Оролни асраш – умумий муаммо

0
3579
марта кўрилган.

Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси (ДСХМК) сув ресурларидан унумли фойдаланиш ва ҳимоялаш, уларни бошқариш муаммоларини ҳал этиш мақсадида 1992 йил 18 февралда Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари келишувига асосан ташкил топган. Комиссия ўз фаолиятини тенглик, одиллик ва ўзаро фикр алмашиш асосида олиб боради. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 1993 йил 23 мартдаги қарорига асосан, ДСХМК ва унинг бўлимлари Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таркибига киради ва халқаро ташкилот мақомига эга. Комиссия зиммасига сув ресурслари тақсимотини ташкиллаштириш ҳамда сув бериш ва сув ўтказиш графиклари, сув сифати бўйича қабул қилинган қарорларни зудлик билан амалга ошириш каби вазифалар юклатилган.

25 йиллик тажрибага эга Комиссиянинг Илмий-ахборот маркази соҳага оид маълумот ва ахборотларни йиғиш, таҳлил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, уни кенг жамоатчиликка етказиш каби вазифаларни бажаради. Ушбу илмий-ахборот марказида фаолият олиб бораётган ёш олимлар билан қурган суҳбатимиз Марказий Осиё минтақасининг энг оғриқли масалаларидан бири – сув муаммоси ҳақида бўлди. Бу муаммо оддий кишининг турмуш тарзидан тортиб бутун бир мамлакатнинг тараққиётига таъсир кўрсатади. Ёш олимларнинг кузатишлари, таклифлари ва куюнчаклик билан билдирган таклифлари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деб умид қиламиз.

 

Маълумки, ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Орол денгизининг сатҳи кескин пасая бошлади. 80-йилларга келиб бу масала муҳокамага ташланди, 80-йиллар охирида қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилди. Лекин, афсуски, муҳокамаю бош қотиришларнинг фойдаси бўлмади. Денгиз қуришда давом этаверди. Бунинг ечими ҳақиқатан ҳам йўқмиди ёки керакли тадбирлар кўрилмадими?

 

Шавкат Кенжабаев:

Агар рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, 1960 йилгача Оролнинг сув юзаси майдони 66 минг квадрат километр, умумий сув ҳажми 1062 километр куб ва минераллашуви литрига 10 грамм эди. Денгизнинг ўртача чуқурлиги 15 метр, энг чуқур нуқтаси 68 метргача ва Болтиқ денгизига нисбатан абсолют баландлиги – 53 метр бўлган. Ўша даврларда динамик меъёр ушлаб турилган. Яъни йилига 60 километр куб сув буғланса, унинг ўрнига ёғингарчиликлардан 6,6 километр куб, Сирдарё ва Амударёдан 53,4 километр куб сув қуйилган. Кейинги йилларда 7,9 миллион гектар чўл ва адирлар ўзлаштирилди, дарёлардан олинадиган сув ҳажми 63 километр кубдан 117 километр кубгача ошди.

Бунда 60-йиллардан то 2010 йилгача Орол денгизи ҳавзасининг аҳолиси қарийб 3.5 бараварга ошгани ва ўсаётган аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажми ва ЯИМ мос равишда 5 баравар ортганини ҳам инобатга олиш керак. Денгизда сув ҳажмини аввалги ўлчамларига етказишнинг ечими сифатида 80-90-йилларда иккита манбадан сув олиб келиш кўриб чиқилган. Биринчиси – Каспий денгизидан (абсолют баландлиги – 20 метр) шўр сувни насос каскадлари ёрдамида 130 метр гипсометрик баландликка кўтариб, Устюрт платоси орқали 600-700 километр узунликдаги канал орқали олиб келиш бўлса, иккинчиси – Сибирнинг Обь ва Иртиш дарёлари сувини қарийб 1500 километрлик канал тизими орқали келтириш бўлган. Биринчи усулда сувнинг шўрланганлик даражаси йилига 1-2 фоизга ортиб, денгиз ҳаётсиз буғлатгичга айланиши эҳтимоли юқори эди. Ҳар иккала ечимда ҳам жуда катта маблағ ва вақт талаб қилинар, бунинг устига 90-йилларга келиб собиқ Иттифоқ парчаланди ва режани амалга ошириш имконини бермади.

