Таниқли ёшлар мураббийи, адабиётшунос Сайди Умиров билан суҳбат

0
3156
марта кўрилган.

“Энг катта дорилфунун ҳаётнинг ўзи”

 

– Домла, нима деб ўйлайсиз, адабиёт тарбиячи бўлиш керакми ёки бадиий завқ манбаи?

– Адабиёт ҳам тарбиячи, ҳам бадиий завқ. Булар бир-бирини тўлдирадиган, тақозо этадиган қўшалоқ нарсалар. Асримиз бошларида маърифатпарвар адибларимиз асосан тарбиячилик жиҳатига эътибор беришган. Чунки даврнинг ўзи шундай эди. Мунаввар Қори, Беҳбудий ёки Абдулла Авлонийни мисол қилиб келтириш мумкин. Кейинчалик ҳам тарбиячилик, ҳам бадиий жиҳатларига урғу беришган. Масалан, жадидлардан Ҳамзанинг асарларини олсак, дастлаб тарбиячилик асосий ўринни эгаллаган бўлса, кейин бадиий томонига куч берилди.

– Талабаларга анча йиллардан буён сабоқ берасиз. Ҳозирги ёшлар билан талабалик пайтингиздаги ёшларни солиштириб кўрсангиз керак. Қай бирида савия баланд, қай бирида камчилик кўп?

– Энди, бунга аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳар бир давр ўз изини қолдиради. Биласизми, бизнинг талабалик йилларимизда китобга қизиқиш жуда кучлийди. Ҳозир китоб кўп, лекин менинг назаримда, китобга қизиқиш камроқ. Лекин талабаларнинг савияси баланд. Барибир энг катта билим манбаи – китоб, ҳеч нарса китобнинг ўрнини босолмайди. Домла Озод Шарафиддинов бутун умр шу гапни айтиб ўтди.

Нимагадир ҳозир китобдан анча узоқлашилган. Балки, бу иқтисодиёт билан боғлиқдир. Битта китоб олиш ҳам муаммо. Ҳозир талабалар ҳар тарафлама ривожланган. Компютерни билади, интернетда ишлайди. Лекин фақат телевидение ёки интернетдан олган билимлар билан чекланмаслик керак. Китоблар ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Афсуски, жуда кўп яхши китоблар ўқилмасдан қолиб кетяпти. Ҳатто мумтоз адабиётимиз ҳам.

– Журналистик асар бадиий бўлиши шартми?

– Журналистика билан адабиётнинг ўртасига Хитой девори қўйишга қаршиман. Журналистик асарда фактлар бўлиши керак, аниқ, тушунарли, ҳаққоний, ҳаётий бўлиши зарур. Лекин яхши бир образ топилса, яхши бир тимсол берилса, нур устига нур бўларди. Бу, энди, муаллифга боғлиқ. Унинг истеъдодига, дунёқарашига ва бошқа омилларга боғлиқ.

– Футболчи тўп тепиб турмаса, «яхши ўйин формасини йўқотиб қўяди». Адиб ул-бул қоралаб турмаса, «қўли ёзишдан чиқиб қолади». Бугун Сайди Умиров нималар ёзиш билан банд?

– Футболниям доим ўйнаб турамиз. Мен ҳозир ўта билимдон, ўта камтар, турли навларни кашф қилган, жаҳон танийдиган Жўра Мусаев деган академик ҳақида очерк ёзаётибман. Кўзингиз тушгандир, яқинда Пиримқул Қодировнинг «Тил ва эл» китоби ҳақида «Сўз мулкига саёҳат» деган мақолам чиқди. Мана, Абдулла Қаҳҳор юбилейи олдида турибмиз. Мен ҳам қаҳҳоршуносман, десам бўлади. Ёзувчи ижоди ҳақида диссертация ёзганман, ҳимояда Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари қатнашган. Уч-тўрт марта мулоқотда бўлганмиз. У киши ҳақида бир неча мақола, «Санъатнинг сеҳрли калити» (Ғафур Ғулом нашриёти, 1974) номли китобча ёзганман. Ҳозир, мана, бир жилдли тўплам чиқяпти, унгаям мақола бердим.

