Қутлуғ даргоҳдаги сабоқлар

0
798
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” семинарини анъанавий тарзда ўтказиб келяпти. Бу йил саккизинчи бор ташкил этилаётган семинарнинг республика босқичида назм, наср, болалар адабиёти, адабий танқид, бадиий публицистика, бадиий таржима ва драматургия йўналишларида ўттиздан ортиқ ёш ижодкор иштирок этди. Анжуман 23-25 ноябрь кунлари “Дўрмон” ижод уйида бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда истиқомат қилаётган ўттиз беш нафар ёш ижодкорнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

– Қўлига қалам олиб, адабиёт бўстонига қадам қўйган ҳар ижодкорнинг орзуси – устоз адибларга илҳом бахш этган “Дўрмон ижод боғида бўлиш”, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Бу қутлуғ даргоҳда ҳар йили ўтказилаётган “Истеъдод мактаби” ўқув-семинарлари чинакам илҳом сарчашмаси, чинакам дарсхона, улуғ ижодхона вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ижод” фонди маблағлари ҳисобига ҳар йили ёш ижодкорларимизнинг илк китоблари йигирма минг нусхадан чоп этилиб, мамлакатнинг барча ўқув даргоҳларига бепул тарқатилаётгани – истиқлол йилларида истеъдодли ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг ёрқин намунасидир.

Юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб, ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш – Уюшманинг доимий диққат-эътиборида. Бундан йигирма йил олдин – 1995 йили Жиззах вилоятининг хушманзара Зомин туманида илк бор ёш ижодкорларнинг республика семинари ўтказилган эди. Шундан сўнг Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманларида уюштирилган ёшлар семинарлари ёш ижодкорларга катта илҳом берди, уларни юзага чиқарди.

“Истеъдод мактаби” VIII семинари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, адабиёт ҳақидаги тасаввурларини бойитди, уларга олам-олам завқ берди. Навбатдаги саҳифада семинарда қатнашган ёш ижодкорларнинг машқлари ва анжумандан олган таассуротлари билан танишасиз.


 

 

Гулрух Худоёрова

1991 йили туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек филологияси факультети магистранти.

“Истеъдод мактаби” семинари ҳақида тенгдошларимдан эшитар эканман, ҳар сафар уларга ҳавас билан боқиш баробарида менда ҳам шу семинарда иштирок этиш орзуси пайдо бўлган эди. Бу йил орзум амалга ошди. “Истеъдод мактаби” VIII республика ёш ижодкорлар семинарида назм йўналиши бўйича иштирок этдим. Бир неча кунлик ижодий мулоқотлар натижасида юртимизда истеъдодли, адабиётни чинакамига севадиган ёшлар кўп эканлигига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Устозларнинг самимий суҳбатлари нафақат менда, ўйлайманки, мен қатори семинарда иштирок этган барча тенгдошларимизда катта таассурот қолдирди. Тенгдошларимизнинг шеърларини тинглаб, кези келганда ўз камчликларимни ҳам билиб олдим. Бу семинар биз учун тажриба мактаби бўлди, катта илҳом берди. Ўйлайманки, олган таассуротларимиз ҳали узоқ йиллар бизга йўлдош бўлади, қалбимизни шуълалантириб туради.

 

 

Сарбиназ Турешова

1994 йили туғилган. Қорақалпоқ давлат университети талабаси.

– Ҳамма нарсанинг биринчиси ўзгача, бетакрор таассуротларга бой бўлади. “Дўрмон” ижод уйида кечган адабиёт байрами ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ерда кечган анжуманда биринчи бор иштирок этаётган тенгдошларимиз келажакда бундан-да йирик адабиёт байрамларида қатнашишига шубҳа қилмайман. Лекин уларнинг қалбида Дўрмон семинари умрбод сақланиб қолиши шубҳасиз.

Мен семинарда бадиий публицистика йўналиши бўйича иштирок этдим. Таниқли публицист Сайди Умировдан кўп нарсаларни ўргандим. Келажакда ижодий фаолиятимда асқотадиган қимматли маслаҳатлар олдим. Имкони бўлса, келгуси семинарларда ҳам жон деб қатнашардим.

Биз каби ёшларга шундай шароитлар яратиб бераётган, адабиёт аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган давлатда яшаётганимиздан бениҳоя бахтиёрмиз.

 

 

Элбек Жуманов

1986 йили туғилган. Қарши давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган.

