Алишер Навоий замондошлари нигоҳида

0
6234
марта кўрилган.

Алишер Навоий ижоди ва шахсига ҳамма замонларда қизиқиш катта бўлган. Ҳатто у киши ҳақида кўплаб афсонасифат ҳикоялар ҳам тўқилган. Улуғ мутафаккирнинг шахси, тутуми, феъл-атвори ҳақида яққолроқ тасаввур ҳосил қилиш учун аввало ҳазратнинг асарларини, у зотга замондош бўлган адибларнинг хотираларини синчиклаб ўқиш зарур. Қуйида буюк бобокалонимиз билан бир даврда яшаган муаллифларнинг асарларидан парчалар бериляпти. Улар Алишер Навоийнинг беқиёс фазилатлари ва шахсияти ҳақида сўзлайди.

 

 

Ёшлик пайтидаёқ соҳиби фан бўлди

 

Бу машҳур ва олий даражали амир[1]нинг буюк отаси замонасининг машҳур кишиларидан ва Чиғатой улусининг улуғларидан ва султон Абулқосим Бобур баҳодир ҳукмронлиги даврида султоннинг яқин кишиси бўлиб, мамлакатни идора қилиш ва давлатга кафиллик унинг инон-ихтиёрида эди. Бениҳоят фозиллигидан ҳамма вақт ўғлига фазилат ўргатди, тамом ҳимматини саодатманд фарзандини илм-ҳунар безаклари билан зийнатлаш ҳамда ҳидоят нурлари билан равшан қилишга сарф қилди… Ул бузрукворнинг тиришиб қилган ҳаракати беҳуда кетмади ва отасидан кейин нодири давронлик, иззату тамкинлик курсисида қарор топди. Ул улуғ амир юқорида зикр этилган мағфиратли подшоҳ замонида, унинг ҳашамати ва улкан ҳиммати билан, ҳамма вақт фазилат орттиришга интилди, фазл эгаларининг суҳбатини топди, карамли таъби ва ўткир зеҳни шеър айтиш, ўтмиш тарихни ўрганишга қаратилди. Ёшлик пайтидаёқ икки тил эгаси: туркийда соҳиби фан, форсийда фазл эгаси бўлди.

 

Давлатшоҳ Самарқандий,

“Тазкират уш-шуаро”дан

 

 

Синиқ нафс ва улуғ тавозу эгаси

 

Хайру эҳсон, латофат ва кўнгил зарофати бобида амир Алишернинг тенги йўқлигидан жаҳонгир подшоҳ1нинг хотири ҳаммавақт унга мойил бўлиб, улуғлик, вазирлик ва амирлик мартабасини унга инъом этди. Сўзнинг қисқаси шулки, аввал ул ҳазрат улуғ муҳрни амир Алишернинг қўлига тутқазди ва ул амир бир неча вақт муҳрдорлик лавозимида қойим туриб, хизматкорлик поясини юқори осмондан ҳам ўтказди. Бир неча вақтдан кейин, бу мансабни тарк этиш бобида илтимос қилиб, бу лавозимга амир Аҳмад Суҳайлийни тайин қилишни илтимос қилди. Хоқони Мансур унинг бу илтимосини қабул қилди, лекин ҳижрий 876 йили шаъбон ойида (1472 йил январ ойида) банданавоз подшоҳ ул вожиб ул-атоб амирни аморат мансаби билан сарфроз қилмоқчи бўлди. Амир Низомуддин Алишер аввал бу мансабни қабул қилмай дедики, мен энди улуғ остона ичкилари қаторидаман, улуғ мансаб эгасиман, осмон қадар тахт амирларининг барчасидан юқорироқ ўринда ўлтирибман. Борди-ю, аморат мансабига мутасадди бўлсам, барлос ва орлот амирларидан баъзилари турага биноан мендан юқори ўлтирадилар. Бас, бу амирларга кафил бўлмоқ мансабимдан пастроқдир.

