Ижтимоий тармоқларнинг фойдалари

0
335
марта кўрилган.

Ахборот асрида замонавий технологиялар ҳаётимизга тобора кўпроқ кириб боряпти. Бугун ҳатто боғча тарбияланувчиси ҳам мобил телефондан, ундаги иловалар ва интернетдан фойдаланишни ўрганиб оляпти. Каттаю кичик орасида интернетдан фойдаланувчилар, вақтини кўпроқ у билан ўтказувчилар ортяпти. Келажак ҳаётни интернет ва ҳали кашф этилмаган юқори технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Тўғри, улар ижобий ва салбий хусусиятларга эга. Бироқ юксак технолгиялардан унумли фойдаланмаслик ёки ёшларга олабўжи қилиб кўрсатиш фақат ва фақат зарар келтиради, холос.

Юқоридаги фикрлар ижтимоий тармоқларга ҳам тегишли. Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам олтин қоидага – меъёрни унутмаслик шартига амал қилиш зарур. Келинг, уларнинг ижобий жиҳатлари ҳақида мушоҳада юритамиз.

 

  1. Излаш ва мулоқотдаги қулайлик.

Ижтимоий тармоқларда видео, аудио, сурат, бирор-бир шахс ёки маслакдошларни топиш жуда осон. Бундай сайтларда фойдаланувчилар рўйхатдан ўтиш чоғи кўпинча исми шарифи, туғилган вақти, яшаш манзили, ўқиган, ишлаган жойлари ва айни дамдаги фаолияти ҳақида маълумотлар киритади. Бу маълумотлар алоқалари узилган синфдошлар, курсдошлар ва таниш-билишлар бир-бирларини топишларига ёрдам беради.

Яқинлар билан боғланиш осон ва қулай. Жуда кўп ижтимоий тармоқлар ва уларнинг мобил иловалари орқали ёзма, товушли ва тасвирли шаклда мулоқот қилиш мумкин. Бундан ташқари, алоқа хизматлари жуда арзон. Дунёнинг нариги чеккаси билан ёки қўшни шаҳар-қишлоқлар билан боғланиш бир хил – чўнтакбоп нархда. Бундай қулайлик оддий алоқа воситаларида йўқ.

 

  1. Ахборот топиш ва алмашишдаги енгиллик.

Ижтимоий тармоқларда бирор мавзудаги ахборотни енгиллик билан топиш мумкин. Дейлик, саломатлик соҳасига қизиққан киши айни шу йўналишдаги канал ва гуруҳларга аъзо бўлиши мумкин. Турли соҳаларда маслаҳатлар олиш, керакли билим ва тасаввурлар ҳосил қилиш имконига эга.

Ижтимоий тармоқлар, айниқса мессенжерлар ахборот алмашишда жуда катта қулайликлар берди. Турли шаклдаги ахборотларни узатишни кескин осонлаштириб юборди. Юборилган маълумотлар мессенжерларнинг ўзида сақланиши сабабли интернети бор исталган жойда улардан фойдаланиш мумкин, ҳатто ўз қурилмангидан ўчириб юборган бўлсангиз ҳам.

Бугун илғор ўқитувчилар ижтимоий тармоқларнинг ана шу хусусиятидан усталик билан фойдаланишяпти.

 

  1. Шахсий тарбия, ўз-ўзини ривожлантириш воситаси.

Ижтимоий тармоқларнинг энг мақтовли, аҳамиятли жиҳатларидан бири – илм олиш, касб-ҳунар ўрганишдаги беқиёс ёрдамидир. Кундалик турмушда дуч келинадиган турли юмушларни бажаришни ҳам интернет, хусусан ижтимоий тармоқлар ёрдамида осон ўзлаштириш мумкин. Оддий мисол, аёллар бичиш-тикиш ёки пазандалик сирларини Youtube тармоғидаги каналлардан бемалол ўзлаштира олади.

