Миннат оши

0
880
марта кўрилган.

Ҳар кимга ғойибдан барака, қут бер,

Бахту иқболини тугал бер, бут бер.

Беш кунлик умрига маза бер, тот бер,

Ҳеч кимга ичирма миннат ошини.

 

Миннат бу – нақ кўзга санчилган тикан,

Суякка етади қулоққа етган.

Юракка ботмасин томоқдан ўтган,

Ҳеч кимга ичирма миннат ошини.

 

Ўзининг олдида бўлар боши хам,

Қалбини тирноқлаб ғижимлар алам.

Муқаррар ўлимдан асрар бўлса ҳам,

Ҳеч кимга ичирма миннат ошини.

 

Топгани тортилган оҳга арзимас,

Сочида кўпайган оққа арзимас,

Юрагига тушган доғга арзимас,

Ҳеч кимга ичирма миннат ошини.

 

Бандангни ярлақа, қаддини тоғ қил,

Миннат азобидан мудом узоқ қил.

Энг оғир дамларда кўнглини тўқ қил,

Ҳеч кимга ичирма миннат ошини.

 

Ориф Толиб

 

2014

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.