Юртга муҳаббат рамзи

0
2503
марта кўрилган.

2016 йил 15 феврал куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган ва “Akademnashr” нашриётида чоп этилган, ёш ижодкорларнинг Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари ифодаланган публицистик мақолаларидан иборат “Сени яхши кўрамиз, Ўзбекистон!” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган маросимда таниқли шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

– Адабиётга публицистика, хусусан, бадиий публицистика орқали кириб келган машҳур шоир ва адиблар жуда кўп, – деди маросимни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Бунинг фойдали жиҳатлари шундаки, ижодкор бирор газета ёки журналга мақола тайёрлаш учун ҳамиша халқ билан, омма билан, жамият билан ҳамнафас бўлади. Уларнинг қувончу ташвишларига шериклик асносида гўзал публицистик асарлар дунёга келади. Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида мен навқирон ижодкорларимизнинг мана шундай руҳда қалам тебратганликларининг гувоҳи бўлдим. Ҳар бир мақола ва очеркда муаллифларнинг ўз айтар сўзи борлигини ҳис қилдим.

Таниқли адабиётшунос олим Сувон Мели мазкур тўплам китобхонликка, адабиётга юксак эътибор қаратилаётган айни кунларда ўқувчилар учун катта туҳфа бўлганини таъкидлади.

– Ушбу китоб муаллифлари тимсолида адабиётимизнинг эртасини кўраман, – деди у ёшларга самимий тилакларини билдирар экан. – Бироқ бу сўзимни ёшларимиз асло мақтов ёки шунчаки лутф ўрнида қабул қилмасликларини сўрардим. Чунки худо берган истеъдодни ўқиш-изланиш, мутолаа билан чархлаб бормас экан, қўлида қалами бор одам бир жойда дебсиниб қолиши ҳеч гап эмас. Умид қиламанки, улар ижоддан ҳам, билим олишдан ҳам асло тўхтаб қолишмайди.

“Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ, бадиий асарнинг ўқишлилиги унинг жанрига эмас, қандай ёзилганига боғлиқ эканини таъкидлади.

– Биз шеърни яхши кўрамиз, у ҳис-туйғуларимизга кўпроқ таъсир этади, деб ўйлаймиз. Насрда битилган асарларни севиб мутолаа қиламиз, уларда ҳам кўнгил торларини чертадиган жиҳатлар кўп бўлади. Лекин негадир, публицистик асарларни бу хусусиятлардан йироқ деб ҳисоблайдиган ўқувчилар ҳам йўқ эмас. Ишончим комилки, муаллифнинг юрак уриши сезилиб турган бадиий публицистик мақолаларнинг на шеърий, на адабий-насрий асарлардан қолишадиган жойи йўқ. Шу маънода Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан нашр этилган ушбу китоб албатта ўқучиларини топади, деб ўйлайман.

Тадбирда тенгдошларимиз ҳам ўз фикр-мулоҳаларини билдирди.

 

 

Элмурод Нишонов

 

Суратларни Рустам Назармат олган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.