Баҳодир Карим. “Ўткан кунлар”га қайтиб…

0
3128
марта кўрилган.

Орадан йиллар ўтгани сари Абдулла Қодирийдек фавқулодда истеъдод эгасининг бетакрор поэтик тафаккур меваси бўлган “Ўткан кунлар”дек биринчи ўзбек романи қадр топаётгани сир эмас. Романнинг таҳлил ва талқинлари махсус қодирийшунослик соҳасини ташкил этади. Айни чоғда, асар майдонга келган давр, романнинг журнал нусхаси билан биринчи нашрлар ўртасидаги матний фарқларга диққат қаратиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 

1. Журналдаги “Ўткан кунлар”

Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига оид айрим мақолаларда, қодирийшунос олимлар ёзган махсус рисола ва монографияларда биринчи марта “Ўткан кунлар” романидан парчалар 1922 йил “Инқилоб” журналида босилгани қайд этилади (Қаранг: И.Султонов. Пьесалар. Мақолалар. Ўзбекистон давлат бадиий адабиёт нашриёти. Т. 1959.303-бет. А.Алиев. Абдулла Қодирий. Ғ.Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти. 1967 йил. –Т. 70-бет.; М.Қўшжонов. Қодирий – эрксизлик қурбони. –Т. “Фан” нашриёти. 1992 йил, 3-бет.; У.Норматов. Қодирий боғи. Т. “Ёзувчи” нашриёти. 1994. 43-бет.; Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти (дарслик). –Т. “Маънавият” нашриёти. 2004 йил. 406-бет.; С.Мирвалиев “Абдулла Қодирий”. “Фан” нашриёти. 2004 йил. –Т. 11-бет…). Тўғри, “Инқилоб” ўша йил феврал ойидан бошлаб дунё юзини кўрди. Шу йили саккизта, 1923 йили битта қўшма, кейинги йили иккита қўшма сони босилади. Аммо тарихий далил шуки, журналнинг 1922 йилги бирорта сонида “Ўткан кунлар”дан парчалар берилган эмас.

Журнал муқовасида меҳнаткашларни бирлашувга чақирувчи ўз даврининг машҳур шиоридан кейин “Туркистон коммунистларининг марказ қўмитаси” муассис қилиб кўрсатилади. Шунингдек, муқовага “Ойда бир мартаба чиқатурған адабий, сиёсий, иқтисодий, илмий, тарихий, ижтимоий ва фанний Шарқ йўқсуллари озодлиғиға хизмат қилғувчи расмлик ўзбекча “Инқилоб” мажмуаси” деб ёзиб қўйилади. 1923 йил феврал-мартда чиққан журналнинг 9-10-қўшма сони 19-51-бетларида “Ўткан кунлар”нинг бошидан олти фасл берилади; роман фаслларига ном қўйилмайди. Романнинг биринчи марта матбуот юзини кўриши ўша – 1923 йилга тўғри келади. Ўқувчилар асар давомини, тўғрироғи, журналнинг навбатдаги сонини интизор бўлиб кутадилар. Ўз вақтида “Инқилоб” нашрида муаммолар пайдо бўлган кўринади. Гарчанд ҳар ойда чиқишига ваъда берилса ҳам, бир йилда базўр бир марта чиқади. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 1924 йил май ойида 11-12-сонлари босилади. Диққат қилинса, журнал муассиси ўзгариб, энди унга “Туркистон маориф комиссарлиги” эгалик қилади. Йўналиши ҳам ихчамлашиб, “Адабий сиёсий, иқтисодий, илмий ва тарихий ўзбекча “Инқилоб” мажмуаси”га айланади. Адади уч мингта. Ўша май сонининг 6-31-бетларида бир йил кутиб ётган романнинг яна олтита фасли берилади. Орадан беш ой ўтиб, октябрда журналнинг 13-14-сонлари нашр этилади. Ношир сифатида аввалги икки ташкилот ўрнида энди “Ўрта Осиё давлат нашриёти” пайдо бўлади. Зиё Саид “журналнинг ётиш” вақти ҳақида “1924 йил октябрь” деб тўғри маълумот беради (Қаранг: Зиё Саид. Танланган асарлар. –Т. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1974 йил. 86-бет). Аммо кейинги икки сондаги “эга”нинг ўзгариши З.Саиднинг “Туркистон коммунистлар фирқаси” маълумотини ҳам табиий равишда ўзгартиради. Чунки сувга чўкмас, ўтда куймас қоғозларга муҳрланган далилларни инкор қилиб бўлмайди. Охирги қўшма соннинг 41-66-бетларида “Ўткан кунлар”нинг давоми ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилади. Муассиссиз, ҳомийсиз, эгасиз қолган “Инқилоб” журнали ёпилгандан кейин Қодирий романидан вақтли матбуотда намуналар босилиши ҳам тўхтайди.

Сал кам икки йил ичида “Инқилоб” журналининг учтагина сонида босилган “Ўткан кунлар”нинг ўн олти фаслини ўрганиш-тадқиқ этиш ҳам бир қанча адабий-илмий масалаларга ойдинлик киритади.

Шу ўринда тарихий роман ёнидаги битта сўз уч хилда ёзилганини ҳам айтиш лозим: “Ўзбеклар ҳаётидан тарихий рўмон” (журналнинг 9-10, 11-12-сонида), “Ўзбеклар тирикчилигидан тарихий рўмон” (журналнинг 13-14-сонида), “Ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон” (китоб ҳолидаги 1926 йилги нашрида). Бундай турличаликлар, баъзан журнал таҳририятига тегишли бўлиши ҳам мумкин.

