Мўъжизанинг баҳоси

2
1129
марта кўрилган.

Тесси ўн ёшлардаги истарали бир қизча. У бир куни ота-онаси укаси ҳақида гаплашаётганини эшитиб қолди. Қизча укаси оғир касал эканини ва давотиш учун ота-онасида пул йўқлигини билди. Оила яқинда бошқа уйга кўчиб ўтган, шу сабаб бир пайтда уйга ва муолажага тўлов қилишнинг иложи йўқ эди. Теддини кучли малакага эга ва шу билан бирга хизмати қиммат жарроҳгина даволаши мумкин эди.

Тессининг онаси йиғлар, отаси эса умидсиз бир оҳангда гапирарди:

– Теддини ҳозир фақат мўъжизагина қутқариб қолиши мумкин.

Бу гапни эшитиб, қизча хонасига югуриб кирди, ғаладондаги қутичасини очди. Унинг бутун бойлиги шу идишга жамланган эди. Тангаларини гиламга тўкди-да, санай бошлади. Адашмаслик учун уч марта санади. Сўнг пулларини қутичага солиб, бор кучи билан дорихонага қараб югурди. Тесси доричи унга вақт ажратишини жимгина кутиб турди. Бироқ оқ халатли киши бошқа бир киши билан қизғин суҳбатлашар, хона четидаги ўн яшар қизчага қараб ҳам қўймасди. Хийла вақт ўтди. Қизча нима қиларини билмай, оёқларини бир-бирига тап-тап этказиб урди. Бироқ фойдасиз. Сўнг қаттиқ-қаттиқ йўталди. Аммо бу ҳам наф бермади. Ниҳоят у битта тангани олиб, ойнани чертди. Ниҳоят доричи унга қаради!

– Нима керак сенга? – деди у асабийлашиб. – Кўрмаяпсанми, укам билан гаплашяпман. Атай Чикагодан келган, неччи йилдан бери кўришмаган эдим.

– Мен ҳам укамни деб бу ерга келдим, – деди Тесси овози титраб. – У жудаям оғир касал… Мен унга мўъжиза сотиб олмоқчийдим.

– Узр, нима дединг?

– Укамнинг исми Тед, унинг бошида битта ёмон нарса ўсяпти экан. Дадам: “Уни фақат мўъжиза қутқариши мумкин”, деб айтди. Ўша мўъжиза неча пул туради?

– Қизалоғим, биз мўъжиза сотмаймиз. Кечирасан, сенга ёрдам беролмайман, – деди доричи.

– Пулим бор, агар кам бўлса, яна опкеламан. Қанчалигини айтаверинг.

Доричининг пўрим кийинган укаси чўнқайиб ўтирди-да, қизчани ёнига чақирди:

– Кел-чи, қизим, укангга қанақа мўъжиза керак?

– Билмадим, – деди Тесси йиғламсираб. – Мен фақат укам касаллигини, уни операция қилиш кераклигини биламан. Ойим шундай деди. Лекин дадам унга пул тўлолмайди. Шунинг учун ўзимнинг пулимни ишлатишга қарор қилдим.

– Қанча пулинг бор? – деб сўради чикаголик киши.

– Бир доллару ўн бир цент, – деб ғўлдиради қизча. – Бор пулим – шу. Бу кам бўлса, яна опкеламан.

Чикаголик киши тангаларни олди-да, қизчанинг қўлидан тутди. Уйига олиб боришини сўради:

– Ҳозир уйларингга борамиз. Ота-онангни, укангни кўришимиз керак. Ўшанда унга қанақа мўъжиза кераклигини аниқлайман.

Бу пўрим кийимли киши нейрохирургия соҳасида довруқ қозонган таниқли жарроҳ Карлтон Армстронг эди. У жарроҳлик амалиётини мутлоқ текинга қилди ва Тедди тез орада уйига соппа-соғ бўлиб қайтди. Ота-она ўзида йўқ хурсанд, бири олиб-бири қўйиб дўхтирни мақтар, уни йўлиқтиргани учун Худога шукрлар айтарди.

– Бу дўхтир ҳақиқий мўъжиза бўлди, ғойибдан келди, – деб шивирларди она, – Билмадим, бунақа операция неча пул тураркан…

Тессининг юзларига табассум югурди. У мўъжизанинг баҳоси қанчалигини жуда яхши биларди… Бир доллару ўн бир цент ва ўн яшар қизалоқнинг самимий ишончи.

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 

“Маърифат” газетасининг 2017 йил 7 июн сонида чоп этилган.

2 Мулоҳаза

  1. Assalomu alaykum, sayt ijodkorlari! Saytga joylagan maqola va materiallaringizni o’qib, ochig’i, dilim yayraydi. Men “Salomatlik sirlari” gazetasining bosh muharririman. Ushbu materiallardan gazetamiz sahifalarini boyitishni juda istardim. Shu xususda kim bilan bog’lansam bo’ladi. Hurmat bilan Lobar Qandaxorova

    • Ва алайкум ассалом. Материалларни қайта босиш масаласида “Боғланиш” бўлими орқали алоқага чиқишингиз мумкин. Эслатма: сайтдаги аксарият материаллар китоб, газета ва журналларда чоп этиб бўлинган.
      Фойдаланиш қоидалари билан https://oriftolib.uz/yangiliklar/foydalanish-qoidalari/ манзилида танишишингиз мумкин.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.