Хоқони Мансур унинг бу узрини қабул қилиб, бағоят иноятидан “барлос умаросидан амир Музаффар барлосдан бошқа бирон кимса амир Алишердан аввал муҳр босмасин”, деган ҳумоюн ҳукм чиқарди. Шундан кейин амир Алишер мамлакат очувчи ҳоқон раъйини риоя қилиб, аморат мансабини қабул қилди, тилладўз чопон, наврўзий кулоҳ кийиш билан фахр топди. Аммо хоқони Мансурнинг покиза кўнгли шу эдики, амир Алишер вожиб ул-изъон фармонига кўра бошқа амирлардан юқори муҳр босса, лекин ул жанобнинг қўлига маълум соатда муҳр боссин учун нишон берганларида, нафси синиқ бўлганидан ва бағоят улуғ тавозулилигидан, нишоннинг шундай жойига муҳр босдиким, ундан тубанроққа муҳр босишга жой қолмади… Бу воқеа сурати хосу авомнинг имтиҳонига сабаб бўлиб, исломпаноҳ подшоҳнинг эътиқодини оширди. Кейин соф кўнгиллик амирнинг муҳри босилган ер муҳрга эга бўлган ҳар бир мансабдор орасида талаш бўлди ва уларнинг ҳар бири ўша ерга муҳр босиш иштиёқида бўлди…

Мирхонд,

“Равзат ус-сафо”дан

 

 

Ҳиммат ва саховатда беназир зот

 

905 (1499–1500) йили шаҳзода Муҳаммад Муҳсин мирзо мамлакатнинг баъзи эҳтиёжлари учун Сабзавор қалъасига маълум миқдорда ғалла жамғармоқчи бўлди. У вилоятда эса ғалла топилмас эди. Амир ва ноиблардан бир гуруҳи:

– Ҳазрати султон муқарраби (султоннинг яқини, яъни Алишер Навоий)нинг бу шаҳарда ғалласи кўп. Олий фармон билан ундан эҳтиёжга лойиғини олайлик ва ғалла топганимизда ул жанобнинг вакилларига эвазини қайтариб берайлик, – деб арз қилди.

Чиройли хулқли шаҳзода уларга жавоб қилди:

– Амир жанобларининг ғалласидан маълум миқдорда олиш у ёқда турсин, ҳатто унга ҳеч ким тўғридан-тўғри кўз ташлай олмайди ҳам.

Бу хабар олий табиатли Амир (Алишер Навоий)га етиб боргач, махдумзода ҳаққига яхши дуолар ўқиб, Сабзавордаги ҳамма ғаллаларини шаҳзодага тортиқ қилди. Бу ҳақда ноиблардан бирига мактуб ёзди, унда шулар айтилади: “Валлоҳким, гарчи ҳар бир дона буғдой ўрнида бир донадан марварид бўлганда ҳам, у зотдан аямай, ҳаммасини назр қилиб, меҳр-муҳаббат уруғини махдумзоданинг дилларига сочар эдим”.

 

Хондамир,

“Макорим ул-ахлоқ”дан

 

 

Ёшлар ҳомийси

 

Бу фақир мавлоно Соҳибдорога она томондан қариндош бўларди. Бир куни отам билан бу кишининг уйига бордик. Камол аҳлию фазилат арбобларидан анча киши бор экан. Бу фақирнинг отасига хитоб қилиб дедилар: “Кўп муддатдан бери эшитаманки, ўғлингиз мақбул толиби илм, хушхон ҳофиз ва паҳлавон шоир экан. Ҳар қандай номи айтилмай ўқилган мушкул муаммони ечаркан, деган шов-шув юрадир”, деб бир муаммо ўқидилар, мен топдим…

Биз уйимизга қайтиб кетдик. Бироз фурсат ўтгач, мавлоно Соҳибдоронинг хабарчиси келиб, хожам сизни сўрамоқдалар, деди. Биз етиб боргач, мавлоно деди:

