Деҳқон ва сув париси

0
256
марта кўрилган.

Деҳқон болтасини дарёга тушириб юборди. Ғамга ботганча қирғоқда кўзёш тўка бошлади. Буни эшитган сув парисининг унга раҳми келди. Дарёдан олтин болта олиб чиқиб:

– Мана шу сенинг болтангми? – деди.

– Йўқ, меники эмас, – деди деҳқон.

Сув париси кумуш болта олиб чиқди. Деҳқон бу ҳам уники эмаслигини айтди. Шундан сўнг сув париси ҳақиқий болтани келтирди.

– Ҳа, мана шу менинг болтам, – деди деҳқон.

Сув париси деҳқонга тўғрисўзлиги учун учала болтани ҳам совға қилди. Уйга қайтгач, деҳқон дўстларига болталарни кўрсатди ва бўлган воқеани айтиб берди. Буни эшитган бошқа бир деҳқон шундай йўл тутиб, қимматбаҳо болталарга эришишни мўлжаллади. Дарё бўйига бориб, болтасини атай сувга отди. Сўнг йиғлашга тушди.

Сув париси олтин болта олиб чиқди ва сўради:

– Бу сенинг болтангми, оғайни?

– Ҳа, ҳа, меники! – деб қичқирди деҳқон қувонганча.

Сув париси ёлғончи деҳқонга олтин болтани бермади, ўзиники ҳам қайтармади.

 

Ориф Толиб таржимаси

 

“Ғунча” журналининг 2019 йил 2-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.