Онгли одамларнинг онг тўла тушунтириши

0
772
марта кўрилган.

“ХДПни тошбўрон қилишга бел боғлаган онгсиз оломонга тушунарли бўлиши учун соддароқ тушунтирдик” деб ёзибди ХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев фейсбук саҳифасида. “Соддароқ тушунтириш” учун кўргазмали сурат берилган (Сурат ушбу мақолага илова қилиняпти).

Kun.uz мухбирининг “Ҳар қандай давлатда ҳам фуқаролар давлат органларига давлат тилида мурожаат қилади, нега Ўзбекистонда бундай бўлмаслиги керак?” мазмунидаги саволига ХДП вакили: “Ҳамма жойда ҳам эмас”, дея жавоб берибди. Аммо у давлат органларига исталган тилда мурожаат қилинадиган мамлакат ёдида эмаслигини айтган ва бу бўйича қўмиталарда маълумот борлигини билдирган.

 

📌  “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича “Миллий тикланиш” ДП фракцияси таклиф этган таҳрир:

 

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.

 

Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси таклиф қилган таҳририда эса, Kun.uz нашри тўғри эътироф этганидек, давлат тилини ривожлантирадиган эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган:

 

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.

 

Тўғриси, “Миллий тикланиш” партияси мухлиси эмасман. Лекин айни шу масалада партия позициясини тўла қўллаб-қувватлайман.

Блогер Шаҳноза Соатованинг ёзишича, 51 фоиз аҳолиси бошқа тилда гаплашадиган Францияда ягона француз тилида иш юритилади. Ҳақиқатан ҳам ўринли савол: нега Россияда мумкин, бизда эса йўқ? Нега Грузия, Арманистон, Озарбайжонда мумкин, бизда эса йўқ?

Энди партия медиа хизмати “онгсиз оломон” учун тайёрлаган кўргазмали суратга эътибор қаратинг. Расмларнинг бирортасида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат акс этмаган. Футболдаги, кўчадаги, касалхонадаги вазият. “Онг тўла” тушунтиришни тушуниш учун ҳам ўзгача онг эгаси бўлиш керак, шекилли.

Партия фикрича, суратдаги каби вазиятларда ҳам ёрдам сўраган кишига мумкин қадар мурожаат этилган тилда жавоб қайтариш керакми? Давлат тилини ўрганмаса бўлаверади, лекин кимдир мурожаат қилиб қолиши мумкин бўлган тилни имкон қадар ўрганиш ва ўша тилда жавоб бериш зарур. Шундайми? Мантиқ қаерда? Ҳожатга кетувдими?

 

Сиз қандай фикрдасиз?

Қайси партия қарашини маъқуллайсиз?

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.