20-йиллар муҳитида имло масаласида бирлик йўқ эди. Ҳар нашр, ҳар газета-журнал битта сўзни турлича ёзиш одатлари бор эди. Имлодаги муаммолар бартараф қилингунига қадар “Инқилоб” журнали “ўрта йўлни” тутишга қарор бериб, қалам аҳлига “…юбориладиган мақола ва шеърлар ўрта имло билан ёзилса ва янгича ёзиб идорани машаққатга солинмаса эди”, деб истак билдирилади (Зиё Саид. Танланган асарлар. –Т. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1974 йил. 85-бет.). Демак, таҳририятга асар олиб келган ҳар қандай ижодкор асарларининг ифода тарзи “ўрта имло”га тушмаса, таҳрирга учраши кутилар эди. Абдулла Қодирий 1925 йили алоҳида китоб ҳолида босилган “Ўткан кунлар” биринчи бўлимининг тилини уч-тўртта “имлочи”лар ўзгартирганини, оқибатда матн “ажойиб бир қуроқ ҳолга” келганидан зорланади. 1926 йилги нашрида имкони борича кўнгли тўлмаган жойларини ўнглайди. Аммо ўша давр қоидасига кўра “босилиш тақдири ношир қўлида” эканини ҳам эслатади. Шунга монанд “Инқилоб”нинг учта сонида чоп этилган “Ўткан кунлар” тақдири, бир томондан, таҳририят қўлида бўлган, иккинчидан эса, асарнинг дунё юзини кўриш жараёнига Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам бефарқ қарамаган бўлиши керак. Қолаверса, журналдаги сўзбошида адиб: “Маълумки, ҳар бир нарсанинг ҳам янги қабул қилиниш – ибтидоий даврида талай камчиликлар билан майдонға келиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб, такомилга юз тутиши табиий бир ҳол”, деб ёзади. Шунга кўра муаллиф романнинг журнал нусхасига билдирилган фикрларни инобатга олиб, китоб ҳолида босилиш палласида ўз қўли билан анча-мунча ўзгартиришлар киритган бўлиши ҳам табиий. Умуман олганда, романнинг такомилида адибнинг қалами, қалби, бадиий тафаккури жуда муҳим роль ўйнаган.

Дарвоқе, Д.Қуронов ва Х.Полвоноваларнинг “Шарқ юлдузи” журнали 2007 йил 1-сонида “Ўткан кунлар” романи матний тадқиқи тўғрисида бир мақоласи босилди. Унда “Инқилоб” журнали бир-икки марта тилга олинади. Бироқ кенгроқ қиёслар, батафсилроқ маълумот берилмайди. Иккинчидан мақолада: “Романнинг “Инқилоб”даги нашри билан, китоб бўлиб чиқиши орасида беш йиллик масофа бор – бу вақт мобайнида адибнинг маҳорати ўсгани шубҳасиз”, деган бир тахминий гап ҳам “Ўткан кунлар”нинг журналдаги парчасини текширишга зарурат туғдиради.

Роман нашрига оид яна бир далил шуки, “Чақимчилиқ” фасли 1924 йили шоир Чўлпон тартиб берган “Адабиёт парчалари” тўпламининг 15-21-саҳифаларида чоп этилади. Хуллас, бундай тарихий манбалар эскирмайди, тахминлар мўрт ва далиллар эса ўжар бўлади.

 

“Туркистон” газетасининг 1924 йил сонида. Расм остига “Ёш адибимиз Жулқунбой (А. Қодирий)” деб ёзилган.

 

2. Муҳим бир сана

Абдулла Қодирийнинг романларига юзлаб адабиётшунослар, минглаб мухлислар мурожаат қилади. Бадиий сўзнинг зилол, тоза булоғидан сирмиради; юраклар ҳузурга тўлади… Айни дамда, таниқли адиблардан тортиб, оддий иншо машқ қилувчи мактаб ўқувчиси ҳам, зарурат туғилганида, бевосита романнинг ичкарисига кирмасдан, шундоқ остонада туриб, адибнинг ҳикматга айланиб кетган “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар” гапини ўзлари учун шиор-маёқ қилиб олади.

Бу остонада бошқа ҳикматлар ҳам бор. Романнинг “Ёзғучидан” деган олдсўз-прологи-эскартиши остига муҳим бир сана битилган. Аммо китоб нусхаларида бу сана негадир қайд қилинган эмас; матн орасида озгина ўзгариш ҳам бор. Яхшиси, журналда берилган олдсўз-прологни шу ўринда тўлиқ кўчирамиз:

“Ёзғучидан

Модомики биз янги бир даврга оёқ қўйдиқ, бас биз ҳар бир йўсунда ҳам, шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашмакка мажбурмиз. Шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришға ва халқимизни янги даврнинг «Тоҳир Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдирмоқға мажбурмиз.

Ёзмоқға ниятланганим ушбу «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишмоқ йўлида кичкина бир тажриба, тўғриси бир ҳавас. Маълумки, ҳар бир нарсанинг ҳам янги қабул қилиниш – ибтидоий даврида талай камчиликлар билан майдонға келиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб такомилга юз тутиши табиий бир ҳол. Мана шунинг далдасида, ҳавасимда жасорат этдим; ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим.