Яна бир китоб тайёрлаётибман «Дорилфунунлар менинг тақдиримда» деган. Самарқанд дорилфунунида ўқиганман, Тошкент дорилфунунида ўттиз йилча ишлаганман, Жаҳон тиллари университетида етти йилдан бери ишлаяпман. Фанлар Академиясида «хизмат ўтаганман». Энг катта дорилфунун – ҳаётнинг ўзи.

Ўзим ёзган мақолалар, суҳбатлар, очерклар, эсселар, ижодий портретларни тўплаб китоб қилиш арафасида турибман.

– Илгари эски мактабларда қолоқ ўқувчиларни хивчин билан калтаклашар экан. Сиз қандай жазо усулларидан фойдаланасиз?

– Мен бировга умуман қаттиқ гапирган эмасман. Яхши муомала билан тиллашишга ҳаракат қиламан. Яхши отга бир қамчи дейди-ку. Ақлли бўлса, фаҳмли бўлса, бир оғиз гапнинг ёки ишоранинг ўзи етарли бўлади. Педагогика уришни оқламайди. Бир мақолада ўқигандим, бир ишчининг ўғли айб иш қилиб қўяди. Индамай келиб роса уради. Муаллиф ёзади: педагогика уришни лозим кўрмайди, лекин отанинг ўз педагогикаси бор. Бу нарса яхши иш берди ва бола ҳалиги қилиғини қайтиб қилмади. Лекин мактабларда, олий ўқув юртларида тарбия тушунтириш билан, уялтириш билан, танбеҳ билан бўлгани яхши. Аввало ўқитувчи шахсий ибрат кўрсатиши керак. Ҳали бирортаси мендан хафа бўлиб кетганини билмайман. Қаттиқроқ гапирган бўлишим мумкин, лекин ўша талабалар келиб «Домла, ўшанда хафа бўлгандик, мана ҳозир хурсандмиз – яхшиям тергаган экансиз», деган пайтлар бўлган.

– Сиз адабий жараёнга кириб келган давр билан бугунги адабий жараён ўртасида қандай фарқ ва боғланишлар бор?

– Бу энди катта мавзу. Адабий жараён доим давом этиб туради, янги таклифларга эга бўлади. Самарқанд университетини битириб, Тошкентга – «Фан ва турмуш» журналига ишга келган вақтларимда Ёзувчилар уюшмасида бўладиган турли кечалар, мажлисларда қатнашишга ҳаракат қилардим. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат» китобини ўз қулоғим билан эшитганман. Ижодий учрашувлар, мушоиралар жуда кўп нарса беради. ТошДУ журналистика факултетида ишлаганимда ҳам жуда кўп учрашувларни ташкил қилишга бош қўшардим.

Мен ёшлардан ўпкаламоқчи эмасман, лекин яхши шоир-ёзувчилар билан бўладиган учрашувларда кам сонли одам қатнашади. Учрашувлар ҳозир олдингидан кўп. Ёзувчилар уюшмасида, Матбуот марказида турли тақдимотлар, йиғинлар бўлиб туради. Бундай нарсаларни ёшларнинг ўзи қидириб, топиб юриши керак.  Ахир, бу учрашувлар уларга кўп нарса беради.

– Айтишларига қараганда адабиётшунос Ғайбулла ас-Салом билан бир маҳаллада яшаган экансиз. У кишининг сизга таъсири қандай бўлган?

– Ғайбулла ас-Саломнинг менга таъсири жуда катта бўлган. У киши СамДУни биздан уч-тўрт йил бурун битириб Тошкентга келган. Биз ҳам у кишини ҳавас қилиб, Тошкентга келганмиз, ишлаганмиз, қийналганмиз, уй-жой қилганмиз дегандай. Ғайбулла аканинг меҳнатсеварлиги, китобга меҳри, билимдонлиги, сермаҳсуллигини ҳавас қилса арзийди. Лекин у кишидай бўлолмаслик мумкин. Шу одам билан ҳақиқатдан ҳам кўп мулоқот қилиб турганман. Уйига борардим, бизникига келарди, оилавий борди-келди бор эди. Биргаликда олти-еттита мақола ёзганмиз. Бирга «Толибнома» деган китобни тайёрлаганмиз. Асосий қисмини Ғайбулла ака, уч-тўрт бобини мен ёзганман. Лекин у кишига мен туртки бериб, илҳомлантириб турардим. Кейин ўзлариям айтганлар, Сиз ундаб турганингиз баҳонасида шу нарса охирига етди, деб.

