигитнинг юрагига ўткир ханжар бўлиб урилар эди.

Бахтиёр тишини тишига қўйиб кутди ва ниҳоят икки соат ўтди. Кейин телефондан хат ёзди: “Мен кетяпман”. “Кутубхона олдида бўламан” деган жавоб келди нариги томондан. Автобусда кетиб бораркан, Бахтиёр гапни нимадан бошлаб, нимада тугатишни, нафратини қандай сочишни ўйлар, лекин фикри чалкашиб кетар, юраги кўтарилиб бўғзига тиқилиб қолгандай эди. Ниҳоят автобус университет бекатида тўхтади. Бахтиёр илк қадамлариданоқ оёқлари шалвираб кетаётганини ҳис қилди. “Йўқ, бунақаси кетмайди, ўзингни қўлга ол”, деб ўзига ўзи далда берди.

Кутубхонага эшиги яқинидаги эман олдида Муҳайё турарди. Ўнг елкасига қора сумка осган, нигоҳлари ерга қадалганди. Унга кўзи тушдию Бахтиёрнинг бор ғазаби, айтишга ҳозирлаган гап-сўзлари ҳавога буғланиб кетгандай бўлди. Чунки қаршисида фикру хаёлини ўғирлаган, юрагини бутунлай забт этган Муҳайё эмас, бошқалардан фарқ қилмайдиган, эл қатори бир қиз турарди.

 

Ориф Толиб

 

2014

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.