Мозийга қайтуб иш кўриш хайрликдир, дейдирлар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан – яқин ўткан кунлардан; тарихимизнинг энг кирлик – қора кунлари бўлған «хон замонлари»дан белгуладим.

Абдулла Қодирий (Ж.б.)

Тошканд, декабр, 1920 нчи йил.

Бу парча билан китоб нусхаси таққосланса, айрим фарқлар борлиги маълум бўлади: сўзлар қўшилган ва олиб ташланган. Баъзи сўзлар охирига иш-ҳаракатни якунловчи “-дир” қўшимчаси қўшилган; “қ” билан “к” товуши алмашган. Журналдаги “ҳикоячилик” ўрнида “ҳикоячилиқ” ёзилади; китоб нусхасидаги “Мозийға қайтуб иш кўриш хайрлик, дейдилар” гапида ҳам шундай майда ўзгаришлар бор. Журнал матнида баъзан сўзларнинг “-ғон”, “-лиқ” каби қўшимчалари сингормонизмдан холи ёзилади. Бироқ 20-йиллар имлосида турғунлик бўлмагани учун журналнинг ўзида ҳам бир хил сўзларнинг турлича ёзилиш ҳолатлари мавжуд.

Кўчирма охиридаги “Тошкент, декабр 1920 нчи йил” санаси асарнинг бошқа нашрларида учрамайди. Профессор У. Норматов шу сана ва яна бошқа муҳим далилларга таяниб: “Ўткан кунлар” романи 1920 йил охирида ёзиб тугалланган, деб узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш учун тўла асос беради”, (“Қодирий мўъжизаси”. 2010. –Т. “Ўзбекистон”. 204-бет), деб ёзади.

1926 йили “Ўткан кунлар” биринчи бўлимининг қайта нашри пайти адиб ёзган “Узр”идаги: “Рўмон деб сизга тақдим қилинган бу нарса дунёга келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди”, деган фикри, ҳақиқатан ҳам китоб кўринишидаги нашр эътиборидан роман 1920 йили ёзиб тугатилгани учун асос бўлади. Аммо, иккинчи бир фикр шуки, романнинг 1923 йили журналда чиққани ва бунинг устига “беш йиллаб босила олмай” ётгани ҳисобга олинса, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”и журналда босилишидан беш йил аввал, яъни 1918 йили ёзилгани ҳақиқатга яқин келади. Чунки роман фаслларининг матбуотда кетма-кет босилиши орасида бир йилдан ортиқ чўзилган судралиш вақти бор. “Босила олмай ётиши” шуни ҳам ифода қилади.

 

3. Фасллар номи

Бадиий асарнинг сарлавҳаси унинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттиради. Баъзан биргина сарлавҳанинг ўзидан асар мавзуси англашилади. “Ўткан кунлар” романи бир товуш фарқи билан бир неча марта “Ўтган кунлар” сарлавҳасида босилди. Баъзи олимларда эътирозлар туғилди. Аммо ўз вақтида адиб қандай ёзган бўлса, ўша ном – “Ўткан кунлар” оммалашди. Маълумки, роман композицион тарафдан ички фаслларга бўлинади. Аммо фаслларни номлаш зарурати нисбатан кейинроқ адиб хаёлига келган кўринади.

Юқорида айтганилганидек, “Ўткан кунлар”нинг журналда берилган бошдаги олти фасли махсус номланмайди. Сюжет воқеаларининг берилиш кетма-кетлиги рақамланади. Еттинчи фаслдан бошлаб, уларга ном қўйилади: “7. Мажбурият. 8. Қутлуғ бўлсун. 9. Икки ёқда. 10. Тўй – қизлар мажлиси. 11. Кутилмаган иш… ” . Бу сарлавҳалардан китоб нусхасида “9. Икки ёқда” “9. Қаршилаш” билан, шунингдек, “11. Кутилмаган иш…” номи “11. Кутилмаган бахт” билан алмаштирилади. Табиийки, бундай номланиш матн моҳиятига яқин келади; олдингисига қараганда таъсирлироқ, бадиийроқдир. Журналнинг 1924 йил октябрь ойидаги қўшма сонида роман давоми: “12. Чақимчилиқ. 13. Қамоқ 14. Нажот истаб 15. Тошкент қамоқда 16. Азизбек” сарлавҳалари билан чиқади. Булар ичидан биргина “Нажот истаб” фасли “Нажот истаб Тошкандга” кўринишига киради. Натижасида ёрдамнинг кимдан кутилиши, адиб воқеалар оқимини қай томон бураётгани ва қаҳрамонни қаерга йўналтиргани аниқлашади.

 

4. Отабекнинг бобоси ким?

Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонлари номига жиддий эътибор берадиган ёзувчилар сирасига киради. Исм танлашда ҳеч кимдан андаза олмайди; ўқувчининг тасаввурига образлар ўз исмлари билан бирга муҳрланади. Романнинг дастлабки саҳифаларидаёқ, Отабек, Ҳасанали, Ҳомид, Раҳмат, Мирзакарим қутидор, Кумуш, Ўзбек ойим, Офтоб ойим ва бошқа асосий қаҳрамонлар исмига мос равишда таърифланади, тавсифланади. “Ҳомид” исми ёлғиз айтилганда биров танимайди; “Ҳомид хотинбоз” деса билади, англайди, эслайди. Қутидорнинг ҳам, Отабек ва унинг “маънавий отаси” Ҳасанали исмлари ҳам шундай кўркам, муҳташам, жозибали.

