Юрий Дуд: зўр интервю олиш сирлари

0
1051
марта кўрилган.

Юрий Дуд – ютубдаги машҳур “вДудь” канали асосчиси. Каналда асосан машҳур шахслар билан интервюлар бериб борилади. 2021 йил январ ҳолатига ушбу саҳифа 8,55 миллиондан ортиқ обуначига эга, ундаги видеолар 1,2 миллиард мартадан ортиқроқ кўрилган.

Юрий Дуд ўзбек тилли интернет фойдаланувчилари орасида ҳам танилиб улгурган. Унинг бир нечта ҳужжатли филмлари ўзбекчага ўгирилган.

“Яндекс. Дзен”даги “Муҳаррир нимани ўқиши керак?” канали Юрий Дуднинг “Тайм код 2016” ёш журналистлар фестивалида қилган маърузасидан энг муҳим қисмларни матн кўринишида тақдим этган экан. “Дарахтни қандай гапиртириш мумкин?” деб номланган бу маърузада интервю олиш сирлари, унда нималарга эътибор бериш керак, нималар мумкину нималар мумкин эмаслиги ҳақида қизиқарли, асосли фикрлар айтилган. Бўлажак ва фаолиятдаги журналисту блогерлар, шу соҳага қизиққанларга фойдаси тегар деган ниятда маъруза матнини ўзбекчага ўгирдим.

  Маъруза ҳали “вДудь” канали ишга тушмаган ва Юрий Дуд интервью устаси сифатида шуҳрат қозонмаган пайтларда ўқилган. Балки, унда айтилган тартиб-қоидаларга амал қилгани учун ҳам Юрий интервю борасида катта ютуқларга эришгандир.

 

 

Қизиқарли одамни топинг

Журналист интервюга кўпинча фақат машҳурлар орасидан қаҳрамон излайди. Бу – хато ёндашув. Таниқли одамлар одатда ҳаммага маълум бўлади: кўп интервю беради, ўзи ҳақида гапиради, воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиради. Биз энди бу одам у ёки бу масалада қандай фикрда эканини билиб бўламиз, унинг кечмишини ҳам бир неча бор эшитиб улгурганмиз. Бу ҳолат “жири қолмаган ер” ҳолатини юзага келтиради – у бошқа янги гап айтолмайди, ундан ортиқ бирор нарса олиб бўлмайди.

Бундай кишилар билан қилинган интервю сийқаси чиққан маълумотга айланади. Машҳур одам билан қизиқарли суҳбат уюштиришнинг ягона йўли – бунгача унга ҳеч ким бермаган саволларни беришдир.

Интервю учун айтадиган гапи бор, у ҳақидаги маълумот бошқаларга қизиқ бўлган одамни изланг.

 

Тайёргарлик кўринг

Суҳбатдан олдин суҳбатдошни ипидан игнасигача ўрганинг: олдинги интервюларини ўқинг, у билан тез-тез мулоқотда бўладиган ва у ҳақида сиз билмайдиган нарсани биладиган одамлар билан гаплашинг. ОАВ ва тармоқларга назар ташланг, бу одамга алоқадор ҳамма нарсани кўздан кечиринг. Масалан, Кержаков калит сўзи бўйича маълумот қидиринг ва унинг сўнгги йиллардаги фаолияти билан тўлиқ танишинг.

 Интервюни ўқигандан кейин ўқувчининг калласида нимадир фойдали нарса қолиши керак.

 

Саволлар кетма-кетлигини режалаштиринг

Агар саволларни янглиш тартибламасангиз, суҳбатдош “ёпилиб” олиши ва ундан ҳеч нарса ундиролмаслигингиз мумкин. Шунинг учун дастаб ёқимлироқ бирор нарса ҳақида сўранг, майли, умумий мавзуда бўлса ҳам. Бундай саволлардан мақсад – одамни гапиртириш, у ўзини қўйиб юбориши ва қаҳрамонлигини ҳис этиши керак. Шундан кейингина оғир саволларга ўтинг…

