Қандай мутолаа қилиш керак?

0
223
марта кўрилган.

Кўп ўқишни истаймиз-у, лекин унинг уддасидан ҳамиша ҳам чиқавермаймиз… Бу ҳайрон қоларли ҳолат эмас. Чунки жуда кўпимиз мутолаа масаласида муаммоларга дуч келамиз. Бундай дамда мутахассисларнинг тавсияларга қулоқ тутиш фойдадан холи эмас. Мутолаа кўникмасини пухта эгаллаб олиш кишига умр бўйи асқатади. Бунинг учун эса:

 

  1. Тўғри талаффуз қилишни ўрганинг. Сўз товушлардан ташкил топади. Биринчи ўринда алифбо ҳарфлари ифодалайдиган барча товушларни тўғри талаффуз қилишни ўрганишингиз зарур. Баъзи товушларнинг айтилиши қийин бўлади. Машқ қилинг, ўрганинг. Ҳатто товуш чиқармай ўқиётганда ҳам, ичингизда товушларни овозсиз айтиб турасиз. Агар бирор товуш талаффузида қийналсангиз, ўқишда ҳам машаққатга учрайсиз.
  2. Ўқиш учун қизиқарли бирор нарса топинг. Бу бадиий китоб, газета-журнал ёки интернетдаги мақола бўлиши мумкин. Ўқиётган нарсангиз сиз учун қизиқарли бўлмаса, мазмуни кўп ўтмай ёдингиздан кўтарилади.
  3. Ўқиш учун тинч жой керак. Чунки диққат жамланмаса, китобни кўнгилдагидек ўқиёлмайсиз, унинг мазмунини ҳам тўла-тўкис англолмайсиз. Мутолаа олдидан хотиржам бўлиш ва чуқур нафас олиш яхши фойда беради.
  4. Агар матн сурат ва расмлар билан безатилган бўлса, олдин уларга эътибор беринг. Шунда нима ўқиётганингизни, умумий мазмунни енгилроқ тушунасиз.
  5. Сабрингиз етгунча ўқинг. Зериксангиз, чарчасангиз ёки нафас ростлашга эҳтиёж сезсангиз, ўша заҳотиёқ танаффус қилиб олинг. Мутолаа сизга лаззат бағишлаши керак. Ўзингизни зўриқтирманг. Танаффусдан сўнг тўхтаган жойингиздан давом эттиринг.
  6. Матнни қайта ўқинг. Агар бирор хатбоши ёки саҳифадаги фикрни, воқеани тўла тушунмаган бўлсангиз, яна қайта ўқинг. Бу табиий ҳолат. Жаҳлланманг, эринманг. Чунки бошида бирор жумла ёки фикрни яхши англолмай қолсангиз, кейин у сизга қайта-қайта панд бераверади. Овоз чиқариб ўқинг. Бу ҳам англашни осонлаштиради. Шунда ҳам тушунишга қийналсангиз, яқинларингиздан ёрдам сўранг.
  7. Ҳар бир саҳифани синчиклаб, эътибор билан ўқинг. Шошманг. Баъзи одамлар тез ўқиб ҳам яхши натижага эришиш мумкин деб ўйлайди. Лекин аксарият ҳолларда кутилган мақсад ҳосил бўлмайди. Бармоқларингиздан кўрсаткич ўрнида фойдаланишингиз мумкин. Бу усул диққатингизни жамлашга ёрдам беради.
  8. Тушунарсиз сўз, ибора ва атамалар маъносини аниқлаштириб олинг. Кўпинча уларга китобнинг ўзида изоҳлар берилади. Агар бундай тушунтиришлар бўлмаса, луғатдан фойдаланинг. Маъносини яхши англамасангиз, мутолаадан жуда кам фойда топасиз.
  9. Диққатни жамланг. Диванда чалқанча ётиб китоб ўқиш танангизни бўшаштиради, кўп ўтмай ухлаб қоласиз. Етарли даражадаги ахборотни гавдани тўғри тутиб ўқигандагина олишингиз мумкин. Масалан, столга рисоладагидай жойлашиб, оёқларни ерга қўйиб мутолаага киришсангиз, эътиборингиз сезиларли даражада ошади. Баъзилар туриб ўқишни ёқтиради, баъзилар эса у ёқдан бу ёққа юрганча ўқишни афзал билади. Мутолаа нафақат кўнгилга, балки танага ҳам завқ бериши керак. Ўзингизга маъқул усулни танланг.
  10. Компьютер, планшет ёки телефон экранидан ўқиётганда қоидаларга амал қилинг. Сиз турган жой ёки хона яхши ёритилган бўлиши шарт. Акс ҳолда кўзингизга жиддий зарар етказасиз. Махсус кўзойнаклардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Улар кўзингизни тез толиқишдан асрайди. Матн шрифтини каттартириб, осон кўринадиган қилиб олинг. Ҳар ярим соатда кўзга дам беринг. Кўзларингизни кўпроқ юмиб-очинг, машқлар қилдиринг. Ётган ҳолатда ўқиманг.
  11. Ўқишни давом эттиринг. Бўш вақтларингизда иложи борича кўпроқ мутолаа қилиш ҳаракатида бўлинг. Кўп ўқиш нафақат луғат бойлигингизни, балки дунёқарашингизни ҳам бойитади. Одамлар сизга бошқача кўз билан қарай бошлайди.

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.