Адиб икки исм давомига “ҳожи” мартабасини тиркаб қўяди: Юсуфбек ҳожи, Акрам ҳожи. Албатта, бу қаҳрамонлар асарда ўз мавқеига, маънавий даражаларига мос равишда сўзлайдилар, сукут сақлайди ва ҳаракат қиладилар. Гоҳида ҳожи ҳоким билан тўқнашади, ҳамма нарсадан кўнгли совиб, “дунё можароларидан этак силкиб” умр ўтказишни ғанимат билади. Бугун ўқувчилар оммаси ўқиётган “Ўткан кунлар” романидан сарлавҳага олиб чиқилган саволга жавоб топилмайди. Отабекнинг отаси маълум ва машҳур – Юсуфбек ҳожи. Исми жисмига, ҳожилик мартабасига уйғун ва характерни ўқувчи яхши кўриб қолади; юрак-юракдан ардоқлайди. Хўш, Отабекнинг бобосининг исми ким? Шу тарзда савол қўйиш мумкинми? Романда исми тилга олинмаган, бор-йўғи бир-икки ўриндагина “Ҳасаналини болалик вақтида Эрондан киши ўғирлаб келгувчи бир туркман қўлидан Отабекнинг бобоси ўн беш тилло баробарига сотиб олған эди” (китоб, 9-бет), Меҳмондорчиликдан Отабек суҳбат чоғи: “Сиз бизнинг ҳавлида бўлғанмисиз?” деган саволига Қутидор: “Кўб мартабалаб меҳмон бўлдим. Ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар” (китоб, 14-бет) деб Отабекнинг бобосини эслайди. Бироқ бобонинг исми айтилмайди. Журналдаги нусхасида эса адиб Ҳасанали тарихи муносабати билан қуйидаги гапларни ёзади: “Ҳасаналини болалиқ вақтида Отабекнинг бобоси Мусабек Эронистондан киши ўғурлаб келгувчи бир туркман қўлидан 15 олтун баробарига сотуб олған эди” (журнал, 21-бет). Ушбу кичик парчада “олтун” “тилло”га ўзгарган. Биз учун муҳими – исм. Отабекнинг бобоси учун Қодирий “Мусабек” исмини танлайди. Бу ном, албатта, бежиз танланган эмас. Отабекнинг аждодларига бундай “Мусабек”, “Юсуфбек” каби исмлар берилиши, албатта, адибнинг дунёқарашига дахлдор тушунчадир. Ўз қаҳрамонларини ўтган пайғамбарлар номи билан аташ – қаҳрамонларга салобат бағишлаши, уларнинг тоза инсонлар тоифасига мансублигига бир ишорадек таассурот беради. Адиб ниятининг, эстетик идеалининг чўнглигига далолат қилади. Лекин романнинг китоб нусхасида “Мусабек” номи тушиб қолади. Бизнингча, дин ва диний исмлар инкори бошланган янги даврда адиб қаҳрамонлари номини ҳам “ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар” олишга мажбур бўлади.

 

5. Узук билакка тақиладими?

Узукнинг билакка тақилмаслигини ҳамма билади. Узук бармоққа, билакка эса билагузук тақилади. Романнинг барча китоб нусхаларининг “Кутилмаган бахт” фаслида Отабек билан Кумушнинг ҳаяжонли учрашув палласи жуда гўзал тасвирланади. Кумуш “ким келди деб ёнига қарамайди”, бегонасирайди. Ўзи истамаган ҳолда, аммо “мажбурият остида, ёв қараш билан секингина душманига” қарайди ва ҳайратдан донг қотади. Отабекни кўриб: “Сиз ўшами?” деган ҳаммани бир сескантирадиган сўзни айтади. Кейин дастурхон атрофида уларнинг суҳбати давом этади. Суҳбат орасига адиб кириб олиб, бир изоҳ ёзади: “Дастурхон ёнида Кумушбибининг латиф билагига Отабек олтун узук солур экан, ул ерга қараған ҳолда эди”. Бунда сарлаваҳага олиб чиқишга сабаб бўлган бир савол, бир сакталик бор. Романнинг 1980 йилги нашрида 58-бет, 1992 йилги нашрида 50-бетда – табдил қилинган барча нашрларида юқоридаги гап айнан берилади. Умид билан 1926 йилги нашрга назар ташланади. Афсуски, унда ҳам “латиф билак”ка “олтун узук” солинади. Адибга муҳаббатли, унинг маҳоратига чин кўнгилдан ишонган, тасвирланган вазиятларга мафтун бўлган ўқувчи бу жумладаги сакталикка эътибор бермайди. Узук ҳам билакка тақилар эканми, деган бир савол бермасдан суҳбат ва воқелик давомига ошиқади. Аслида Абдулла Қодирий узукнинг бармоққа, “олтин билагузук”нинг “латиф билак”ка тақилишини жуда яхши билар эди. Қодирий назари тушган журналдаги “Кутилмаган иш…” фаслидан айни нуқтани топиб ўқиймиз: “Дастурхон ёнида Кумушбибининг латиф билагига Отабек олтун билак узук солур экан, ул ерга қараған ҳолда:

 – Ман сизга ҳеч нарса ҳам ҳозирламаған эдим…, – деди”. Биргина сўз ўнгланиши фикр ва ифода мантиғини ўз ўрнига келтиради. Чўзилган гапнинг хулосаси шуки, менимча, “Ўткан кунлар” янги нашрида шу биргина сўзни ўз ўрнига қўйиш лозим. Зотан, оддий бир узук совға қилиш Кумушнинг маҳри учун “уч юз олтин пул”, “ўрадек бир ҳавли, соғиш учун сигир” ваъдасини берган савдогар-бойвачча Отабек шаънига ҳам, ҳаёт мантиғи ва бадиий мантиққа ҳам мувофиқ келмас эди.