Ҳозирга келиб Орол денгизини аввалги ҳолига тиклаш мушкул, лекин Марказий Осиё давлатлари ҳамжиҳатликда Оролбўйи ҳудудида экологик ҳолатни сақлаш, қуриган денгиз тубидан учаётган тузларни иҳота дарахтзорлари ҳамда бутазорлар барпо этиш йўли билан камайтириш, сув тежовчи суғориш усулларини қўллаб, Оролга тушаётган сувни ошириш, жилла қурса, барқарор ушлаб туришга эришиш мумкин.

 

Ғуломжон Умирзоқов:

Бундан ташқари, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун дарёларнинг юқори қисмларида сув омборлари ва тўғонлар қурилди. Орол денгизининг сувга эҳтиёжи ҳисобга олинмади. Натижада унга етиб борадиган сув ҳажми 60 километр куб ўрнига 9-12 километр куб бўлиб қолди.

Денгиз сувининг шўрланганлик даражаси 5-6 мартагача ортиб, қуриган денгиз ўрнида ҳосил бўлган Оролқум саҳроси майдони 5,5 миллион гектарга етди, ундан ҳар йили қарийб миллион тонналаб қум-чанг ва заҳарли тузлар атмосферага, Оролбўйи минтақаларига тарқаляпти.

Орол денгизининг қуриши дастлабки пайтлардаёқ илмий жамоатчиликни ташвишга солган. Лекин шўро сиёсати бу муаммога деярли эътибор қаратмаган. Асосий мақсад ер майдонини кенгайтириб, пахта ҳосили олиш бўлган.

 

Комиссия сайтидаги маълумотга кўра, давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси 1992 йили ташкил этилган экан. У бугунга қадар қандай амалий ишларни бажарди?

 

Шавкат Ёқубов:

Комиссия бажарган энг катта ишлардан бири собиқ Иттифоқ парчаланиб, Марказий Осиё давлатлари мустақил сиёсат юритишни бошлаган, сув муаммоси кескин ва жиддий масалага айланган бир пайтда барча тушунмовчилик ва келишмовчиликларни тинчлик йўли билан ҳал этишга ҳисса қўшиш бўлди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув тақсимотига келишиб олинди. Ташкилот бугунгача бу борада изчил ишларни амалга ошириб келяпти.

Энди бевосита илмий-ахборот маркази ҳақида тўхталсак. Марказ айни дамда бешта Марказий Осий мамлакатларининг сув хўжалиги соҳасидаги илмий ва лойиҳа ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда филиалларига эга. Улар илмий ва ахборот маълумотлари алмашинувини давлат миқёсида ташкил этади.

 

Одилбек Эшчанов:

Марказимиз ДСХМК нинг ижроия органи сифатида фаолият юритиши билан бирга шу кунгача бир қатор миллий ва давлатлараро лойиҳаларда қатнашган. Сув хўжалиги соҳа ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш, халқаро анжуманларда қатнашиш, илмий изланишлар олиб бориш кабилар фаолият йўналишимизга киради. Бундан ташқари, соҳага оид илмий-амалий ишлар билан шуғулланамиз. Жумладан, “Трансчегаравий дарёлар (Угам, Аспар ва Исфара) бўйича сув ҳамкорлиги” лойиҳасида географик ахборот тизими (ГАТ) ва масофадан бошқарув технологиялари асосида учта дарё ҳавзасининг жойлашув маълумотлари, об-ҳаво, сув хўжалиги, экологик ва иқтисодий кўрсаткичлари бўйича кузатув ҳамда таҳлилий баҳолаш ишлари олиб борилди. Кейинги ўн йиллар мобайнида ГАТ технологияси бўйича бир неча ёш мутахассисларимиз хорижда мукаммал билимга эга бўлиб, Марказий Осиё давлатларида сув хўжалиги мутахассислари малакасини ошириш билан ҳам шуғулланиб келяпти.

Бажарилган ишларни санаб чиқадиган бўлсак, рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин. Давра суҳбати имкониятидан келиб чиқиб, айримларини таъкидлаб ўтдик, холос.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олдинги раиси Пан Ги Мун ҳам, янги раис Антониу Гутерриш ҳам Марказий Осиёга ташрифи давомида Орол денгизи манзаралари, реал ҳолат билан танишди. Ташрифнинг биз учун, минтақа давлатлари учун фойдаси бўл(а)дими?

