Ўзбекча луғат кимнинг масаласи?

0
997
марта кўрилган.

“Қурилиш соҳасида ўзбекча техник луғат йўқлиги вазирлик масаласи ҳисобланмайди”.

 

Kun.uz ёзишича, Қурилиш вазирлиги расмийси иштирокидаги матбуот анжуманида қурилиш соҳаси смета-лойиҳаларидаги барча атамалар рус тилида юритилиши, қурилиш соҳаси қачон ўзбек тилига ўтиши тўғрисида савол берилибди.

Вазирлик вакили қурилишга оид техник луғат собиқ Иттифоқ даврида яратилганини, қолаверса, бугунги кунда бундай русча атамалар ишлатилиши соҳа одамлари учун қийинчилик туғдирмаслигини, қурилиш соҳасида ўзбекча техник луғат йўқлиги вазирлик масаласи ҳисобланмаслигини таъкидлаган. “Шу билан бирга қурилиш соҳасида бажарилган ишлар ҳисоб-китоби ўзбек тилида олиб борилади”, деган Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Агар давлат тилига шундай нуқтаи назардан муносабатда бўлинса, ҳар қандай соҳада ўзбек тилининг аҳволи абгорлашиб бораверади. Тўғри, нафақат қурилиш, балки бошқа соҳалардаги луғатлар ҳам русча луғатлар асосида яратилгани сабабли биз кўп атамаларнинг русчасини ёки русчада қандай қўлланса, шу вариантини қабул қилганмиз. Лекин буни имкон қадар ўзгартириш мумкин. Ҳеч қурса, янги кириб келаётган атамаларни ўзбекчалаштириш ёки тил табиатига мос шаклда ўзлаштириш керак.

Русча сўзлар қийинчилик туғдирмаслиги масаласига келсак, ҳа, шундай. Баъзида ўзбекча сўзлар ва ўзбек тили қийинчилик туғдиради. Шунинг учун қийинчилик туғдирмайдиган рус тилига бирйўла ўтиб қўя қолинади ва русча гапирилади. Бизга ўзбекча ёзиш, ўзбек тилида луғат чиқариш қийин ва ортиқча масала.

Хўш, маълум бир соҳада луғат йўқлиги кимнинг масаласи? Бунга ким бош қотириши керак? Тил-адабиётга ихтисослашган институтларми ёки Давлат тилини ривожлантириш департаментими? Менимча, фақат қурилиш эмас, тиббиёт, математика, ахборот технологиялари, деҳқончилик, сув хўжалиги, биология, банк, бухгалтерия, умуман, ҳар қандай соҳада ўзбекча луғат ёки адабиёт йўқлиги, камлиги учун айни шу соҳанинг юқори ташкилоти қайғуриши керак. Ўзбек тилида керакли қўлланмалар, китоблар ёки луғатлар йўқ бўлса ёки етарли даражада бўлмаса, тил ва таржима билан шуғулланувчи ташкилотларга ёки малакали мутахассисларга буюртма бериб, шу бўшлиқни тўлдириши керак.

Ўзи, Давлат тилини ривожлантириш департаменти лотин алифбоси ислоҳи якунига етгач, бу борада бир ўрганиш олиб борса, камчиликларни аниқлаб, тегишли кўрсатмалар берса, ёмон бўлмасди.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.