  Дарвоқе, адиб ўқувчига Отабек билан Кумушнинг биринчи учрашувини “Кутилмаган бахт” фаслига қадар сир сақлайди. Китобда сал кам бир бетлик – Отабекнинг Марғилонга келган пайтдаги таҳорат суви олиш учун Қутидорнинг ташқи ҳовлисига киргани, у ерда Отабекни ипсиз боғлаган Кумушга кўзи тушгани, “аср намозини қазо” қилгани ва, ниҳоят, “унда муҳаббат можароси туғилган”ига оид изоҳларни беради. “Сиз ўшами?” саволининг сабабини очади. Журнал нусхасининг “Кутилмаган иш…” фаслида эса бу учрашув сирлигича қолади. Изоҳ йўқ. Ёзувчи китобга киритилган махсус изоҳга зарурат сезиб, уни кейинчалик ёзганини тахмин қилиш ҳам мумкин. Бу ҳам журнал ва китоб нусхалари орасидаги фарқли жиҳатлар сирасига киради.

 

“Инқилоб” журнали. 1923 йил сонлари. “Ўткан кунлар”нинг илк босма кўриниши.

 

6. Тошкандми ё Тошкент?

“Ўткан кунлар”нинг журнал нусхаси босилаётган паллада ҳам имлода аниқ бир тўхтамга келинмагани турли-туманликни келтириб чиқарган эди. Журналнинг 1923 йилги сонида ўндан ортиқ ўринда Кумушбибининг юрти “Марғинон” тарзида, 1924 йилги сонларида ўттизга яқин ўринда “Марғилон” деб ёзилади. Қирқдан ортиқ ўринда Отабек шаҳри “Тошканд” деб, йигирмадан кўп ўринда, хусусан, “Инқилоб”нинг 1924 йил октябр сонида “Тошкент” тарзида ёзилади. Табиийки, қайси бири тўғри, деган савол туғилади. Тарихда ўтган улкан уламолар исмларига Марғиноний нисбаси қўшилгани маълум. “Ўткан кунлар”нинг китоб нусхаларида “Тошканд” ёзилганидек, “Марғинон”нинг ҳам сақланиб қолгани маъқулга ўхшайди. Чунки адиб фойдаланган Туркистон тарихига оид китобларда ўша жой номи асосан “Марғинон” тарзида ёзилади. Гарчанд аниқ этимологияси масаласи баҳсли бўлса ҳам, Ибратнинг “Фарғона тарихи”ида “мурғу нон”дан “Марғинон” пайдо бўлгани хусусида Искандар замонига бориб тақаладиган бир ривоят ҳам ёзиб ўтилади. Ҳар ҳолда шаҳарларнинг бундай номланиши асарга қайсидир маънода тарихий муҳит салобатини, тарихий давр об-ҳавосини тақдим этди. “Ўткан кунлар” китоб нусхасининг битта жойида, охирида – қабр тепасига тошдан ўйиб ёзилган лавҳада: “Кумушбиби бинти Мизакарим Марғиноний…” шаклида келади.

Гап шаҳарларнинг номлари устида кетар экан, романдаги яна бир ўринга эътибор қаратиш лозим кўринади. Китоб нусхаларида Отабекнинг савдогарлик билан борган шаҳарлари шундай берилади: “Ўзимизнинг шаҳарлардан кўпини кўрдим, – деди бек, – ўрис шаҳаридан Шамайга ҳам бордим”. Асарнинг журнал нусхасида Отабек “ўзимизнинг шаҳарлардан” “Ҳўқанд, Хўжанд, Чимканд, Авлиёота, Олмаота”ни санайди ва “ўрус шаҳаридан Шамайга ҳам” борганини айтади. Табиийки, журнал нусхасида аниқлик, кейингисида эса нисбатан умумийлик, мавҳумлик мавжуддир.

Иккинчидан, журнал муқовасидаги шаҳар номи фарқларидан англашиладики, бундаги “Тошканд”нинг “Тошкент”га ўзгаришида адиб ихтиёри эмас, балки таҳририят ходимларининг қўли бор деб қараш ўринлидир. Қиёсий таҳлиллар жараёнида бундан бошқа ҳам сўзларнинг турлича ёзилиш ҳолатлари, бир қанча товуш ва бўғин қўшимчаларининг ўзгаришлари кузатилади. Масалан: ҳаракат номининг икки қўшимчаси “-иш” билан “-мак” алмаштирилади (учрашиш – учрашмак) ёки отдан сифат ясовчи “-ли” ва “-лик”, “-лиқ” қўшимчаларининг олдингиси (ерли – ерлик, отли – отлиқ, гулли гилам – гуллик гилам, ўрта бўйли – ўрта бўйлиқ, саллали – саллалик, қалпоқли – қалпоқлик, попоқли – попоқлик) журнал нусхасида кўпроқ қўлланади.