 

Одилбек Эшчанов:

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 2010 йил апрелида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Оролбўйига бориб, экологик фожиа асоратларини йўқ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. Ташриф самараси ўлароқ 2013–2016 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилган Ўзбекистон томонидан “Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури” таклиф этилиб, БМТ Бош ассамблеясининг 68-сессиясида қабул қилинди ва Бош Котибнинг шахсан қўллаб-қувватлаши билан 2013 йил 16 сентябрда ушбу дастур расмий ҳужжат сифатида тарқатилди.

2014 йил октябрида Урганч шаҳрида ташкил этилган халқаро конференцияда БМТ, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молиявий институтлар вакиллари, 26 мамлакатдан келган олимлар ва таҳлилчилар қатнашди. Орол ҳавзасидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорлик қилишга бағишланган ушбу анжуман натижасида миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун умумий ҳажми 3,2 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ шартнома ва битимлар имзоланди.

Орол ҳавзасидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш бўйича БМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги давом этмоқда.

 

Орол денгизини қутқариш, минтақадаги аҳволни яхшилашнинг энг самаралари усуллари сифатида нималарни санай оласиз? Бу борада нималар қилиш керак?

 

Ғуломжон Умирзоқов:

Назарий жиҳатдан ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Агар ҳозир Орол денгизига 60-йиллардаги каби ҳар йили 60 километр куб сув қуйилган тақдирда ҳам, буғланишни ҳисобга олмаганда, денгиз тўлиши учун 17-18 йил керак бўлади. Лекин буғланишни тўхтатишнинг иложи йўқ. Шунча пайт ишлаган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини тўхтатиб, 3-4 миллион гектарга яқин ерни суғормай туриш ҳам имконсиз. 60-йилларда ҳам ҳар йили денгиздан 60 километр куб сув буғланган. Минтақадан олисдаги дарё ва сув ҳавзаларидан сув келтириш эса жуда катта, имкон доирасидан ташқаридаги маблағни талаб этади. Бундан ташқари, сув берган мамлакатлар кейинчалик бу вазиятдан геосиёсий мақсадларда фойдаланиши, энг зарур пайтда сувни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин. Агар Афғонистон ҳам сувга бўлган ҳуқуқидан тўла фойдаланишни бошласа, сув муаммоси янада чуқурлашади. Шунинг учун асосий эътиборни мавжуд ҳолатни сақлаб қолиш ва шароитни яхшилашга қаратиш зарур.

 

Шавкат Кенжабаев:

Аввало, аҳолида сувга бўлган муносабатни ўзгартириш зарур. Бу ишни биринчи ўринда оиладан, маҳалла-кўйдан, таълим муассасаларидан бошлаш зарур. Бола оиладаёқ сувни тежаб ишлатишга ўрганиши керак. Кексаларнинг: “Сувга супурма, сувга тупурма”, деган гапи бот-бот қулоққа чалинади. Балки шу мазмундаги мақолларни тўплаб, маҳаллалар учун тарғибот дастурлари ишлаб чиқиш лозимдир. Албатта, фақат панд-насиҳат билан юқори натижага эришиб бўлмайди. Аввало, катталарнинг ўзи ўрнак кўрсатиши керак.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳам сувни исроф қилмаслик ҳақида айтиб ўтилган. Бу неъматнинг муқаддас ва мўътабарлигини ҳар биримиз чин дилдан ҳис қилишимиз шарт.

 

Одилбек Эшчанов:

Афсус, режали тарзда на мактабда, на коллеж-лицейда, на олий ўқув юртида сув табаррук экани, уни асраб-авайлаш, ардоқлаш, тежаш зарурлиги ҳақида ўргатилади. Бу масалани ўқув дастурларига киритиш керак. Сувни тежашга оид таъсирчан мультфильмлар, ҳужжатли фильмлар ва китоблар яратилиши зарур. Бу борада амалга оширилаётган ишлар етарли даражада эмас. Одамларда сувни тежаш маданиятини шакллантирмай туриб, катта натижаларга эришиб бўлмайди. Шу сабабли сувнинг тозалиги ва унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш учун барчамиз курашишимиз зарур.