“Қопқон” саволлар тузиш техникаси бор: ёқимсиз тузоқ саволлар бутун интервюга сочиб чиқилади. Масалан, Москва ҳокимлигига сайловлар арафаси Навалний пойтахтнинг “Спартак” жамоаси мухлиси эканини айтганди. Мақсад – футбол клуби мухлисларини ўз томонига оғдириш. Кейинроқ коррупцияга бағишланган интервюда журналист унга бирдан: “Макгидининг қарорига қандай муносабат билдирасиз?” деб савол бериб қолди. Макгиди – “Спартак” ўйинчиси, у жамоадан кетишга қарор қилган ва бу мухлисларни безовта этаётганди. Навалний гап нима ҳақидалигини англамади ва унинг жамоага умуман мухлис эмаслиги ойдинлашди.

 

Қўрқманг

Ҳеч қачон “Биз ким-у, бу зотлар ким?!” деманг. Ҳатто суҳбатдошингиз сиздан юз карра машҳур ва анча кўп пул топса ҳам. Бу у билан алоҳида бир тарзда гаплашишингиз кераклигини англатмайди. Мулойим бўлинг, ёшини ҳурматланг, сурбетлашманг, лекин қўрқманг ҳам.

Ёдингизда тутинг: Россия йўлларида сайру саёҳат қилиш энг машҳур одам билан суҳбатлашишдан кўра хавфлироқ.

 

Камроқ кўрининг

Интервю қаҳрамони ва интервючи – суҳбатнинг тенг аҳамиятли иштирокчилари эмас. Интервю олаётган одам яхши официантдек бўлиши керак: борлиги сезилмайди, ҳар гапга суқиладиган хира пашша эмас, лекин хизмати зўр.

Саволларингиз қисқа бўлсин. Сиз бу борада қандай фикрда эканингиз, тажрибаларингиз ҳақида гапирманг. Мабодо буларни айтмоқчи бўлсангиз, муаллифлик қайдлари сифатида қоғозга туширинг ёки блог юритинг.

Интервю сиз ҳақингизда эмас, суҳбатдошингиз ҳақида.

 

Ютқазишдан қўрқманг

Кўпчиликнинг ўйича, интервючи суҳбатдошни бурчакка қисиб қўйса, уни мағлуб этса, зўр интервю чиқади. Лекин ҳар доим ҳам бундай эмас. Журналистнинг вазифаси – интервюда ғалаба қозониш эмас, интервюни қизиқарли қилиш. Агар бюджет пулларини ўғирлайдиган мечкай амалдор билан суҳбат қиладиган бўлсангиз, ният уни ноқулай аҳволга солиш, қилмишларини ошкор қилиш бўлади. Аммо бошқалар билан интерю уюштирганда муддао ўзгаради.

 

Аниқликни сақланг

Бу энг биринчи навбатда матнли интервюга тегишли. Суҳбатдошнинг сўзларини ўз тилингизга ағдарманг. Албатта, матнни кераксиз, ўринсиз сўзлар чиқиндисидан тозалайсиз. Чала-ярим жавоблардан ҳам киприк қоқмай воз кечинг. Аммо суҳбатдошга хос ифода йўсинига, жаргонларга заха етказманг.

Зўр интервю – одам ўқиганда худди эшитгандек бўладиган интервюдир.

 

Тасдиқлатинг ва текширинг

Суҳбат тайёр бўлгач, уни интервю қаҳрамонига кўрсатиб олиш керак. Бу босқичда муаммолар юзага келиши мумкин. Баъзилар суҳбатдан ўзига ноқулай бўлган ўринларни олиб ташлашни сўрайди. Кўпинча айни ўша қисм суҳбатнинг энг қизиқ жойи бўлади. Бундай ҳолатларда олиб ташланаётган бўлак ўрнига қизиқарлилиги бундан кам бўлмаган қўшимча қўшишга келишиш мумкин.

Кўрсатиб олиш босқичи фақат салбий жиҳатларга эга эмас. Яхши томони – фактларни текшириб олиш. Интервю давомида суҳбатдош чалкашиши, адашиши ва бирор ноаниқ гапни айтиши мумкин. Интервюни кўздан кечираётган пайтда ана шу хатоларни тўғрилаб беради.

 

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси  

 

👉 Русчасини ўқиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.