Айрим ўринларда ёрдамчи сўзлар синонимларига (билан – орқали, томони – тарафи, ортиқ – жуда, сўнг – кейин); кўпгина ўринларда “каби” “билан”, “учун” кўмакчи сўзлар “-дек”, “-да”, “-га” каби қўшимчалар билан алмаштирилади. (Масалан: тўлған ой каби – тўлған ойдек, ғижинған каби – ғижинғандек, аччиғи билан – аччиғида, истиқболи учун – истиқболиға).

Бундай ўзгаришлар ўша давр ўзбек адабий тили қонун-қоидаларининг қайта шаклланиш босқичи муаммолари ҳамда ифодани тушунарли ҳолатга келтиришга уринган ёзувчи таҳрири билан боғлиқ, албатта.

 

7. Сўзлар ўрин алмашганда

Романнинг журнал ва китоб нусхалари орасидаги фарқланиш сўзлар, сўз бирикмаларини таққослаганда ҳам кўзга ташланади. Бу сўз танловларининг барчасини, яхши-ёмон бўлишидан қатъи назар, ўша давр имлочилари зиммасига юклаш ҳам тўғри бўлмайди. Адиб журнал чиқаётган маҳалида ҳам, биринчи бўлимнинг иккинчи марта босилаётган пайти ҳам Тошкентда бўлган эди. Демак, роман тилидаги ўзгаришларга адибнинг сўз қўллаш тажрибаси сифатида ҳам қараш ўринлидир. Ижод аҳли учун таниш бир ҳолат: сўзлар кайфиятни ифода этади…

Адиб имкони борича ўзи тасаввур қилган ҳолатларни гўзал ифодалашга уринади. Шу боис кўнгли тўлмаган сўзларни алмаштириш, романни таҳрир этиш йўлидан боради. Роман тилидаги сўзлар ўзгаришига мисол сифатида “ёруғи – нури, ёруғ кунлари – истиқболлари, ёлғиз – фақат, қўрқунчи – ташвиши” каби ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Бу алмашинувларнинг кўпчилиги поэтик нутқнинг гўзаллашувига хизмат қилади. Офтоб ойим эгачисига (журналда “опаси” деб берилган) Кумушнинг хомушлиги ва ўз ташвишидан гапиради. Эгачисининг: “Нимабало, куявинг хунук-пунукми?” саволига Офтобойим: “Ўзим кўрмадим, аммо кўргучиларнинг сўзларига қарағанда ўхшашсиз чиройлиқ, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш. Отасининг ўзи йигитни севиб куяв қилған эди” жавобини беради. Китоб нусхасида бу парчадаги “чиройлиқ” сўзи “кўркам”га, “севиб” эса “яхши кўриб” бирикмаси билан алмаштирилади. Жуда ўринли бир таҳрир. Чунки “чиройлиқ”дан кўра “кўркам” сўзи эркак кишига мос келади; “севиб” сўзига қараганда “яхши кўриб”да эса нисбий холислик маънолари сезилади.

Зиё шоҳичининг совчиликка борган бир ҳолати тасвири. Совчи сўзламоқда: “…кунлардан бир кун тақдир шамоли юрадир-да биравнинг иффат пардаси остида ўлтурған қизининг юзидан пардани кўтариб иккинчи томондан бизнинг Отабекни бу қизға юзма-юз (китобда: шу афифага рўбарў) қиладир. Шу дақиқадан бошлаб Отабекда (китобда: бекда) у қизға (китобда: афифага) қарши бир ишқ, ҳам чин бир ишқ туғуладир…” . Уч ўриндаги “қиз”дан иккитаси “иффатли қиз” маъносидаги “афифа”га ўзгартирилади. Муҳаббатдек ноёб ва гўзал туйғу бошда “бир нарса” тарзида жуда оддий-номсиз ифодаланган бўлса, таҳрирда унинг ўрнини “юрак жавҳари” деган жуда қимматли бир таъбир эгаллайди. Ёки тўй куни созанда-машшоқларнинг турли мусиқа асбобларини оддий “чалиш” сўзи “созлар билан дунёга жон суви сепиш” тарзидаги таъсирчан ва образли иборага ўзгаради. Шу билан бирга “Бир кечада ҳар кимнинг оғзиға “тўй” деган гап экилган” гапи билан “Бир кечада ҳамманинг тушига «тўй» кириб чиқған” гапи ўзаро тенг таъсир кучига эгадек таассурот қолдиради.

Роман ҳошиясида Ўтаббой қушбегини адиб қипчоқ бегларининг “яхши ва инсофлиларидан” бири бўлганини ёзади. Бироқ вақт ўтган сари “қонхўр” бек ва хонларга ижобий сифатлар тақашни давр кўтармайди, чамаси, ўша икки сўз китобда “тузукларидандир” шаклини олади.

Журнал ва китоб нусхаларидан олинган қуйидаги айрим мисоллар сайқалланиб бораётган бадиий матн ҳолатини тасаввур этишга ёрдам беради: мурти чиқа бошлаған – мурти сабз урган, шамол – ел, чарх ургач – айлангач, тўғри чизиқ – хатти мустақим, гўшт олиб берарман – эт олиб киргузарман, гилос дарахтлари – гилос ёғочлари, нафсингизни – ўзингизни, турмушға – ҳаётка, ёзуқсиз – гуноҳсиз, қопқа – дарбоза, қопқачи – дарбозабон, машъаладор – чароғчи, бинолар – иморатлар, сақловлари – муҳофазати, билмаслик – тағофул, тузук – маъқул ва бошқалар. Ҳар бир саҳифада юзлаб бундай арабча, форсча сўзларининг туркий муқобили билан ва аксинча ўзгаришлари адибнинг сўз устида ишлаш меҳнат-машаққатларидан дарак беради.