 

Шерзод Мўминов:

Бундан ташқари, ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган ёш олимларнинг бошини бирлаштирадиган, уларнинг илмий изланишларини жамлаб, умумлаштириб, амалиётга татбиқ этадиган уюшма тузиш ҳам фақат фойда беради.

Юқорида санаб ўтилган муаммолар илмий тадқиқот ва тарғибот билан боғлиқ ишлар. Орол фожиаси асоратларини камайтириш, вазиятни ўнглашда минтақадаги давлатларнинг якдиллиги энг муҳим ўрин тутади. Халқаро ҳамжамият ва ташкилотларнинг кўмаги ҳам белгиланган лойиҳаларни тез ва кенг миқёсда амалга оширишга ёрдам беради.

 

– Хабарингиз бўлса, яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида Ёш олимлар ассоциацияси ташкил этилди. У айнан ёш олимларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган, уларга амалий кўмак берадиган тузилма бўлади. Ана шу уюшма билан фаол ҳамкорлик олиб бориш ҳар томонлама фойдали бўлади, менимча.

 

Шавкат Кенжабаев:

Бу биз учун яхши янгилик бўлди. Агар Ассоциация ёш олимларга ҳақиқатан ҳам кўмак қўлини чўзса, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз. Бу нафақат ирригация ёки мелиорация соҳасидаги, балки турли соҳалардаги ёшларнинг интилиш ва ҳаракатларига куч бериши мумкин. Турмушда ёки фанда юзага келган муаммолар кўпинча битта соҳа доирасида ҳал қилинмайди. Комплекс ёндашувни талаб этади. Муаммонинг сиз тушунмаган қиррасини бошқа бир олим аниқлаб, тушунтириб бериши мумкин. Шу маънода, янги Ассоциация ёш олимлар фаолиятидаги бўшлиқни тўлдиради, деб умид қиламиз.

 

Орол муаммоси қишлоқ хўжалигига янгича назар билан қарашимизга, иложи борича сувни камроқ талаб қиладиган экинларни кўпайтиришимизга ундамайдими?

 

Шавкат Кенжабаев:

Албатта ундайди. Республикамиз аграр секторида бу борада катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Жумладан, кўп сув талаб қиладиган, кам ҳосил берадиган хўжаликларда пахта ва ғалла майдонлари камайтирилиб, уларнинг ўрнига мева-сабзавот, полиз экинлари экиляпти. Мевали экинларни томчилатиб суғориш тарғиб этилиб, сувни тежаган фермерларга имтиёзлар бериляпти. Бундан ташқари, лалми ерлардан ҳам самарали фойдаланиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йили вилоятларга ташрифи чоғида ковулчиликни ривожлантириш, ёнғоқ экиладиган майдонларни кенгайтириш, шўр ва сизот сувлар яқин ерларга қизилмия экиш тўғрисида гапириб ўтдилар. Бундан ташқари, сўнгги икки-уч йил ичида мош экиш ва экспорт қилишга катта эътибор бериляпти. Бу каби чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги экинларига кетадиган солиштирма сув сарфи камайишига, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига олиб келади.

 

Шерзод Мўминов:

Ўзим иқтисодчи бўлганим учун масаланинг иқтисодий томонларига кўпроқ эътибор қаратмоқчиман. Ҳар қандай жиддий муаммонинг заминида иқтисодий асос ётади. Орол муаммосини буткул ҳал қилишнинг имкони йўқлиги кўп бор таъкидланган. Бунга биринчи ўринда улкан ҳажмдаги маблағ масаласи тўсқинлик қилади. Лекин ҳозирги ҳолатни ушлаб туриш, табиий шароитни ўнглаш мумкин.

Иқлимшуносларнинг фикрича, келажакда минтақамизда иқлим ўзгариши жарёнлари ва сув танқислиги кучаяди. Бу эса мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича янгича ёндашув ва ислоҳотларни талаб этади.

Фикримизча, бу ёндашув келажакда қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш, яъни оқилона ва самарали жойлаштиришдир. Бу масала “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси”да ҳам ўз аксини топган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш, бизнинг фикримизча, иккита сценарийда амалга оширилиши керак. Биринчи сценарий озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш, иккинчи сценарий экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини аҳоли даромадини оширишни кўзлаб жойлаштириш.

