Севгисиз оқшом

0
1740
марта кўрилган.

Жонингдан ўтади бир кун ҳаммаси,

Гоҳо ҳаммасидан келади кечгинг.

Юрагингга тўлган ёшларни эмас,

Бир ҳовуч юлдузни келади ичгинг.

 

Очиқ деразадан термиласан жим,

Юзингга атайлаб урилар парда.

Наҳот соғинмаса, кутмаса ҳеч ким

Сени шундай улкан, гавжум шаҳарда.

 

Оқшом чўккан. Ана, қайтишар ишдан,

Уйга сиғмаганлар чиқар сайрга.

Сенинг юрагингга бир малол тушган,

На кўкка сиғасан ва на-да ерга.

 

Сен учун кўз юмган ўша муҳаббат

Сендан ҳам кўз юмган аллақачонлар.

Энди даврон ўзга, ўзгадир фурсат,

Қўлингда қолмаган энди имконлар.

 

Афсус, юлдузларни бўлмайди ичиб,

Жавоби йўқ энди саволларингни.

Энди жим ўйлайсан баридан кечиб

Унутмоқчи бўлган хаёлларингни.

 

Ориф Толиб

 

2011

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.