Фижи Республикаси

0
759
марта кўрилган.

Майдони: 18 274 кв.км.

Аҳолиси: 850 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Сува шаҳри.

Бошқарув шакли: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 4 та округ ва бир бўйсунувчи ҳудудга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Сува, Нанди, Лаутока.

Пул бирлиги: фижи доллари.

Жуғрофий ўрни, табиати. Тинч уммонининг жанубий қисмида, Фижи тўпоролларида жойлашган. Республика таркибига 332 та орол киради, уларнинг учдан биридагина одам яшайди, холос. Энг катта ороллари Вити Леву ва Вануа Леву. Вити Леву ороли мамлакат аҳолисининг етмиш фоизини ўз бағрига олган.

Иқлими – тропик. Тоғли ороллар ёғин миқдори кўплиги билан ажралиб туради. Пойтахт Сува жойлашган Вити Леву оролига йилига 3000 мм дан 5000 мм гача ёғин тушади.

Кунлик ўртача ҳарорат мавсумга қараб ўзгаради. Қурғоқчилик мавсумида у 23-25 даража атрофида, ёғингарчилик мавсумида эса 26-27 даража атрофида бўлади. Энг совуқ ва энг иссиқ ҳарорат орасидаги фарқ 3-4 даража, холос. Соҳилбўйи ҳудудларида кечқурун ҳарорат 18 даражагача тушади, кундузлари эса 32 даражагача кўтарилади.

Мамлакат ҳудудида 2600 га яқин турдаги ўсимлик бор. Уларнинг 1600 га яқини маҳаллий, қолган 1000 га яқин хилдаги ўсимлик кўпайтирилган.

Ҳайвонот олами нисбатан қашшоқ. Жониворларнинг кўпи бошқа ерлардан олиб келинган. Ҳашаротларнинг тури кўп. Турли ҳисоб-китобларга кўра, тўпорол ҳудудида 3500 га яқин турдаги ҳашарот бор.

Тарихий саналари. Фижи оролларида дастлабки манзилгоҳлар милоддан олдинги II мингйиллик ўрталарида пайдо бўлган. Оролларга европаликлардан биринчи бўлиб голландиялик Абель Тасман 1643 йили ва инглиз Жеймс Кук 1774 йили борган. 1874 йили Буюк Британия Фижини мустамлакага айлантирди. 1879 йилдан мустамлакачилар шакарқамиш далаларида ишлатиш учун Ҳиндистондан ишчилар олиб кела бошлади. 1959 йили Фижида миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1970 йил 10 октябрда Буюк Британия мамлакатга мустақиллик беришга мажбур бўлди, аммо у тайинлайдиган генерал-губернатор ҳокимияти сақланиб қолди. 1987 йил 25 сентябрда Ситивени Рабука бошчилигида ҳарбий тўнтариш содир бўлди, 6 октябрда генерал-губернатор лавозими тугатилди ва Фижи республика деб эълон қилинди. Мамлакат 1990 – 1998 йилларда Фижи Суверен Демократик Республикаси, 1998 – 2010 йилларда Фижи Ороллари Республикаси деб аталди.

Фижи 1970 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Миллий байрами – 10 октябр – Мустақиллик куни.

Иқтисоди. Фижи Тинч уммонидаги орол-мамлакатлар ичида энг тараққий этганидир. У ўрмонлар, минераллар ва балиқ ресурсларига бой. Бироқ шундай бўлишига қарамай, 2000 – 2009 йилларда иқтисодий ўсиш ўртача 0,9 фоизни ташкил этди, холос. 2010 йили бу кўрсаткич 0,1 фоизга тушиб кетди. Бунга мамлакатдаги беқарор сиёсий вазият сабаб. Ташқи сармоядорларда мамлакатга қизиқиш камайиши ва малакали мутахассисларнинг четга чиқиб кетиши Фижи иқтисодиётига жиддий зарба берди.

2010 йилги маълумотларга кўра, ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги 16,1 фоиз, ишлаб чиқариш 24,4 фоиз, хизматлар соҳаси 59,5 фоиз улушга эга. Хорижий валюта асосан сайёҳлик соҳаси ва шакар сотишдан келади.

Аҳолиси. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 57,2 фоизи маҳаллий фижиликлар, 37,5 фоизи ҳинд-фижилардан иборат. Шунингдек, оролларда ротума ваа хитой миллатига мансублар, Тинч уммонидаги бошқа ороллардан кўчиб келганлар, дурагайлар ҳам яшайди.

Расмий тиллари – инглиз ва фижи тиллари. Ҳиндлар орасида ҳинд тилининг ҳиндустани лаҳжаси ёйилган.

Дини. Аҳолининг 64,5 фоизи насронийлар. Ҳиндуийлар 27,9 фоизни ташкил этади. Ислом эътиқод қилувчилари сони бўйича учинчи ўринда – 7 фоиз аҳоли (62 500 дан ортиқ киши) мусулмонлардан иборат. Уларнинг кўпчилиги ­­– суннийлар.

Мамлакатга Ислом дини XIX асрдан ёйила бошлаган. Илк мусулмонлар бу ерга 1879 йили келган. Улар ҳиндистонлик меҳнат муҳожирлари эди. 1879 ­­­­­­­– 1916 йиллар орасида Меҳнаткаш-ишчилар дастури бўйича Фижига Ҳиндистондан 60 500 дан ортиқ ишчи келтирилган. Уларнинг аксарияти мусулмонлар эди.

1900 йили “Фижи шакар компанияси” ҳомийлигида мамлакатдаги илк масжид қурилди. 1915 йили Фижи мусулмонларининг биринчи қурултойлари ўтказилди. 1919 йили пойтахт Сува шаҳрида мусулмонлар уюшмаси тузилди. 1926 йилнинг 31 октябрида эса Фижи мусулмонлари идораси ташкил этилди.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.

 

“Ҳидоят” журналининг 2014 йил 12-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.