Икки сценарийда ҳам асосий эътибор қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш жараёнига инновацион энергия, ресурслар ва сувни тежайдиган технологиялардан кенг жорий этишга қаратилиши лозим.

Маълумки, бугунги кунда насос билан суғориладиган майдонларда пахта ва ғалла етиштирилмоқда. Бу эса, насослардан фойдаланиш ва электр энергия учун давлат томонидан катта харажатлар қилинишига сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда инновацион энергия, ресурлар ва сувни тежайдиган технологияларини насос билан суғориладиган экин майдонларда жорий этиш мақсадга мувофиқ, бу эса электр энергия учун харажатлар тежалишига олиб келади. Ушбу экин майдонларида пахта ва ғалла ўрнига даромадли, экспортбоп экинларни – мева-сабзавот, писта, ёнғоқ ва бошқаларни экиш лозим.

Қишлоқ хўжалигида экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этишда маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш имкони яратилибгина қолмасдан, экспортдан тушадиган маблағни янги технологияларни жорий этишга сарфлаш имконияти туғилади.

Сувни тежайдиган технологияларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарур. Бу соҳани модернизация қилиш билан бирга нефт-газ саноати тармоғини ривожланишига ҳам туртки беради. Мисол учун, томчилатиб суғориш тизими учун зарур бўлган полимер гранула “Шўртангаз” мажмуаси ёки унинг бўлимларида ишлаб чиқарилади. Демак, биз сувни тежайдиган технологиялар қўлланиладиган майдонларни қанчалик кенгайтирсак, бундай ускуналарни ишлаб чиқарувчи корхоналар сони кўпаяди. Сув тежалиши билан бирга янги иш ўринлари пайдо бўлади ва аҳолининг турмуш фаровонлиги ошади.

 

– Қўшни давлатларда қурилаётган янги ГЭСлар сув захираларига қай даражада таъсир кўрсатади? Бу муаммони ижобий ва кўп томонлама манфаатли ҳал этишда ушбу Координацион комиссиянинг ҳиссаси борми?

 

Одилбек Эшчанов:

Албатта. Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар аъзо давлатлар томонидан бажарилиши шарт саналади. Ҳар чорак учун сувдан фойдаланиш лимитлари белгиланади. Унга деярли барча амал қилади. Энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган масала – сув омборларидир. Сув омборлари икки хил – ирригация ёки энергетика режимида ишлаши мумкин. Мисол учун энг кўп мунозарага сабаб бўлган Роғун ГЭСини олайлик. Хабарингиз бор, унинг қурилиши собиқ совет даврида бошланган. Иттифоқ парчалангач, лойиҳани молиялаштириш тўхтаб қолди. Тожикистон иқтисодий жиҳатдан ўзини тиклаб олгунча ҳам маълум вақт ўтди.

Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам географик жиҳатдан гидроэнергетик ресурслардан фойдаланиш учун қулай ҳисобланади. Иккала давлатда ҳам дарёларнинг 75 фоиз суви йиғилади. Деҳқончилик учун маълум миқдордаги сувни ишлата олади, холос. Бироқ энергетика учун катта ҳажмдаги сув талаб этилади. Ўзбекистон бу иншоотга ГЭСнинг сейсмологик жиҳатдан хавфсизлигини асослаш ва ирригацион режимда ишлашини таъминлаш, лойиҳани халқаро экспертизадан ўтказиш талабини қўйган. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, трансчегаравий дарёлардан фойдаланишда қўшни давлатлар манфаатлари ҳисобга олиниши зарур. Дастлабки даврда Тожикистон ушбу ГЭС қурилиши масаласида қўшни мамлакатлар билан ҳисоблашишни истамади. Натижада баҳс-мунозаралар авж олди.

Ҳозирги пайтда яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатда бўлиш, улар билан кенг ҳамкорлик қилиш сиёсати олиб бориляпти. Бу эса сув масаласида ҳам, бошқа масалаларда ҳам ўзаро манфаатли келишувларга асос бўлади, деб ўйлайман.

