Йили ва йилда

0
390
марта кўрилган.

Воқеа-ҳодисанинг тарихи бўлади. Тарихнинг муҳим жиҳатларидан бири – саналардир.

Йилларни ифодалашда “йили” ва “йилда” сўзлари қўлланади. Масалан, 2019 йили ёки 2019 йилда. Мен кўпинча 2019 йили деб қўллайман. Чунки санадан кейин яна -да қўшимчали сўз келиши мумкин ва такрор пайдо бўлади. Масалан:

2018 йилда корхонамизда янги бўлим иш бошлади.

Ёки:

Эркин Воҳидов 1936 йилда Фарғона вилоятида туғилган.

Мана шундай ўринларда йили деб қўллаган маъқул.

Йил ва кун биргаликда яхлит санани билдирса, -да ишлатилади. Масалан:

Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Олтиариқ туманида дунёга келган.

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги гапда иккита -да қўшимчаси кетма-кет келиб қолди. Бундай ҳолларда 1936 йил 28 декабр куни, деган маъқул.

Йил ва кун бирга келганда йил ишлатилади, йили эмас. Масалан, 1936 йили 28 декабрда дейиш хато.

Кун бирор йилга тегишли экани билдирилганда қаратқич қўшимчаси (-нинг) ишлатилиши ҳам, ишлатилмаслиги ҳам мумкин. Агар кун санаси аниқ кўрсатилса, -нинг ишлатилади, ноаниқ бўлса, тушириб қолдирса бўлади:

  1. 1936 йилнинг 28 декабрида.
  2. 1936 йил(нинг) декабрида.

Бу қоидаларга доим амал қилиш шарт эмас. Баъзи ўринларда йилда деб ишлатиш ўринлироқ бўлади. Қай бирини ишлатишни жумла ва умумий мазмун (контекст)дан келиб чиқиб белгилайсиз.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.