Чорсу майдонидаги расм

0
505
марта кўрилган.

Уста бир рассомнинг шогирди таҳсилни тамомлади. Битирувчисини кузатишдан олдин яна бир сабоқ беришни истаган устоз унга шундай деди:

– Энг охирги ишлаган расмингни шаҳарнинг энг гавжум жойига ил. Ёнида қизил қалам ва қоғоз қолдир. Илтимоснома ёзиб қўй, одамлар ўзига маъқул тушмаган жиҳатларни шу қоғозга тушириб кетсин.

Устозининг айтганларини бажарган шогирд бир неча кундан сўнг расм илинган жойга – Чорсу майдонига борди. Одамлар алоҳида қўйилган қоғозни тўлдириб, расмнинг ўзига ҳам танқидларини ёзишибди. Шогирд тушкун кайфиятда устозининг олдига келди. Устоз эса хафа бўлмаслигини, шу расмни бошқатдан чизишини айтди. Расм тайёр бўлгач, яна шаҳарнинг энг гавжум жойига илишни буюрди. Фақат бу сафар сурат ёнига бўёқлар жамланмаси ва қалам-чўтка қўйишни, ёнига маъқул бўлмаган ўринларни тузатишни сўраб илтимоснома ёзишни топширди.

Шогирд бир неча кундан сўнг ҳаяжон ичида Чорсу майдонига борди. Расмга умуман тегинилмаган эди. Севинчи ичига сиғмаган шогирд устозининг ёнига жуда хурсанд ҳолда келди.

– Биринчи гал кўрдинг: одамларга имкон берилса, ўйламай-нетмай танқид қилишни қотиришади, – деди устоз. – Ҳатто рассомликдан мутлақо хабарсиз кишилар ҳам расмингни қоралади. Иккинчи сафар эса улардан аниқ далил, амалий ҳаракат сўрадинг. Ҳар қандай касбда, хусусан, рассомликда ҳам қобилият ва тарбия керак. Шу сабабли ҳам ҳеч ким ўзи билмаган нарсани тузатишга жасорат эта олмади. Демак, ёдингда бўлсин:

– Меҳнат-машаққатларингнинг ҳақи ёки мукофотини қилган ишингни тушунмаган одамлардан ололмайсан.

– Қадрингни билмаганларга жон куйдириб, меҳнатингни сарфлама.

– Билмаганлар билан асло тортишма.

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 

“Маърифат” газетасида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.