 

– Орол фақат Ўзбекистоннинг дарди эмас, у бутун Марказий Осиё давлатлари ҳаётига бевосита таъсир кўрсатувчи муаммо. Бу муаммони ҳал этишда бошқа давлатлар қандай саъй-ҳаракат кўрсатяпти? Ўзаро жипслик, ҳамжиҳатлик борми? Очиғи, бу масалада кўпроқ Ўзбекистон жон куйдираётгандай туюлади…

 

Шавкат Кенжабаев:

Орол дардига биргина давлатнинг саъй-ҳаракати билан малҳам топиб бўлмайди. 1986 йилга келиб, денгиз бир-биридан ажралган Жанубий (Катта) Орол ва Шимолий (Кичик) Оролга бўлиниб қолди. 2007 йили эса Жанубий Оролнинг ўзи ҳам Шарқий ва Ғарбий қисмларга ажралди. Бу ерда сувнинг шўрланиши ҳаддан зиёд ортиб, балиқ зоти қирилиб кетди, айрим турдаги қисқичбақаларгина яшаб қолди.

Оролни қутқариш борасида нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ҳам елкама-елка иш олиб боряпти. Шимолий Оролни тиклаш, у ерда балиқчиликни қайта йўлга қўйиш, туризмни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда олиб борилаётган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин.

 

Шавкат Ёқубов:

Афсуски, трансчегаравий дарёларининг юқори қисмида жойлашган давлатлар бу борада кўзга кўринарли қадамларни қўйгани йўқ. Бироқ бир ҳақиқатни тушуниш зарур: гарчи денгиз уларнинг ҳудудида бўлмаса-да, ҳавза битта, минтақа табиий шароити, иқлими ўзгариши, қиш ойлари совуқ шамоллар ҳаракати каби омиллар барчага бирдек таъсир кўрсатади.

 

Одилбек Эшчанов:

1993 йил 26 мартда Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари раҳбарлари ҳамкорлигида Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозга барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тузилди. Таъсисчи-давлатлар бу жамғармага галма-гал раислик қилади ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари навбати билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Президенти этиб сайланади.

2008 йил декабрдан буён Оролни қутқариш халқаро жамғармаси БМТ Бош ассамблеяси ва сессиялари кузатувчиси, деган мақомга эга бўлди.

Жамғарма Ижроия қўмитаси Тошкент, Олмаота, Бишкек, Душанбе, Тошҳовуз, Қизил-Ўрда ва Нукус шаҳарларида ўз бўлимларига эга.

Шунингдек, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси, Давлатлараро барқарор ривожлантириш комиссияси, Минтақавий гидрология маркази, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси GEF агентлиги Жамғарма тузилмаси таркибига киради.

Ҳозир Оролбўйида қатор лойиҳа тадбирлари амалга ошириляпти. Амударё дельтасида кичик ҳавзалар ташкил қилиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида чучуклантирувчи қурилмалар ўрнатилган сув чиқариш иншоотлари қуриш, яшил иҳотазор ўрмонлар яратиш шулар жумласидан.

Оролбўйи ҳудудида 740 минг гектарли иҳотазор ўрмонлар барпо этилди, хусусан, денгизнинг қуриб қолган ҳудудида бугун 310 минг гектарли яшил ҳимоя қўрғони бор. Бундай майдонларни кенгайтириш ишлари давом этяпти. Илмий-ахборот марказимиз томонидан Орол денгизининг қуриган ҳудудларида ўтказилган экспедициялар натижаларига кўра, табиий кўпайиш ҳисобига яна 200 минг гектарга яқин ўрмонзор пайдо бўлган.

 

Ҳудудимиздаги йирик сув ҳавзаларидан бири – Айдаркўлнинг майдони бугун 3000 кв. км. дан ортиқ. 1970-йилларда вужудга келган ушбу сунъий кўл майдони тобора кенгайиб боряпти. Бу ҳолат атроф-муҳит ва экологияга таъсир қилмай қолмаса керак? Умуман, Оролнинг қуриши ва Айдаркўлнинг кенгайиши билан боғлиқ умумий масалалар борми?

