Рей Бредбери: ёш ёзувчига 12 маслаҳат

0
717
марта кўрилган.

Рей Бредбери (1920–2012) мумтоз адабиёт вакили эмас. Лекин ўз йўналиши – фантас­тикада мумтоз саналади. Фентези, ҳикоят ва эртак жанрларида ҳам баракали ижод қилган. Адиб бир қанча романлар, юзлаб ҳикоялар, ўнлаб пьесалар, мақолалар, шеърлар – жами саккиз юздан ортиқ адабий асар муаллифи. Унинг ёзганлари асосида бир қанча фильмлар, саҳна ва мусиқа асарлари яратилган. Рей Бредбери илмий фантас­тика ва фентези жанрини оммалаштирди.

 

  1. Роман ёзишдан бошламанг. У жуда кўп вақт олади. Ёзувчиликка қисқа ҳикоялар орқали йўл топинг. Ҳар ҳафта бир нечта ҳикоя ёзинг. Қанча кўп бўлса, шунча яхши.

Бредберининг ўзи илк романи – “Фаренгейт бўйича 451 даража”ни ёзгунига қадар 30 йил шу тахлит ишлаган.

  1. Буюк ёзувчиларга меҳр қўйинг, аммо улардай бўла олмайсиз. Уларга атай ёки беихтиёр тақлид қилишингиз аниқ. Ўша пайтларда шу гапларимни эсга олинг.

Ёш Бредбери Ҳерберт Уэлс, Жюл Верн, Артур Конан Дойл, Лаймен Френк Баум сингари адибларнинг асарларини севиб ўқиган.

  1. Яхши ҳикояларнинг эътиборли жиҳатларини тадқиқ қилинг.

Рей Бредбери Роалд Дал, Ги де Мопассан, Найжел Нил, Жон Коллиер сингари адибларининг асарларини ўрганган.

  1. Каллани билим билан тўлдиринг.

Бредбери ухлашдан олдин бирорта савияли ҳикоя ёки поэма; археология, биология, зоология, фалсафа, сиёсатшунослик ёки адабий танқидга оид бирор-бир илмий тадқиқот ўқишга одатланган эди.

  1. Истеъдодингизга ишонмайдиган дўстлардан қутулинг.

Бундай кишилар қобилиятингиз юзага чиқишига фақат халал беради. Улар билан алоқани узишни бир дақиқага ҳам кечиктирманг.

  1. Умрингиз кутубхонада ўтсин, компьютер қаршисида эмас!

Олий маълумот олиш Рей Бредберига насиб этмади. У ўз ибораси билан айтганда олий ўқув юртини эмас, “кутубхонани тугатган”ди. Ана шундай ўқиш-ўрганишлар натижасида ёзувчи 28 ёшида ҳар томонлама кенг билимга эга бўлган.

  1. Кинофильмларни севинг – қанча эски бўлса, шунча яхши.

Ҳар қандай фильмни кўравериш умрни совуришдан бошқа нарса эмас. Вақт синовидан ўтган, кишига билим ва фикр берадиган, тасаввурини бойитадиган филмларнигина кўриш зарур.

  1. Ёзганда кўнглингиз шодлик ҳиссини туйсин. Адабиёт – енгил юмуш. Агар асарингиз оғир меҳнат сингари азоб-уқубат берётган бўлса, шу жойдаёқ уни ахлат челакка улоқтиринг ва дилингиз яйрайдиган янги бир нарсани қоғозга туширишни бошланг.
  2. Пул дардида юрманг.

Бредберининг аёли “қашшоқликдан зорланмасликка қасам ичган” эди. Эр-хотин ўн йил бирга яшаганларидан кейингина автомобиль сотиб олишган.

  1. “Ўзингиз севадиган ва ёмон кўрадиган 20 та нарса рўйхатини тузинг. Дастлабки ўнталик ҳақида асар ёзинг. Кейин қолган ўнтаси ҳам ижодий ишингиз мавзусига айлансин. Қўрқувларингизни ҳам шундай енгиб ўтинг”.
  2. Ҳар қандай эски хотира қоғозга туширишга арзийди. Ижодий чорасизликни тинимсиз уринишлар билан енгиш мумкин.
  3. Доим ёдингизда турсин: сиз кўришиб қолган пайт: “Ёзган асарларингиз менга жуда ёқади”, дейдиган мухлис учун ёзяпсиз. Агар бу ишнинг уддасидан чиқолмаётган бўлсангиз, барча уринишларингиз “Ҳалиги бемаза нарсаларнинг муаллифи сиз экансиз-да!” деган баҳога лойиқ бўлади, холос.

 

Ориф Толиб таржимаси

 

“Ёшлик” журналининг 2016 йил 5-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.