Пушаймон

0
835
марта кўрилган.

Сен ўзганинг қўлин тутиб кетган кун,

Бўғзимга тиқилиб қолганда овоз

Бир кун тўйиб-тўйиб афсуслар чексин,

Куйиб-ўртансин деб ўйлаганим рост.

 

Кўзёшдай юмалаб ўтди-ку йиллар,

Сени олиб кетди йироқ ва йироқ.

Кеча сени туйқус учратган палла

Юрагимни тирнаб, яйради фироқ.

 

Қани у кўзлари кулиб турган қиз,

Қани у тўрт фасл яшнаган дунё?!

Қандай ғамдан чўкдинг, эй ёруғ юлдуз,

Сени маҳзун этди қандай муаммо?!

 

Шунда тўйиб-тўйиб едим пушаймон,

Сенга дард-аламни тилаган менми?

Кўксимга мушт уриб, маст бўлиб, шодон

Яна муҳаббатдан куйлаган менми?

 

Чорасиз ҳолимни англатай қандай,

Бўғзимга тиқилиб қоляпти овоз.

Гувоҳ бўл! Ҳеч нарса юз бермагандай

Ҳар қандай аламдан воз кечаман, воз!

 

Юрагимдан юлиб олинган эй гул,

Қуёшдай порласин, кулсин юзларинг.

Йўлинг ёруғ бўлсин, мудом бахтли бўл,

Ғам кўрмасин сира қора кўзларинг.

 

Ориф Толиб

 

2013

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.