 

Одилбек Эшчанов:

Айдар-Арнасой кўллар тизими 1960 йилгача кичик-кичик шўр кўллардан, ботқоқликлардан, ёзда суви қуриб, тагида туз қоладиган алоҳида саёз кичик кўллардан иборат бўлган. 1965 йили Чордара сув омбори ва Арнасой гидроузели қурилиши тугаллангач, ушбу кўллар тарихида янги давр бошланди. Бундан ташқари зовур сувларининг ташламаси ҳам кўпайди. Натижада сув ҳажми 300 миллион куб метр, сув сатҳи юзаси 110 квадрат километрга ортди.

1969 йил серсув келиб, 21 куб километрдан ортиқ сув ташланиши натижасида Айдар, Тузкон ва Арнасой кўллари пайдо бўлди, уларнинг жами сув сатҳи 2400 квадрат километрга кенгайди. Кейинги ўн йилларда сув ҳажми ортиб, кўллар бир-бирига қўшилиб кетди. 2005 йилга келиб Айдар-Арнасой кўллар тизими сув сатҳи юзаси 3500 квадрат километрдан ошди.

 

Шавкат Кенжабаев:

Оролнинг қуриши ва Айдар-Арнасой кўлларида сувнинг ортиши билан боғлиқ узвий масала – сув. Оролни ҳозирги ҳолатда сақлаб қолиш учун ҳам, Айдар-Арнасой кўлларида экологик муҳитни ва сув минераллашуви даражасини меъёрда сақлаб туриш учун ҳам сув талаб этилади. Масалан, агар кўлларда сув минераллашуви керакли кўрсаткичда ушлаб турилмаса, худди Оролдаги каби сув ортиқча шўрланиб, балиқлар қирилиб кетиши мумкин. Айдар-Арнасой ҳам ёпиқ кўл ҳисобланади, сув билан келадиган тузлар оқиб чиқиб кетмайди. Сув буғланиб кетгач, тузлар кўл тубига чўкади.

Сунъий кўлнинг атроф-муҳит ва экологияга таъсирига келсак, Айдаркўлда янги бир экомуҳит юзага келди. Бу ерга ҳар йили жуда кўп қушлар учиб келяпти, балиқчилик ривожланиб боряпти, экотуризм имконияти бор.

 

Бу ҳудуднинг истиқбол хусусиятлари илмий-таҳлилий ўрганилганми?

 

Одилбек Эшчанов:

ДСХМК Илмий-ахборот маркази томонидан 2011 йил сентябрь – октябрь ойларида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар Академияси зоология институти билан биргаликда Айдар-Арнасой кўллар тизимига илмий экспедиция ташкил қилинган ҳамда сув баланси, флора ва фауна дунёсини асраб-авайлаш ва истиқболдаги кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш юзасидан таклифлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Бу ҳудудда балиқчилик ривожига сезиларли таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, Тузкон кўли шифобахш балчиғи билан маҳаллий аҳоли эътиборини қозонган. Келажакда кўлнинг шу хусусиятидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин.

 

Кун сайин илм-фан, техника ривожланяпти. Янги инновацион ғоялар, янгиликлар пайдо бўляпти. Энг сўнгги замонавий кашфиёт, ихтиролар қайсидир маънода Орол дардига малҳам бўла оладими? Бу жараёнда ёш олимларимизнинг ўрни қандай?

 

Одилбек Эшчанов:

Юқорида таъкидланганидек, Орол денгизини олдинги ҳажмига тиклаш анча қийин масала. Бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари дастлаб қабул қилган ҳужжатларда ҳам қайд этилган. Энг асосий вазифа Оролбўйи ҳудудларида яшаётган аҳолининг генофондини сақлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, турмуш даражаси ва яшаш сифатини ошириш учун зарур иқтисодий рағбат ва механизмларни жалб этиш, минтақада экотизим ва биохилма-хилликни қайта тиклаш ҳисобланади. Бу борада ёш олимларимизнинг илмий изланишлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва институтлар билан доимий алоқалари, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдаги иштироклари жуда зарур.

