Стенфорд университети

0
923
марта кўрилган.

Катта ёшли эркак ва аёл истиҳолали бир қиёфада университет ректоратига кириб келди. Кийимларининг ранги бирмунча ўнгиган, оҳори тўкилган эди. Уларни кўрган котиба сакраб ўрнидан турди-да, олдиларини тўсди. Қишлоқилиги шундоқ кўриниб турган бу кишиларнинг Ҳарвард университетида нима ишлари бўлиши мумкин?

Эр ректор ҳузурига келишганини айтди. Котиба ректор бугун жуда бандлигини, ҳозир уларга вақт айира олмаслиги тушунтирди. Аёл: “Майли, кутамиз…” деди-да, эри билан четроққа бориб ўтирди. Кутиб-кутиб, охири зерикишади, деб ўйлади котиба, сўнг ўз ишлари билан овора бўлди. Соатлар ўтди, лекин икки қария сабр билан кутаверди…

Ниҳоят котибанинг ўзи зерикди. Ректорнинг ёнига кириб: “Кўришмасангиз бўлмайди шекилли, кетадиганга ўхшашмайди”, деди. Бошқа чора йўқ эди. Ёш ректор истамайгина уларни хонасига таклиф этди. Бу ҳолат унга ёқмагани, жуда ҳафсаласиз экани шундоққина кўриниб турарди. Вилоятдан келганлару жулдурвоқи қишлоқиларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Бунинг устига ундай мартабали кишининг ҳузурига тап тортмай келишларини айтмайсизми? Хуллас, қовоғидан қор ёғар, асаблари таранг эди.

Аёл дарҳол сўзга киришди. Ҳарвардда ўқиган фарзандлари бир йил олдин оламдан ўтибди. Ўғиллари бу ерда ўқиганда жуда бахтиёр бўлган экан, шу боис унинг хотирасига бағишлаб университет ҳудудида бирорта ёдгорлик тиклашни ният қилишибди.

Бу сўзлардан ректорнинг кўнгли юмшамади, аксинча ғазаби келди. “Агар, – деди у истеҳзоли товушда, – Ҳарвардда ўқиган, сўнг ўлган ҳар битта одамга ёдгорлик ўрнатаверсак, бу ер қабристонга айланиб кетади-ку…”

“Йўқ, йўқ… – деб унинг сўзини бўлди аёл. – Ёдгорлик эмас. Ҳарвардда бирорта бино қуришимиз мумкин”. Ректор уларнинг оҳори тўкилган кийимларига нафрат билан боқди-да: “Бино денг?.. – деди асаби ўйнаб. – Сиз битта бино қанчага тушишини биласизми? Энг сўнгги тиклаган иншоотимизга етти ярим миллион доллардан кўпроқ маблағ кетди…”

Бу беҳуда суҳбат энди тўхтайди, бедаво дардисарлардан ҳам қутуламан, деб ўйлади ректор. Аёл бу гапдан сўнг эрига қаради ва: “Бино кўтариш учун бошида шунча пул керак экан, холос. Ундан кўра ўз университетимизни қурсак бўлмайдими?” Аёлнинг гапини эри бош силкитиб маъқуллади. Ректорнинг юз ифодасида эса ҳайрат ва ҳаяжон қоришиқ эди.

Шу билан суҳбат тугади. Жейн ва унинг эри – темирйўлчи тадбиркор, сенатор, собиқ губернатор Леланд Стенфорд Шимолий Калифорнияга, Поло Алто шаҳрига келиб, жаноб ректор менсимаган ўғилларининг шарафига университет очдилар.

Ўн олти ёшга ҳам тўлмай 1884 йили дунёдан кўз юмган кичик Леланд Стенфорд шарафига қад ростлаган бу университет бугун дунёнинг энг йирик ва етакчи олий ўқув юртларидан биридир.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.