 

“Ўткан кунлар” китоб шаклида. Биринчи нашрлардан. Тошкент, “Туркистон” давлат нашриёти. 1926 йил.

 

8.Юмшаган кескинлик

Кузатишлар шунки кўрсатадики, журнал нусхасидаги айрим кескин вазиятга оид жумлалар китобда нисбатан юмшатилади. Қиёс учун айрим мисолларга мурожаат қиламиз. Отабек Мирзакарим қутидор уйидаги меҳмондорчиликда сафар-саёҳатларидаги кўрган-кечирганларидан сўзлайди. “Ўрисларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий” ҳолатларини баён этгач, бир ўринда айтади: Журналда: “Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кета берганида кофир қўлиға маҳкум бўлувимизни ўйлаб (Худо у кунни кўрсатмасун) бутун авқотимни қайғу билан ўтқузмоқға мажбур бўлдим”. “…Кофир қўлиға маҳкум бўлув”, вақтини “қайғу балан” ўтказмоқ – булар енгил ифодалар эмас. Китобда ўша жумланинг юмшаган таҳририй варинати келади: “Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди”. Ўша суҳбатда Зиё шоҳичи халқнинг ночор аҳволидан гапириб айтади. Журналда: “Бизнинг бу ҳолда бўлувимизнинг бош сабабчиси ўз феъли хуйимизнинг ёмонлиғидир”. Китобда: “Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хуйимиздан”. Адиб халқнинг феълига “ёмонлик”ни раво кўрмайди. Шу суҳбат бошида Отабек ўз отасининг ихтиёри ўзида эмаслигидан сўзлаб, Азизбек ҳузурида бўлиб ўтган бир ҳукм “мажлиси”ни эслайди. Эътироз билдирган ҳожини Азизбек жаллодга буюради. Азизбекнинг ўша бўйруғи қиёсига қараймиз. Журналда: “Қўлингдағини бўшат-да, ўрнига ҳожини сўй!”. Китобда: “Қўлингдағини бўшатиб, ўрнига ҳожини олиб чиқ!”. “Сўйиш”дан воз кечилиб, “олиб чиқиш”га ўтиш вазиятни юмшатиш томон ташланган бир қадамдир.

Албатта, бундай фарқлар, кескин вазиятларнинг юмшатилиши ижод психологияси билан, ёзувчининг асар устида ишлаш жараёнидаги ҳолатлари ҳамда қайта ўқиб кўриш пайтидаги кайфиятлари билан боғлиқ анча мураккаб ҳодисалар сирасига киради.

 

9. Сонлардаги ифода

Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонларини ўқувчи аниқ, теран тасаввур қилишлари учун уларнинг ташқи қиёфаси – портретини эринмай чизади. Айни дамда ҳар бир образнинг ёшига ҳам диққат қаратади. Отабекнинг йигирма тўрт ёшга киргани, Кумушбибининг “ўн еттини қўйиб ўн саккизга қадам босгани”га алоҳида урғу беради. Адиб муҳаббат ёшини таҳрир қилмайди; барча нусхаларда қатъий равишда бир маромда ушлайди. Лекин бошда “қирқ беш ёшлар” чамасида бўлган Мирзакарим қутидорни “қирқ беш-элли ёшлар”га олиб ўтади. Шунингдек, Акрам ҳожининг “эллик билан олтмиш” орасидаги ёшини ортга – “элли беш ёшлар” томон кўчиради.

Мирзакаримнинг Тошкентда қутидорлик қилиб қайтган даври журнал нусхасида “йигирма йиллаб” шаклида чамаланса, китоб нусхасида “ўн беш-йигирма йил” деб бошқа бир тахмин ёзилади.

Бундан ташқари масофани ифодалаган сонлар, дейлик, “беш-олти қадам” – “уч-тўрт”га, “уч қулоч” – “тўрт қулоч”га ўзгартиради. Шунингдек, адиб қизлар бизми – “гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси” учун “бир соат” камлик қилганини сезиб, уни “икки соат”га чўзади…

Гуноҳкор сифатида қўлга олиниб, қушбеги ва қўрбоши ҳузурига келтирилган Отабек билан Қутидорнинг сукути учун “беш-олти дақиқа”ни кўп кўриб, “уч-тўрт дақиқа” деб жимлик муддатини қисқартиради. Баъзан “ўн беш дақиқа”ни “дарҳол” сўзи билан ёки “бармоқ билан санорлиқ” бирикмасини “уч-тўрт киши” билан алмаштиради. Табиийки, буларнинг барчаси ўз ўрнига тушган таҳрирлардек таассурот қолдиради. Аммо романнинг бошланишида ҳаммага маълум меҳмондорчиликка оид бир эпизод бор. Китоб нусхасида суҳбат орасида Қутидор Отабекдан сўрайди:“Воқиъан сиз мени эслай олмассиз, – деди. – Мен Тошкандда қутидорлик қилған вақтимда сиз тахминан беш-олти ёшлиқ бола эдингиз… Гўёки, мен Тошкандда кечагина турғандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлғандекман…”. Отабекнинг эслай олмаслиги маълум бўлади. Шу жумланинг журнал нусхасини ўқиймиз:“Воқиъан сиз мани эслай олмасға ҳақлисиз. Чунки ман Тошкандда қутидорлик қилған вақтимда сиз уч-тўрт ёшлиқ бола эдингиз. Гўёки ман Тошкандда кечагина турған каби – кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлған кабиман”. Ҳар икки парчада товуш ва сўздаги фарқлар кўриниб турибди. Аммо китобда берилган “беш-олти ёш”дан кўра журнал нусхасидаги “уч-тўрт ёшлиқ” боланинг ўша ёшидаги даврини эслай олмаслиги асослироқ, ишончлироқ, тўғрироқ ва маъқулроқ кўринади.

