Капалакнинг заиф қанотлари

0
48
марта кўрилган.

Токча четида бир пилла қолиб кетган эди. Унда кичкина тирқиш пайдо бўлди. Уй эгасининг кўзи тўсатдан шу пиллага тушиб қолди ва капалак уни қандай қилиб ёриб чиқишга уринаётганини кузата бошлади. Орадан анча вақт ўтди. Капалак уринишдан тўхтаганга ўхшар, тирқишнинг катталиги эса ўзгармагандай эди. Гўё у қўлидан келган ҳамма ишни қилгану бу ёғига мадори умуман қолмагандай эди.

Одам унга ёрдам беришга қарор қилди. Қаламтарошини олди-да, пиллани кесиб, тешикни каттайтирди. Капалак шу заҳоти ташқарига чиқди. Лекин унинг танаси жудаям кучсиз ва нимжон эди, нозик қанотлари зўрға қимирларди.

Уй эгаси кузатишда давом этди. Капалак ҳозир қанотларини ёяди-да, учиб кетади, деб ўйлади у. Аммо ҳеч бир ўзгариш бўлмади!

Капалак умрининг қолган қисмини ўлимсанги танаси ва очилмаган қанотларини ерга судраб ўтказди. Уча олмади.

Нега бундай бўлди? Чунки унга ёрдам бермоқчи бўлган одам пилланинг кичкина тирқишидан чиқиш учун капалакка қўшимча вақт ва куч кераклигини англамади. Танасидан етиб келган суюқлик капалакнинг қанотларини ҳаракатга келтирар, у шундагина уча оларди. Ҳаёт унинг олдига ана шу қобиқни ёриб чиқиш машаққатини қўйган, эвазига эса ўсиш-ривожланишни ваъда этган эди.

Жисмоний-маънавий жиҳатдан бир поғона юқорилаш, тажриба орттириб, ўз йўлимизни топиш учун баъзида қийинчиликларга эҳтиёж сезамиз. Уларсиз биз ғўр ва мўрт бўлиб қоламиз. Агар уларни сабр-бардош, матонат билан енгмасак, ўз кучимизга, Худо берган қобилиятимизга ишонмасак, ҳеч қачон чиниқа олмаймиз. Имкониятларимиз, иқтидоримиз капалакнинг заиф қанотлари каби фойдасиз бўлиб қолади.

 

Ориф Толиб

 

“Ёшлик” журналининг 2017 йил 7-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.