 

Шавкат Кенжабаев:

Ҳозирги кунда ДСХМК илмий-ахборот марказининг Ахборот-таҳлил бўлими ёш мутахассислари географик ахборот тизимлари (ГАТ) ва масофадан бошқариш бўйича 2012 йилдан буён Орол ва Оролбўйи минтақасида замонавий услубда кузатув ва таҳлил ишларини олиб боряпти. Landsat ва MODIS сунъий йўлдошларидан олинган тасвирларни таҳлил қилиб, ҳудудда юзага келаётган ўзгаришлар – сув юзаси майдонларининг, ветланд (сувли-ботқоқли ер)ларнинг кенгайиши ёки қисқаришини ўрганишяпти. Ушбу маълумотлар Комиссиянинг cawater-info.net сайтида ойлик ҳисоботлар кўринишида бериб борилади.

Замонавий технологиялардан фойдаланиш, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш самарадорлигини ошириб, аниқ ечимлар топиш, бунда, албатта ёш олим ва мутахасисларни аниқ бир мақсад сари бирлаштириш катта самара беради. Хулоса қилиб айтганда, қўлимиздан келганича, Орол дардига малҳам топишга ҳаракат қиляпмиз. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, ушбу суҳбатда муҳокама қилинган ва кўтарилган муаммолар давра иштирокчиларининг шахсий фикрларидир.

 

P.S.

Журнални босмага топшириш арафасида яхши бир янгиликдан хабар топдик. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат давра суҳбатида тилга олинган баъзи муаммолар, ёш олимлар дуч келаётган техник ва ташкилий қийинчиликларни ижобий ҳал этишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.

 

 

Давра суҳбатини

Орифжон Мадвалиев

олиб борди.

 

 

Давра суҳбатида иштирок этганлар

 

Шавкат Ёқубов (гуруҳ раҳбари)

Марказ етакчи мутахассиси. 1985 йили Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ҳозирги ТИҚХММИ)ни тугатган.

Жанубий Корея (2003), Малайзия (2003), Ҳиндистон (2004), Исроил (2005), Туркия (2009) каби мамлакатларда малака ошириб келган.

Ҳиндистон (2004), АҚШ (2004), Россияда (2015) бўлиб ўтган халқаро анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этган.

1 та монография (хаммуаллифликда), 30 дан ортиқ илмий мақолалар, 10 дан ортиқ қўлланма муаллифи.

 

Одилбек Эшчанов (PhD)

Марказ етакчи мутахассиси. 1988 йил Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ҳозирги ТИҚХММИ)нинг гидромелиорация факультетини тамомлаган. 1994 йили шу институтда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, техника фанлари номзоди илмий даражасини олган.

Исроилда (2010) қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ўрмонлаштириш ҳамда ер ва сув ресурсларини самарали бошқариш йўналиши бўйича малака оширган.

1 та монография ва 10 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

 

Шерзод Мўминов (PhD)

Марказ мутахассиси. 2001 йили Тошкент давлат аграр университети иқтисодиёт факультетини тамомлаган. 2005 йили Ўзбекистон бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институтида (PhD) иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган.

Япония (2006), Исроил (2011), Германия (2015) ва Жанубий Кореяда (2017) қишлоқ ва сув хўжалиги иқтисодиёти йўналиши бўйича малака оширган.

1 та монография ва 20 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Бир неча халқаро анжуман ва конференцияларда маърузалар ўқиган.

 

Шавкат Кенжабоев (PhD)

Марказ мутахассиси. 2003 йили Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ҳозирги ТИҚХММИ)да бакалавр, 2004 йили Ҳиндистон масофадан бошқариш институтида магистр (эквивалент), 2014 йили Германиянинг Гиссен дорилфунунида докторлик даражасини олган (PhD).

2002–2003 йилларда гидравлика фани бўйича Ўзбекистон Олимпиадаси ғолиби. 2012 йили Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган Европа геотадқиқотлар бирлашмаси симпозиумида энг яхши постер номинацияси ғолиби бўлган.

2 та монография ва 30 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи, бир қатор халқаро анжуман ва конференцияларда маъруза қилган.

 

Ғуломжон Умрзоқов

Марказ мутахассиси. 2005 йили ЎзМУда гидрология йўналишида бакалавр даражасини, 2007 йили магистр даражасини олган. 2010 йилдан суғориладиган ерларда сувнинг йўқотилиши бўйича илмий тадқиқот олиб бориб, 2015 йили Германиянинг Гиссен университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди (PhD).

1 та монография ва 20 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи.

 

“Ёшлик” журналининг 2017 йил 8-сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.