 

10.Турғунлашган ҳаракат ва яқинлашган давр

Ўткан кунлар ўтиб бўлган, тарихга айланган воқеликдир. Бироқ адиб ўз асарининг журнал нусхасида ўша ўтмишни ҳаракат қилаётган, давом этаётган вазиятларда беради. Жуда кўп ўринларда бу ҳаракат қўшма феъл билан ифода қилинади. Махсус диққатни тортадиган сўзлардан бири шуки, “бошламоқ” ёрдамчи феъли ҳаракат ифодаловчи асосий феъл ёнида келади; ҳодиса кечимини англатади. Журналда: “Ўрислар тўғрисида аллақандоқ хаёлий ривоятлар эшитуб юрган қутидор ва Зиё шоҳичиларнинг Отабекдан ҳақиқий ҳолни билгилари келуб, Шамайда кўрган-кечирганларини сўрай бошладилар. Отабек ҳам мажлисни ортуқ қистатуб ўлтурмади-да, Шамай хотиротини сўзламакка бошлади”. Китоб нусхасида ҳар икки гапнинг кесимидан давомийликни ифодалайдиган кўмакчи феъл қисқартирилади: “сўрадилар”, “сўзлаб берди” тарзида ҳаракат кесилади ва турғунлашади. Иккинчи гап:“Отабек Шамай хотиротини сўзлаб берди”, деб ортиқча тафсилотлар ўчирилади. Шунингдек, нусхалар қиёсланганда “кута бошлади – кутиб турди, муҳокама эта бошлади ва ўлчамакка олди – муҳокама қилди ва ўлчади, хабарлар юрий бошлади– хабар чиқиб қолди, қарғай бошлади – қарғаб берди, қарай бошладилар – қарадилар, онглата бошлади – онглатмоқчи бўлди, дастурхонлар йиғила бошлади – дастурхонлар йиғилди, сўрай бошладилар – сўрадилар, кўзи етмай бошлади – кўзи етмай қолди, торта бошладилар – тортдилар” каби ўнлаб мисолларга дуч келиш мумкин.

Айнан роман тилидаги иш-ҳаракат, ҳолат феъллари, гап кесимига тегишли яна бир мулоҳаза бор. Адиб мавзуни мозийдан, аммо “яқин ўткан кунлардан” танлаган эди. Журнал нусхасида ўша яқинлик нисбатан узоқлашиб кетган кўринади. Кўп гаплар “эди” тўлиқсиз феъли билан тугалланиши воқеликни яқин эмас, балки узоқ ўтмишга тааллуқли қилиб қўйиб, эртакларнинг ривоя шаклига яқинлаштириши мумкин эди. Буни англаган адиб “мулойим тортған эди – мулойим тортди, тинчланған эди – тинчланди, ишонған эди – ишонди, бекланган эди – бекланди, тушкан эди – тушди, белгилаган эди– белгулади, мажбур бўлған эдилар – мажбур бўлдилар” тарзида “эди” тўлиқсиз феълидан воз кечади. Натижада роман ичкарисида тасвирлаб, баён қилинаётган воқеа-ҳодисалар узоқ ўтмишдан “яқин ўткан кунларга” кўчади.

Табиийки, матндаги сўзлар, изоҳ, ибора ва бошқа унсурларнинг ўзгаришлари остида муайян сабаблар бор. Таҳрирга учраган оддий бир товуш, бўғин, сўз, бирикма ва жумлалар, қайта шакллантирилган ичсарлавҳа ва диологлар филолог мутахассисда мулоҳаза уйғотади. Хусусан, адибнинг кам сўзлар билан кўп маънолар ифодалаш маҳоратини, шунингдек, “Ўткан кунлар”дек ўлмас бир роман бошидан ўткан кунларни тасаввур этишга ёрдам беради.

Тўғриси, “Ўткан кунлар” романи нусхаларидаги имловий ўзгаришларнинг қай бири адибнинг айнан ўз қаламига ва яна қайсилари котиб, муҳаррир ва мусаҳҳиҳларга тегишли эканини аниқлаш осон иш эмас. Аммо романнинг журналдаги бир парча нусхаси билан 1926 йилги китоб нусхасини таққослаш жараёнида барибир Абдулла Қодирий “фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин бермасликка” ҳаракат этганини, баъзи таҳрирларда эса давр нафасини, қайсидир даражада муҳит эрки ва эрксизлигини ҳис этиш мумкин.

Назаримда, романнинг журналда босилган ўша ўн олти фаслини алоҳида чоп этиш “Ўткан кунлар”нинг дунёга келиши ва босилишини тасаввур қилишда, айниқса, танқидий матнини тайёрлашда, адибнинг мукаммал асарлари тўпламини нашр этишда фойда беради, албатта.

 

Баҳодир КАРИМ,

19.03.2013

 


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2013 йил 12, 19 апрел сонларида босилган.


 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.