Кераксиз ишонч

0
1066
марта кўрилган.

Бир куни ҳайвонот боғида филлар ёнидан ўтаётиб ғалати бир манзарага кўзим тушиб қолди. Баҳайбат, улкан филлар олд оёғидан нозик арқонлар билан бойлаб қўйилган эди. На занжир бор, на қафас. Филлар бу арқонларни бир силтанишда бемалол узиб кетиши мумкин эди. Лекин негадир улар бунга ҳаракат ҳам қилмас, жимгина турарди.

Мен ҳайвон ўргатувчининг олдига бордим ва нима сабабдан бундай улкан жониворлар қимир этмай тургани, бўшалишга уринмаётганини сўрадим. У: “Филлар жуда ёш пайтида уларни худди шундай нозик арқонлар билан бойлаб қўйгандик. Улар мана ҳозир катта бўлди, лекин арқонларни ўзгартирганимиз йўқ. Чунки филлар арқонларни узиб кетиб бўлмаслигига ишонади ва қутулишга ҳаракат ҳам қилмайди”, деб жавоб берди.

Ниҳоят даражада ҳайратланарли ҳолат. Бу жониворлар истаган пайтларида арқонларни парча-парча қилишлари мумкин эди. Бироқ бундай қилолмасликларига ишонганлари сабабли шу ҳолларида умрларининг охирига қадар қимирламай турсалар керак.

Бу филлар бизга ажабтовур туюляпти. Лекин улар тушган каби ҳолатларга биз тушмаганмизми? Қачондир уринган ва эплолмаган ишимиздан юрак олдириб қўйиб, унга умуман қўл урмасликка қарор қилмаганмизми?

 

Ориф Толиб
тайёрлади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.