Ғайбулла ака ҳақида «Солланиб оқаётган дарё» деган мақола ёзганман. Ҳар ҳолда у кишигаям, жамоатчиликкаям маъқул келган. «Ғайбулла ас-Салом замондошлари хотирасида» деган китобни тайёрлашда иштирок этдим.

Ғайбулла аканинг сўзга муҳаббати, сўзни қадрлаши катта эди, сўз устаси эди-да. Мақоласини ўқиб, бадиий асар ўқигандай бўласиз. Эҳтирос билан жўшиб ёзарди, шунақа образлар, шунақа гаплар топарди. Ҳазиллашардим, атторнинг қутисидан топиб бўлмайдиган гапларни қаердан топасиз, деб. Тилимиз хазина-да, биз эринчоқлик қилиб кўп титкиламаймиз, ичига кирмаймиз. У киши қиларди шу ишни. Шунинг учун асарлари жуда ўқишли.

– Абдулла Қаҳҳор ижодини кўп ўрганган, у киши билан юзма-юз гаплашган одамсиз. Хотираларингиздан айтиб берсангиз.

– 1967 йил 6 сентябрда диссертацияни ёқладим. «Абдулла Қаҳҳор прозасида характер ва шароит. Тасвирда бадиий деталнинг роли» деган мавзуда. Таомилга кўра, авторефератни бир ой бурун Дўрмонга олиб борганмиз. Академик Иристой Қўчқортоев деган дўстимиз (у киши ҳам А.Қаҳҳор ижоди бўйича диссертация ёқлаган экан) билан бирга бордик. Мен тортиниб бир чеккада турдим. Улар ўзлари гаплашди. «Ҳимоя қачон?» деди Абдулла Қаҳҳор, «Олтинчи сентябрда», дедик. Шу билан қайтиб келдик. Қаранг, олтинчи сентябр куни ҳимоя бўладиган вақтда Абдулла Қаҳҳор келиб турибдилар! Уч соат ўтирди, бир оғиз гапирмади. Иккита ҳимоя бўлди. Олдин фолклорга оид бир ҳимоя, кейин меники. Лазиз Қаюмов, Пиримқул Қодировлар оппонентлик қилди. Домла қўлини пешонасига қўйган кўйи тинглаб ўтирди. Мен у кишининг ёшларга қай даражада меҳрибонлигининг гувоҳи бўлдим. Яна бир томони, икки кундан кейин ўзининг олтмиш йиллик юбилейи. Тўй қиладиган одам бир ой бурун «вақтим йўқ», деб туриб олади. Албатта, қойил қолдим. Миннатдор бўлдим. Ҳимоядан кейин домлалар билан бир пиёла чойга таклиф қилсак, «Йўқ, ўзим тўйбола аҳволдаман, меҳмонлар кўп», деб шошиб кетдилар.

Қаҳҳор домла суҳбати ширин одам эди, суҳбатдошини дарров ўзига маҳлиё қилиб оларди. Сатирага, кулдиришга уста эди. Ёзувчи билан бўлган Самарқанддаги бир учрашувда хасисликдан гап кетиб қолди. Абдулла Қаҳҳор ҳазиломуз бир воқеани айтиб берди: Қўқонда бир хасис ўтган экан: патнисга қанд-қурс, мева-чева, нон кабиларни шу тарзда жойлаштирарканки, меҳмон унга қўл тегизишга ботинолмас экан. Ҳар сафар дастурхонга қўйиб, меҳмон кетгандан кейин яна олиб қўяр экан. Бир сафар остонага қоқилиб кетибдию “юксак меъморчилик намунаси”даги тош қотган битта патир нақ ўртасидан синибди. Шунда ҳалиги хасис шунча пайт ўзига садоқат билан хизмат қилган кўргазмага камоли эҳтиром туфайли синган патирни чегачига чегалатиб келибди. Бу гапдан йиғилганлар думалаб қолган эди.

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди, ҳаёт йўли мунтазам ўрганилади, тадқиқ қилинади. Унинг фаолияти келажак авлодларга, бўлғуси ижодкорларга ибрат мактаби бўлажак!

 

Ориф Толиб суҳбатлашди.

 

“Овоза” газетасининг 2007 йил 12 апрел (№15) сонида чоп этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.