Йоҳанн Петер Эккерман. “Гёте билан гурунглар”

0
117
марта кўрилган.

Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 2016 йил. 632 бет. Олмон тилидан Янглиш Эгамова таржимаси. Сўзбоши муаллифи Акмал Саидов. Китобни 2016 йил 12 декабр куни сотиб олган эканман. Ниҳоят 2019 йил августида ўқишни бошлаб, орада танафуслар билан шу йил 6 октябр куни тугатдим.

Йоҳанн Петер Эккерман машҳур олмон шоири ва мутафаккири Йоҳанн Гётенинг шогирди, котиби, муҳаррири бўлган. Гётенинг жуда кўп китобларини таҳрирлаган, нашрга тайёрлаган. Гёте умрининг сўнгги тўққиз йилида (1823–1832) у билан суҳбатдош, маслакдош бўлган. “Гёте билан гурунглар” ана шу йилларда тутилган кундаликлар асосида ёзилган. Китобнинг учинчи қисмига Ваймар саройи маслаҳатчиси Сорэнинг ҳам баъзи эсдаликлари киритилган.

Ушбу асарда Гётенинг турмуш тарзи, ижод ва таҳрир услуби, турли масалаларга, шахсларга, хусусан таниқли давлат арбоблари ва машҳур ёзувчиларга муносабати билан яқиндан танишиш мумкин. Айниқса, ёш ижодкорлар учун фойдали жойлари кўп. Гёте бир ўринда: “Шоир ҳам кенг қамровли билим эгаси бўлишга интилиши зарур, чунки унинг материали бутун олам, ана шу оламни сўзларда ифода этишнинг уддасидан чиқмоғи керак”, дейди. Даҳо адибнинг ушбу сўзларидан шеърият шунчаки қофия тизиш санъати эмас, катта билимни талаб этадиган машаққатли йўл экани англашилади.

Китоб маҳорат билан ўзбекчалаштирилган. Тишга тегадиган ёки маъноси англамсиз жумлаларга дуч келавериб, асабингизни қийнамайсиз.

Сўзбоши қизиқарли фактларга бой. Жумладан, унда Эккерманнинг ҳаётига оид муҳим фактлар билан танишасиз. Унда ёзилишича, Эккерман Гёте таклиф этган маошни ғурури сабаб олмайди ва бутун умр моддий қийинчиликлар ичида яшайди. Ҳатто қаллиғи билан турмуш қуришга ҳам имкон тополмай, бир неча йиллар тўйни орқага суришга мажбур бўлади. Бир инглиз журнали Эккерманга олмон адабиёти ҳақида туркум мақолалар ёзиш бўйича буюртма беради ва яхшигина қаламҳақи ваъда қилади. Бироқ бу ишга Гёте кўнмайди, ундан кўра “Гурунг”лар билан шуғулланишни маслаҳат беради. “Гурунглар” Эккерманга деярли моддий даромад бермайди. Гёте васиятига кўра, унинг ўлимидан сўнг босилиб чиққан китоб кутилганидек довруқ қозонмайди. Вақти келиб, Эккерман оламдан ўтгандан сўнггина кўпмингсонли ўқувчисини топади.

Асарда Гётенинг ижодий устахонасига ҳам назар ташлайсиз. Унинг ўзига хос одатлари, ишлаш тартибини ўрганасиз. У бир ўринда ҳамкасби, машҳур олмон адиби Фридрих Шиллер ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашар экан, ёзувчининг бир одати ҳақида ажойиб фактни келтиради. Шиллер ёзмоқчи бўлган асарлари ҳақида ҳар кимга гапираверар экан, сўнгги йилларда ёзган пьесаларини Гётега саҳнама-саҳна айтиб берган экан. Гёте эса бошқача: “Бундай ҳолат, аксинча, менинг табиатимга хос эмас, ўз поэтик режаларим ҳақида ҳеч кимга, ҳатто Шиллерга ҳам оғиз очмасдим. Миқ этмай, уларни ичимда асрардим, одатда, асаримни ёзиб бўлгунимча ҳеч ким ҳеч нарса билмасди”.

Гёте Шиллер билан бирга бир нечта драмалар ёзиб, уни ўзи раҳбарлик қилган театрда саҳналаштирган экан. Китобда бу каби мен учун янгилик бўлган маълумотлар талайгина.

Хуллас, ижодий маҳорат сирлари ва машҳур адиблар шахсиятига қизиқадиганларга тавсия қиламан.

 

Ориф Толиб

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.