Замонавий математика, дастурлаш, иқтисодиёт асослари, психология, чет тиллар каби бугуннинг энг долзарб, талаб юқори бўлган фан йўналишлари бўйича ҳам исталганча видеодарслар, қўлланмалар топиш мумкин. Виртуал аудитория учун ташкил этиладиган онлайн дарсларда қатнашса бўлади. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқлар арзон ва бепул таълим олиш учун имконият эшикларини жуда кенг очган.

Бу нафақат илм олиш, балки илм тарқатишда ҳам қўл келади. Турли соҳа мутахассислари ўз педагогик маҳоратларини намойиш этиши, виртуал ўқувчилар йиғиши мумкин. Улар кун келиб бу мутахассиснинг ҳаётдаги реал талабаларига айланиши эҳтимоли ҳам юқори. Бундан ташқари, обуначилари кўп ва видеолари намойиши юқори канал эгалари реклама орқали қўшимча даромадга эга бўла олади. Жаҳонда айни шу йўналишда миллионерга айланган блогер ва влогерлар жуда кўп.

 

  1. Бизнес юритишда беминнат ёрдамчи.

Бугун жуда кўп савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланяпти. Электрон тижорат ривожланган дунёда кенг тарқалган.

Бугун биргина телеграм орқали ишбилармонлик фаолиятини мисли кўрилмаган даражада юксалтириб юбораётганлар талайгина.

Баъзи ижтимоий тармоқларда эса рекламани танланган ёки керакли аудиторияга етказиш имкони бор. Буни фойдаланувчининг қизиқишларини ҳисобга олиб тармоқнинг ўзи алгоритмлар асосида бажариши мумкин.

 

  1. Турли ижтимоий акциялар ва ёрдамлар

Ижтимоий тармоқларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар, етим-есирлар, ногиронлар, бир сўз билан айтганда моддий-маънавий ҳимояга муҳтож қатламга ёрдамлар уюштириш мумкин. Бу айниқса сўнгги йилларда тобора кенг қулоч ёйяпти. Мана шундай кўмаклар кўплаб кишиларнинг дардига малҳам бўлаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари тез-тез хабар бериб турибди.

Ёрдам акцияларидан муҳтожларнинг ўзигина фойда топмайди. Балки хайр-эҳсон қилган, бировга ёрдам қўлини чўзган киши ҳам маънавий-руҳий покланади, ҳаётга муҳаббати, ғайрат-шижоати ортади.

 

  1. Ижодкорлар ва бошқа соҳа вакиллари учун кенг майдон

Қалам аҳлини ижоди танитади. Баъзида бошловчилар, ҳатто тажрибали журналистлар учун ҳам босма ёки электрон нашрлардан “жой тегмай қолиши” мумкин. Чунки ҳар бир нашр ўз талабига, қизиқишига эга. Ижтимоий тармоқлардаги каналлар эса журналист ва блогерлар учун катта майдон очиб беради. Ҳар ким ўз имкони ва иқтидорига, ҳаракати ва ҳафсаласига қараб обуначи йиғиши мумкин. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар тезкорлиги билан ҳам устун. Айни дамдаги воқеа-ҳодиса ҳақида ўша заҳоти ёки тўғридан-тўғри хабар бериш мумкин. Уларни юритиш учун жуда катта техник малака ҳам талаб этилмайди.

Бу имконият нафақат ижодкорлар, балки бошқа соҳа вакиллари учун ҳам. Ҳозир ижтимоий тармоқларда бир неча ўн минглаб обуначиларига эга ҳуқуқшунослар, шифокорлар, илм аҳли, ошпазлар ва бошқаларнинг каналлари фаолият юритади. Бу ўз-ўзини намоён этиш, танилиш ва муваффақият қозониш учун қулай йўлдир.

Бундан ташқари, фикрларини ёзма ифода этиб бориш кишининг ақлий салоҳияти ўсишига ҳам туртки беради.

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 

“Ирфон” тақвимининг 2019 йил 3-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.