Болаларга ҳавас қиламан

1
2939
марта кўрилган.

Болалик – хаёлот олами. Ёш каттариб, бу оламдан узоқлашиб борганинг сари у тушга, етиб бўлмас рўёга айланади. Болаликнинг завқ-шавқли, орзу-ҳаяжонли, бетакрор ва олис хотираларини энтикиб-энтикиб эслайсан. Ер – ўша, осмон – ўша, фақат сен бошқасан. Болаликка хаёлан сайр қилган пайтларинг қадрдон дамларга бирпас қайтгандай, олам-олам шодлик билан чопқиллаб юргандай бўласан, дилинг тозаради, илийди. Кўнглида болалик туйғуларини, беғубор қувончларини асраб қола билган одамлар қандай бахтли-я, деб ўйлайсан беихтиёр.

Болаларга аталган асарларни ўқиганда ҳам худди шундай кайфиятни ҳис қиласан, кўнгил ёришиб, қадрдон ҳислар жонланади. Болалар адиблари мана шу қутлуғ хазинани – самимий, ҳароратлари туйғуларни сақлабгина қолмай, биз ўқувчиларга сахийлик билан улашади. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан устоз адибларимизни суҳбатга тортиб, ўзларининг болаликлари ва бугунги болалар ҳақида сўрадик.

 

Турсунбой Адашбоев:

Одамнинг болалиги мундайроқ шароитларда ўтса ҳам, ўзи учун азиз, қадрли. Болалигида ичган ёвғон ошининг таъмини улғайгач тополмайди, ялангоёқ тупроқ кечиб юрганидаги завқини қидириб овора. Гўдак учун оламдаги ҳамма нарса янги, шунинг учун ҳамма нарсага ҳайрат билан қарайди. Кўрганлари онгига муҳрланади. Менинг болалигим ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.

Ҳарфларни таний бошлаган пайтимданоқ адабиётга меҳр қўйдим. Биринчи шеърим олтинчи синфда ўқиётганимда ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида босилган. Ана энди, қувонганимни кўраверинг! Гўё бутун олам меники. Кейинроқ ўйлаб кўрсам, таҳририятдагилар менга имтиёз қилишган экан. Рағбат бўлсин, илҳомланиб кўпроқ ёзсин дейишган-да.

Бугунги ёшларга, қаранг, қандай имкониятлар яратилган. Кўриб фақат ҳавас қилиш мумкин. Мана шу имкониятлардан унумли фойдаланган фарзандларимиз катта-катта ютуқларга эришяпти, кўплари дунё миқёсидаги танлов ва мусобақаларда ғолиб бўляпти. Буларни кўриб, кўнглинг тўлади, дилинг яйрайди. Ўзимнинг болалигим билан қиёслаганда ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозирги болалар замонавий технологиялардан фойдаланишнинг ҳадисини олган. Мана, ўзимдан мисол. Қўл телефонимга тушунмай қолсам ё келган хатни очолмай хуноб бўлсам, неварам жонимга ора киради. Замон билан ҳамнафас бўлган ёшлар келажакда бошқа соҳаларда ҳам етакчи бўлади деб умид қиламан.

 

Анвар Обиджон:

Яқинда Фарғонада “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали бўлиб ўтди. Ёшлардаги шижоат, ғайрат ва фаолликни кўриб чин юракдан қувонади одам. Бу шиор шунчаки эмаслиги, фарзандларимиз ҳақиқатан ҳам буюк юртда яшаётгани далили бу.

Фестиваль доирасида бир қатор учрашувларда иштирок этдик. Шунда мен бир нарсани таъкидладим. Биз ўқиган мактаб эски бир бинода жойлашганди. Қишда ўқув хонамиз печка тутунига тўлар, ёғингарчилик пайтлари томидан чакки ўтиб кетарди. Энди ҳозирги шароитни қаранг: кўркам бинолар, жиҳозланган фан хоналари, спорт заллари, стадионлар… Қанийди, ёшлигим қайтиб келса-ю, қайтадан мана шу мактабларда, коллеж-лицейларда ўқисам деб ўйлаб қоламан.

Булар мустақилликнинг, ёшларга берилаётган юксак эътиборнинг самараси. Энг муҳими ана шу мустақилликни, юрт тинчлигини асрашимиз, бу ишга бор кучимиз билан ҳисса қўшишимиз керак. Худо хоҳласа, ҳаётимиз бундан-да фаровон, келажагимиз бундан-да ёруғ бўлади.

 

Ориф Толиб

суҳбатлашди.

 

“Соғлом авлод” газетасининг 2016 йил 26 май (№21) сонида чоп этилган.

1 мулоҳаза

  1. ОРИФЖОН!!
    Мавзу танлашингизга гап йўқ.
    МЕНДА Турсунбой Адашбоев билан қизимнинг мактабидаги учрашувдан видео бор эди.
    Шуни ҳам сайтингизга киритсак, МАРҲУМга бир савоб иш қилган бўлармидик………..
    Низомиддин Ўрмонов

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.