Бободеҳқоним менинг

0
570
марта кўрилган.

Ғир-ғир шабада эсиб турган далада кетмондастага суяниб, хаёл суриб ўтирган деҳқонга кўзингиз тушганми? Ҳозиргина қатор-қатор эгатларга сув тараб келган бу қорамағиз кишининг манглайига эгат-эгат ажин тушган, уларни оралаб маржон-маржон тер оқади. Елкасига ташланган дурра билан юз-кўзи, бўйни, қўлларини тез-тез артиб қўяди. Аллақачон кун оғган бўлса-да, ҳавонинг дами баланд. Деҳқон ўзи обод қилган пайкалга қараб хаёлга чўмади. Умри деярли далада ўтадиган бу одамнинг бутун ҳаёти, турмуши, ўй-фикрлари ерга боғланган. Шу сабаб асосан экин-тикини, рўзғори, бола-чақаси ҳақида ўйлайди. Уларга чиндан меҳр қўяди, шу меҳр билан кўнгли тўлади.

Деҳқон одам содда, самимий бўлади. Мен деҳқон боласиман. Шу пайтгача бировни чув туширган, сўзида турмайдиган деҳқонни учратмадим. Лекин баъзки айёр одамларнинг катта-катта майдонларга экин қилиб, катта пул сарфлаб, барака топмаганига кўп гувоҳ бўлганман. Чунки улар деҳқонликни, деҳқончиликни барибир эплашолмайди. Деҳқон одам табиатан мард бўлади. Йил бўйи меҳнат қилиб, йиққан ҳосилини кўп тортишмай, арзонроққа сотиб юбораверади. Чунки у чўнтагини қаппайтириш учун тер тўкмаган. У биринчи ўринда кўнгил розилигини, яъни, Аллоҳ розилигини истайди. У бировни оғринтирмайди, уч-тўрт сўмга ўзи ҳам оғринмайди.

Болалик пайтим эди. Ўн беш сўтихча ерга сабзи экувдик. Ҳосилни йиғиб-териб, ўраларга жойладик. Баҳорга яқин сабзини сотиш учун саралай бошладик. Биз болалар ёшлик қилибми ё эринибми, йирик сабзиларга кичикроқларини ҳам қўшиб юборавердик. Шунда раҳматли бобом бизни қаттиқ уришиб бердилар, сабзиларни яна бошдан ўзлари саралаб чиқдилар. Балки ўша бир-иккита кичик сабзини биров пайқамас, пайқаса ҳам аҳамият бермас. Лекин гап бошқа ёқда. Ўртада ишонч бор, лафз бор.

Сабзини қўшни тумандаги бозорга олиб бордик. Анчасини майдалаб сотдик. Кейин улгуржи харидор – олибсотар келди. Савдолаша-савдолаша, ўзи айтган арзонроқ нархга сотиб олди. Кейинги ҳафта ўзимизнинг туман бозорига бордик. Нарх бироз кўтарилди. Шунда ҳалиги олибсотар яна келди. Кейин кутилмаган, ғалати бир гапни айтди. Олдинги бозор биздан сабзи олиб, фойда қилолмабди, зарар кўрибди. Шу сабабли энди унга арзонроқ беришимиз ё кўрган зарарини қоплашимиз керак экан. Табиий, дадам унга керакли жавобни берди, биз турган жойга қайтиб яқинлашмади. Лекин менинг ғазабим борган сари оловланар, тепа сочим тикка бўларди. Унинг шу гапни уялмай-нетмай айтганига чидаёлмасдим…

Устоз ёзувчиларимиздан бири айтади: “Бир академик танишим билан бозорга тушдик. Ҳамма нарсани талашиб-тортишиб, савдолашиб олди. Лекин турпга келганида негадир айтилган нархга кўнди. Сабабини сўрасам, турп соғлиққа фойдалигини, бундан ҳам муҳимроғи, деҳқон меҳнатини қадрлаш кераклиги айтди. Чиндан ҳамн, меҳнатни қадрлашни ўрганишимиз зарур”. Нарх пастлагани сабаб бозори юришмай турган деҳқонни ерга уриб, пачакилашаётган олибсотарни ёки зўравон харидорни кўрсам, ўша ўн йил олдинги воқеа эсимга тушади…

Асл деҳқон мўл ҳосил олиб, бойиб кетса ҳам, ишини ташламайди. Яна далага йўл олади, қора ерга қора тер тўкиб, меҳнат қилаверади. Унинг қисмати шу – ризқ топади, одамларга улашади.

Чин деҳқоннинг юраги даласидай кенг бўлади. Кетмондастга суяниб, ўй сураётган деҳқонни бир гапга солиб кўринг. Самимий сўзлари худди дуога ўхшайди. У ҳамиша эзгулик тарафдори, элга тинчлик-тотувлик, фаровонлик тилайди. Шунда унинг пок, таъсирчан юраги сизга туғишгандек яқин эканини туясиз ва кўнглингиздан: “Ёмонлик кўрманг, умрингиз баракали, юзингиз ёруғ бўлсин, бободеҳқоним!” деган яхши ният ўтади.

 

Ориф Толиб

 

2011

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.