– Амир Алишер ҳузурларига борган эдик. Мирнинг одати шуки, ҳар куни мени чақириб, бугун шаҳарда бўлиб ўтган ажойибу ғаройиб ҳодисалардан нени кўрдингиз ва нима гаплар эшитдингиз, деб сўрайдилар. Мен жавоб бердим: “Бир кишини учратдим. Ўзи 16 ёки 17 ёшда. Номи айтилмай ўқилган ҳар қандай мушкул муаммони топади. Толиби илмликда, ҳофизу шоирликда катта иқтидор бор”. Мир таажжуб билан сен уни имтиҳон қилдингми, дедилар. Мен бир мушкул муаммони номини айтмай ўқиган эдим, ечди, дедим. Ҳазрати Мир менга: “У кишини нега олиб келмадинг?” деб эътироз билдирдилар. Мен ўз гапларимдан пушаймон бўлдим. Чунки Мирнинг суҳбати ҳайратли ва даҳшатангиздир. Масалан, бирор мажлисда бирор фозилнинг номини сўрасалар-у, айтиб беролмасангиз, койийдилар. Мабодо бир муаммо ўқилса-ю, тополмасангиз, шарманда ва хижолат бўлишингизга сабаб бўлади. Энди ҳозирлигингизни кўриб, эртароқ бу ерга келиб турингки, ҳазрати Мир сиз билан кўришмоқ иштиёқидалар.

Алқисса, эрта билан мавлоно Соҳибдоро уйига етиб келдим. Мендан бошқа у кишининг ҳузурида яна уч толиби илм бор экан. Мавлоно Соҳибдоро менга: “Вақтида келдинг. Бу уч ёшни ҳам Мирнинг ҳузурларида таъриф қилған эдим”, дедилар. Уларнинг бири муаммоий эди. Маҳорати шу қадар эдики, уни бу санъатда мавлоно Ҳусайн Нишопурий билан тенглаштирар эдилар… Иккинчиси қасидагўйликда шуҳрат топган эди… Учинчиси маснавийни жуда яхши айтар эди… Олий мажлисга кириб бордик. Мажлис аҳли ва ҳазрати Мир ўз надимлари билан ҳозир экан. Жаноби Мир биз томон қарадилар. Фақирга ишора қилиб, “Номини айтмай ўқилган муаммони еча оладиган дўстимиз шу кишими?” дедилар. Мавлоно Соҳибдоро: “Бали, ўша махдум”, деб жавоб бердилар. Мавлоно Муҳаммад Бадахший суҳбатга аралашдилар: “Махдумлар, худовандигоро, муаммо ечишда Сиздан ўтадигани йўқ-ку?..” Мир дедилар: “Мен унинг муаммо ечишига иқтидорини кўзидан билдим. Зеро, унинг фикрлари кўзларидан зоҳир бўлиб турибди.

Кейин шу муаммони ўқидилар:

 

“Боғро бин аз хазон бефарру, сарв аз жо шуда,

Булбулаш барҳам зада минқору, ногўё шуда”.

 

(Боғни кўр, хазонрезликдан кўрки қолмабди, сарв ўрнида йўқ, булбулнинг тумшуғи йўқ бўлиб, куйлашдан қолибди.)

Иттифоқо, мен бу муммони ёд билардим. Ўйланиб қолдим: номини айтиб, ўзимни гўлликка солиб, мажлисни ўтказаверсамми ёки тўғрисини айтайинми? Оқибатда ростини айтишга аҳд қилдим. Дедим: “Махдум, мен бу муаммони ёд биламан”. Ҳазрати Мир бироз бошларини эгиб турдилар-да, ёнидагиларга: “Азизлар, биласизларми, бунинг сўзи не маънони билдиради. Ўз қудратини изҳор қилиб, бунисини биламан, бошқасини айтинг, демоқчи”. Мир бошқа муаммо ўқимадилар. Анчагача лутфомуз сўзлар айтиб, сўнгра мавлоно Соҳибдорога: “Биз бунинг даъвосини қабул қилурмиз”, дедилар.

 

Зайниддин Восифий,

“Бадое ул-вақое”дан

 

 

Ориф Толиб

тайёрлади.

 


[1] Алишер Навоий назарда тутиляпти.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.