Беш мингталикни олсам…

0
499
марта кўрилган.

Сартарош бой бир ишбилармоннинг сочини оларкан, уни гапга солгиси, кайфиятини кўтаргиси келарди. Шу пайт кўзи кўчада ўйнаб юрган таниш бир болага тушиб қолди.

– Анави жингалак соч болани кўряпсизми? – деди у мижозига. – Дунёдаги энг тентак бола ана шу бўлади.

– Ие, нега бундай деяпсиз? – деб ҳайрон бўлди ишбилармон.

Сартарош:

– Ҳозир ўзингиз кўрасиз, – деди-да деразадан бўйнини чўзиб, болани чақирди, – Мулла Аливой, бу ёққа келинг-чи, сизда бир иш бор.

Бола индамайгина сартарошхона кириб келди ва анқов қиёфада салом берди.

– Қараб туринг, – деди сартарош мижозининг қулоғига. Сўнг бир қўлида минг сўмлик, иккинчисида беш минг сўмлик пул билан болага юзланди: – Қай бирини танлайсиз, той бола?

Али бир у пулга, бир бу пулга қаради, ўзича яхшилаб ўйлаб-мушоҳада қилди. Сўнг тез бориб минг сўмликни олди.

Сартарош болага рухсат бергач, мижозига жилмайди:

– Кўрдингизми, нима дегандим! – деди завқ билан.

Соч-соқоли қиртишлангач, ишбилармон кўчага чиқди ва нарироқда ўзи билан ўзи ўйнаб юрган болакайни кўриб қолди. Унга яқинлашиб, нега беш минг сўмликни эмас, минг сўмликни танлаганини сўради. Бола анқов ёки эсипастга мутлақо ўхшамаган қиёфада жавоб берди:

– Ха-ха-ха! Агар беш мингталикни олсам, ўйин тугайди-да!

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 

 

“Маърифат” газетасида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.