Эл ардоғидаги машҳур шоиру ёзувчилар, адабиётшунос олимлар билан учрашиш, улар билан жонли мулоқот қилиш ижодий ва илмий фаолиятимизда эврилиш ясаши шубҳасиз. Устоз адибларнинг умид ва ишонч билан билдирган мулоҳазалари, самимий эътирофлари, кези келганда ўринли ва аёвсиз танқидлари ўзимизга четдан назар солиш имкониятини яратди.

Улуғ аждодларимиз, жаҳон адабиётининг энг етук намояндаларининг асарлари, шахсияти, ҳаёт йўли ҳақида кўпроқ билганинг сари ҳали қанча изланишинг, ўрганишинг кераклигини ҳис этасан киши.

Рост туйғулар, тоза кўнгил, юксак орзулар ҳақида ёзилган асаргина узоқ яшайди, муҳаббат, бағрикенглик, ҳаётсеварлик каби умуминсоний қадриятларни улуғлаган китоблар замон ва макон чегараларидан ўта олади. “Истеъдод мактаби” семинари бизга бу ҳақиқатни яна бир карра уқтирди.

 

 

Вазира Иброҳимова

1993 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тугатган.

Семинарда қатнашиб, адабиётга, ижод оламига кириб келаётган ҳар бир ёш ижодкорга катта умид билан қараётганини англадим. Устозлар ҳам, китобхонлар ҳам биздан янги фикр, янгича оҳанглар, самимийлик ва табиийликни кутишади.

“Бадиий публицистика” йўналишидаги машғулотларда, Сайди Умиров, Аҳмаджон Мелибоев каби журналистикамизнинг забардаст вакиллари суҳбатидан, ўгитларидан баҳраманд бўлдим. “Публицистикада фақат ҳис-туйғунинг ўзи етарли эмас. Факт ва далиллар, ҳужжатлилик ҳам муҳим ўрин тутади”, дейди Сайди Умиров.

Семинар давомида яна бир катта сабоқ хотирамга муҳрланди: адабиётга ниманингдир илинжида ёки тама билан кириб бўлмайди. Юракдан чиққан самимий мисралар, албатта, юракларга етиб боради, чуқур билим ва мушоҳадага асосланган асарлар бошқаларни ҳам ўйлашга, фикрлашга ундайди.

 

 

Шоҳсанам Нишонова

1995 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаси. 2016 йили “Юрт келажаги” танлови ғолиби бўлган.

Устозларнинг изи қолган қутлуғ Дўрмон боғига боришни, “Истеъдод мактаби” семинарида қатнашишни истамаган ёш ижодкор бўлмаса керак. Бу йил менга ҳам иштирокчи бўлиш насиб қилди. Тўғриси, Дўрмонга биринчи келишим эмас, лекин ҳар доимгидек кўнглимни кучли ҳаяжон чулғади. Уч кун давом этган семинарда Муҳаммад Али, Энахон Сиддиқова, Саъдулла Ҳаким каби устозлар имтиҳонидан ўтиб, ютуқ ва камчиликларимизни билиб олдик. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар билан дўстлашдик. Бу семинар бизни янада бирлаштирди, илҳом бағишлади. Учрашувлар барчамизнинг қалбимизда чуқур таассурот қолдирди. Бир сўз билан айтганда, Дўрмонда ўтган ҳар бир кун умрбод эсда қоларли, асрга татигулик кун бўлди.

 

 

Мансур Жумаев

1991 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тугатган.

Семинар илк дақиқалариданоқ қалбимга беқиёс ҳаяжонлар солди. Дастлаб Навоий бобо ҳайкали пойига гул қўйдик, сўнг Чиғатой қабристонига бориб, устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг қабрларини зиёрат қилдик. Сўнг “Дўрмон” ижод уйига йўл олдик.

Асарлар муҳокамалари, мунозаралар, тортишувлар ва танқидлар… Буларнинг бари бир умр эсдан чиқмайдиган гўзал хотиралар бўлди мен учун. Устозлардан олган сабоқларимиз, тенгдошларимиз билан кечган мушоираларни энди соғиниб-соғиниб эслаймиз. Ижодий ва ижобий рақобат, шеърхонликлардан кўп нарса ўргандим: кимдандир қандай ёзишни, кимдандир қандай ёзмасликни. Хурсандчилигимнинг яна бир сабаби, энди республикамизнинг ҳар битта вилоятида, шаҳару қишлоқларида дўстларим бор. Ҳамқалам, ҳамқадам, ҳаммаслак дўстларим.

Биз ёшларга ана шундай унутилмас дамларни туҳфа қилган барча-барчага ташаккур айтаман.

 

 

Орифжон Мадвалиев

тайёрлади.

 

“Ёшлик” журналининг 2016 йил 11-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.